Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Дин душманлари фақат ўзларига зулм қилурлар

18.10.2024   4783   4 min.
Дин душманлари фақат ўзларига зулм қилурлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Тобеинларнинг улуғи, тафсир илми имоми Саид ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳни золим Ҳажжожнинг олдига олиб кирдилар.

– Исминг нима?

– Саид ибн Жубайр.

– Йўқ, сен Шақий ибн Кусайрсан

– Эй Ҳажжож исмимни онам сендан кўра яхши билади.

– Муҳаммад ҳақида нима дейсан?

– Одам боласининг саййиди, Аллоҳ таолонинг танлаб олган пайғамбари, аввал ўтган ва кейин келадиган башариятнинг энг афзали. Рисолатни етказдилар ва омонатни адо этдилар. Аллоҳ ва Унинг Китобига, мусулмонларнинг барчасига холис бўлдилар.

– Уммавий халифаларнинг қайси бири сенингча энг қудратли?

– Яратганни рози қилувчироғи.

– Қайси бири Холиқни рози қилувчироқ экан?

– Бунинг илми ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботинини билувчи Зотга аёндир.

– Мен ҳақимда фикринг қандай?

– Сен ўз нафсингни ўзинг яхшироқ биласан.

– Мен сенинг фикрингни билмоқчиман.

– Менинг фикрим сени хурсанд қилмайди, хафа қилади

– Эшитаман, қулоғим сенда.

– Сен Аллоҳнинг Китобига хилоф амаллар қилишингни биламан. Ҳайбатли бўлишни истаб баъзи ишларни қиласан, холбуки, у сени ҳалокатга олиб боради ва сени дўзахга итариб юборади.

– Ҳалок бўламанми, дўзахга итариб юборишадими...? Аллоҳга қасамки, сени албатта қатл этаман.

– Агар мени қатл эттирсанг, дунёйимни барбод қиласан, мен эса сенинг охиратингни барбод қиламан.

– Сени қандай қатл эттиришимни истайсан, ўзинг танла!?

– Аллоҳга қасамки, сен мени қандай қатл қилсанг, охиратда Аллоҳ таоло сени ҳам худди шундай қатл қилади Буни ўзинг танла, эй Ҳажжож.

– Сени афв этишимни истайсанми?

– Афв этиш Аллоҳ таоло тарафидан бўлади, сенинг афвингнинг эътибори йўқ.

– Эй Жаллод, қилични келтир!

– Куляпсанми? Нима учун табассум қилаяпсан?

– Аллоҳ таолога қилаётган журъатингни ва Аллоҳнинг сенга ҳалимлигини кўриб ажабланяпман.

– Жаллод, уни қатл эт!

– “Мен Ҳақ йўлга мойил ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим ҳамда мен мушриклардан эмасман” (Анъом сураси, 79-оят).

– Юзини қибладан бошқа жойга буриб қўйинглар!

– “Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг «юзи» бордир. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи Зотдир” (Бақара сураси, 115-оят).

– Юзини ерга қаратинг!

– “Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз” (Тоҳа сураси, 55-оят).

– Аллоҳнинг душманини қатл қилинглар, Қуръон оятлари тилининг учида турадиган бундан кўра кучлироқ кишини кўрмаганман.

– Аллоҳим, мендан сўнг Ҳажжожга бирорта одамни қатл қилишига имкон берма.

– Уни қатл этинглар ва мени ҳузуримдан йўқотинглар!

Саид ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳнинг ўлимидан сўнг ўн беш кун ўтиб, Ҳажжож қаттиқ бемор бўлди. Унинг касали кундан-кун зўрайди. Озгина ухлар ва бирдан қаттиқ чўчиб уйғонар ва: “Саид ибн Жубайр ёқамдан тортяпти. Уни мендан даф қилинглар” деб бақирар эди.

Аллоҳ таоло Саид ибн Жубайрнинг дуосини қабул этди. Минглаб одамларни қатл эттирган Золим Ҳажжож Саид ибн Жубайрнинг ўлимидан кейин бошқа ҳеч кимни ўлимга ҳукм қилмади.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Табиатни асрашда мусулмоннинг 6 вазифаси

27.11.2024   456   1 min.
Табиатни асрашда мусулмоннинг 6 вазифаси

1. Ерни ифлос қилманг

“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилманг!” (Аъроф сураси, 56-оят).

 

2. Аллоҳ покликни яхши кўради

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ покизадир – покизаликни севади”.

 

3. Ахлат ташламанг!

Набий алайҳиссалом: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар.

 

4. Аллоҳ кечириб юборади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда юриб кетаётиб тиканли бир шохни кўриб, уни олиб ташлади. Шунда Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди”, дедилар.

 

5. Бу ҳам – садақа

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашингиз ҳам – садақадир”, деганлар.

 

6. Қанча мева бўлса шунча савоб

Набий алайҳиссалом: “Ким бир ўсимлик экса ва мева берса, Аллоҳ таоло унинг меваси ададича (савоб) беради”, дедилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар