Халқаро анжуманда иштирок этган турли мамлакатлар муфтийлари, таниқли уламолар, исломшунос тадқиқотчи ва диний соҳа вакиллари нуфузли тадбирдан сўнг Хива шаҳридаги муборак қадамжоларни зиёрат қилдилар.
Мартабали меҳмонлар Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуасида жойлашган Муҳаммад Раҳимхон, Шерғозихон, Муҳаммад Амин Иноқ мадрасалари, Саййид Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи ҳамда Жума масжиди сингари табаррук масканлар билан яқиндан танишиб, мутахассислардан улар тўғрисида атрофлича маълумот олишди.
Дунё уламолари Ўзбекистон замини қадим маданият, буюк цивилизация ва улуғ мутафаккирлар юрти эканига бевосита гувоҳ бўлдилар.
Мажмуада Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, азиз авлиёларнинг руҳи покларига бағишланди. Шу билан бирга, фазилатли уламолар юртимиз ва бутун дунёда тинчлик ва фаровонлик ҳукм суриши, динимиз ривожи ва Ислом олами халқлари тинчлик ва эзгулик йўлида доимо ҳамкор бўлишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун, 27 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар.
Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, оилавий масалалар, диний таълим, китоб тақдимоти ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолияти, диний таълимга оид мурожаатлар кўриб чиқиш учун идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати