Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Покиза нафс ҳам неъматдир”, деганлар.
“Покиза нафс” – хотиржам, сокин нафс, Аллоҳ берган ризққа рози бўлган нафсдир. Нафсингиз шундай бўлса, қалбингиз кундузи ёруғ, тунда хотиржам бўлади.
Дунё топишда (ака-укалар, дўстлар ва қўшнилар билан) кимўзарга мусобақа қилиш эса инсонни хотиржам нафсдан мосуво қиладиган энг асосий сабаблардандир. Бу тарзда кимўзарга мусобақа қилиш шахсларни, оилаларни ва энг ачинарлиси, бутун жамиятни таназзулга етаклайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларининг айнан мана шу иллатга дучор бўлишидан хавотир олганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқмайман. Лекин сизлардан аввалгиларга мол-дунёда кенгчилик берилганидек, сизларга ҳам кенгчилик берилиб, улар (мол-дунё тўплашда) мусобақалашганидек сизлар ҳам мусобақалашиб, кейин улар ҳалок бўлганидек ҳалок бўлишингиздан қўрқаман” (Имом Бухорий, имом Муслим ривоят қилган).
Мол-дунё топишда бировлар билан кимўзар ўйнаш – айни шахсий, ижтимоий, иқтисодий, таълимий ва оилавий таназзулдир. Мол-дунё топишда мусобақа қилиш дунёда ҳам, охиратда ҳам пушаймонликка сабаб бўлади.
Бир қиз айтади:
«Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимда дарсларда жуда илғор эдим. Лекин Аллоҳ таолонинг тақдири экан, битирув имтиҳонларида яхши баҳолар олиш насиб қилмади. Барча дугоналарим тиббиёт ёки фармацевтика соҳаларига ўқишга киришди, мен эса педагогика йўналишида ўқишга кирдим. Олдинига бундан жуда тушкунликка тушиб қолдим, лекин кейинчалик ўзимни ўнглаб, кўникиб ҳам қолдим. Фақат ўқишимни ўйлаб, бошқа нарсаларга чалғимасликка қарор қилдим. Фармацевтика ва тиббиёт олий ўқув юртларидаги дугоналарим билан одатдагидек салом-алигимиз бор эди, уларга нисбатан қалбимда ҳеч қандай ғашлик йўқ эди. Лекин онам имтиҳонда олган балларим пастлигини, дугоналарим кирган нуфузли ўқишларга кира олмаганимни юзимга солавердилар, «Ана, ҳамма дугоналаринг тиббиёт, фармацевтика университетларига киришди. Битта сен омадсиз бўлиб, улардан қолиб кетдинг!» дер эдилар. Онамдан бу каби пичинг сўзларни жуда кўп эшитдим. Натижада юқори балл билан тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ўқиётган дугоналаримга нисбатан муносабатим ўзгара бошлади. Ҳар гал онам мен билан уларни таққослаганида, уларни баттар ёмон кўриб боравердим. Охирида эса қалбим уларга нисбатан ҳасад билан тўлди. Вазият шу даражага етиб бордики, «Қанийди улар ўлса-ю, мен қутулсам, ёки бошларига кулфат ёғилса, касал бўлиб қолишса ёки бирор ҳодиса юз берса-ю, ўқишдан қолиб кетишса, ёки ўқиётган ўқишларидан йиқилиб, мен каби паст даражадаги ўқишларда ўқишса», дейдиган бўлиб қолдим... Буларнинг барчаси онам ўзи билмаган ҳолда айтган заҳарли сўзларнинг оқибати эди. Бугунги кунга келиб қарасам, бояги дугоналарим у ёқда турсин, умуман барча тиббиёт ходимларию фармацевтларни ўлгудай ёмон кўриб қолибман».
Бошқа бир қиз айтади:
«Аллоҳга минг шукр, жуда қобилиятли қизман. Лекин илғорлигимдан ҳеч ҳам хурсанд эмасман. Бошқалардан устунлигимдан камдан-кам севинаман, чунки ўқиш бўйича дугоналарим билан кимўзарга ўйнайман. Бирортасининг мендан ҳатто ярим даража ҳам устун келишини хоҳламайман. Мен 99 балл йиққан бўлсам-у, кимникидир 100 балл бўлиб қолса, ич-ичимдан ёниб кетаман. Мендан салгина олдинда кимдир борлигини билсам, ўзимнинг натижамдан ҳечам қониқмайман.
Буни қарангки, Аллоҳ бизга покиза қалбли бир муаллимани насиб қилди. У қизларнинг қалбини ўқий оладиган, қаноатда, хотиржамликда зарбулмасал бўла оладиган аёл эди. Нурли юзи, оҳиста ҳаракатлари, жозибадор сўзлари буни яққол ифодалаб турарди. Доимо таъкидлайдиган сўзларидан бири шундай эди: «Ҳаётдаги бахтимнинг сири шуки, мен ҳеч қачон биров билан мол-дунё борасида мусобақалашмайман. Ҳар кимнинг Аллоҳ белгилаб берган насибаси бор, ҳеч ким ҳеч қачон бировнинг ризқини еб кета олмайди. Қачон имтиҳон топширсам, мендан яхши натижага эришганларга барака, омад тилайман. Мендан паст даражадагиларнинг ҳаққига эса Аллоҳдан ғамларини аритишини сўраб дуо қиламан».
Бир куни ана шу муаллима биз билан дўстона суҳбатлашиб, қизлар ўртасида қандай рақобатлар борлигини айтиб берди: «Чирой, бойлик, илғорлик ва бундан ташқари, бир қанча нарсалар борасида рақобатлар бор. Аммо айтиб қўяй, кимки мана шу рақобатларнинг бирортасига киришса, албатта ютқазади. Чунки бу рақобат инсонни ич-ичидан емириб, қалбига қайғу тўлдиради, ҳаётида қандай муваффақиятга эришишидан қатъи назар, қалбида туядиган ҳар қандай ҳаловатдан маҳрум этади. Бундай нарсалар борасида рақобат қилмайдиган қиз эса ҳаммадан бахтли, чунки у Аллоҳ берган мол-дунёга қаноат қилиб яшайди. Ҳар қанча кичик бўлмасин, ҳаётида бажарган ҳар бир яхши ишидан кўнгли тўлиб, хурсанд бўлаверади, чунки инсоннинг бахти чирой, мол-дунё ва ҳар доим биринчи бўлишда эмас, балки розиликда, рақобатни бас қилишдадир».
Муаллима мана шу рақобат иллатининг давоси ҳақида ҳам сўзлаб берди: «Аллоҳ сизга насиб қилган неъматни сиздан ҳеч ким тортиб ола олмайди. Шунга ишончингиз комил бўлсин. Ҳамманинг Аллоҳ ёзиб қўйган ризқи бор. Масалан, дугонангиз билан пешқадамликда рақобатлашаётган бўлсангиз, бугундан бошлаб буни бас қилинг. Аксинча, ўқишига ривож тилаб, саждаларингизда унинг ҳаққига дуолар қилинг. Бундан сиз дугонангиз топадиган манфаатдан кўра кўпроқ фойда кўрасиз, чунки дугонангизнинг ҳаққига дуо қилар экансиз, Аллоҳ тайинлаб қўйган бир фаришта сизнинг ҳаққингизга: «Сенга ҳам шундай бўлсин, бундан ҳам зиёда бўлсин», деб дуо қилиб туради. Фариштанинг дуоси эса мақбулдир, иншааллоҳ!
Тўғри, бошида ўзингиз рақобатлашаётган қизнинг ҳаққига дуо қилиш жуда қийин бўлади, нафсга оғир ботади. Ана шу пайтда тўғри йўлда эканингизни унутманг! Шайтон нима қилиб бўлса ҳам, сизни бу ишдан тўхтатиш учун чиранади, чунки у мана шу йўл билан сизларни юзкўрмас қилиб юборишни истайди. Аслида шайтоннинг мақсади ҳам айнан одамлар орасида адоват уруғини экиш-да! Агар у мақсадига эришса, бузғунчилик, тортишув, ёлғон, хиёнат ва Аллоҳ асрасин, охири бориб, қотилликлар ҳам юзага келади. Ўзингиз рақобатлашаётган қизнинг ҳаққига дуо қилишда давом этаверсангиз, аста-секин қалбингизга сокинлик, ҳаловат кираётганини сезасиз. Кундан-кунга қалбингиз хотиржамлашиб, дугонангизга нисбатан адоватингиз сўниб боради. Бунинг ўрнига эса унинг муваффақиятидан хурсанд бўла бошлайсиз. Буларнинг барчаси унинг ҳаққига дуо қилганингиз шарофати билан бўлади».
Шундан кейин муаллимамиз айтган ўгитларни неча йиллардан бери рақобатлашиб келаётган дугоналаримга нисбатан қўллаб кўра бошладим. Ҳақиқатдан ҳам, бошида уларнинг ҳаққига дуо қилиш жуда қийин бўлди. Лекин сабр билан, Аллоҳдан бу муҳим вазифамни бажаришда ёрдам сўраб, дуолар қилдим. Дугоналарим ҳаққига намозларимда дуо қилардим. Кунлар ўтган сайин қалбимга ўрнашиб қолган ҳасад, дугоналаримга нисбатан нафрат, адоват аста-секин йўқола бошлади. Бориб-бориб, улар билан энг яқин дугоналарга айландик. Ўша кунларда мактабимизнинг пешқадами бўлган, олдинлари менинг энг ашаддий рақибларимдан бири бўлган қизнинг отаси вафот этиб қолди. Қизнинг руҳий ҳолати ёмонлашиб, ўқишлари ҳам орқага кета бошлади. Шунда мен унинг аввалги ҳолатга қайтишида кўмаклашишга аҳд қилдим. Ўқув йилининг қолган ойларида унинг ёнида турдим. Дугонам ҳайрон эди, чунки унинг ўзи ҳам мени ўзига рақиб деб ҳисобларди. Имтиҳон натижалари эълон қилинадиган куни ҳеч ким кутмаган ҳолат юз берди. Мен ёрдам берган қиз тиббиёт олий ўқув юртига кириш учун етарли балл йиғиб, ҳаммадан юқори натижани қўлга киритибди, мен эса ундан пастроқ балл тўплаб, иқтисодиёт институтига ўқишга кирдим. Лекин мен бу сафар мутлақо қайғурмадим, куйинмадим, қалбимда заррача адоват ҳис этмадим, чунки мен унга Аллоҳ розилиги учун ёрдам қўлини чўзган эдим. У ҳам менга қайта-қайта ҳамдардлик билдириб, «Менинг муваффақиятимга сен ҳам шериксан!» деди.
Йиллар ўтган сари Аллоҳ қалбимни розилик ва қаноат билан тўйинтирди. Олий ўқув юртини катта натижалар билан тамомладим. Энг илғор битирувчилардан бири бўлганим учун шу ерда ассистент этиб тайинландим. Кейин магистратурани ҳам тамомладим. Энг муҳими, шунча йиллар давомида ўзим рақобатлашадиган қизлар билан чиройли алоқани сақлаб қолдим. Хайрли томони шуки, мен уларнинг ҳаққига дуо қилишни ҳали ҳам канда қилмаяпман».
Кўп йиллик тажрибаларимдан шунга амин бўлдимки, илғор талаба қизлар дарсларда ўзидан қуйироқ мавқедаги қизларга нисбатан кўпроқ қийинчиликка учрар экан. Пастроқ баҳога ўқийдиган қизларда руҳан тушкунлик ҳисси бўлганидек, пешқадам қизларда ҳам ўзига яраша салбий руҳий кечинмалар бўларкан. У ҳам бўлса, рақобат, кибр, адоват ва шунга ўхшаш иллатлар экан.
Агар опа-синглингиз ёки дугонангиз билан рақобатлашиб, унга ҳасад қилаётганингизни ҳис этсангиз, билингки, яқинда уни ёмон кўриб қоласиз. Ҳозирча сизда у билан алоқани тиклаб, мустаҳкамлаш учун бир қанча йўллар бор: саждаларингизда унинг ҳаққига дуо қилинг. Дуоларингизда айнан сиз унда кўришни истамаган яхшиликлар унга берилишини Аллоҳдан чин дилдан сўранг. Тўғри, бу анчагина қийин бўлади. Лекин бунинг сўнгида албатта қалб хотиржамлигига эришасиз. Яна унга совғалар бериб, юзига табассум билан боқиш, имкон борича унга ёрдамлашиш, янги нарса сотиб олганида ёки қандайдир муваффақиятга эришганида табриклаб, унга барака тилашнинг гўзал самараси бор… Ёдингизда тутинг, буларнинг барчасини ўзингиз учун, қалбингиз ором олиб, ҳаётингиз хайр-баракага тўлиши учунгина қиласиз.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.
Зайниддин домла Эшонқулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати