Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло Жума сурасида бундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир» (9-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуёш чиққан кунннинг энг яхшиси жума кунидир, чунки у кунда Одам алайҳиссалом яратилган, у кунда жаннатга киритилган ва у кунда жаннатдан чиқарилган ва қиёмат ҳам жума куни бўлади”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Жума кунида бир вақт борки, бирор мусулмон намоз ўқиб турган ҳолда ўшанга тўғри келиб қолиб, Аллоҳдан яхшилик сўраса, унга буни албатта беради”, деганлар.
Жума кунининг бир қанча одоблари бўлиб, уларга ҳар бир мўмин банда амал қилмоғи лозим:
1. Ғусл қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким жума куни таҳорат олса, қандаям яхши. Аммо кимки ғусл қилса, янада афзалдир!”.
2. Мисвок ишлатиш, сочни ёғлаб парваришлаш, хушбўйлик сепиш.
3. Энг яхши ва тоза либосларни кийиш.
4. Масжидга шошилмай, зикр айтиб юриб бориш.
5. Одамлар орасидан ҳатлаб ўтмаслик.
6. Каҳф сураси ўқиш.
7. Дуолар қабул бўладиган вақтни ғанимат билиш. Уламолар ушбу вақт ҳақида 2 хил фикр билдиришган.
Биринчиси – қуёш ботишидан олдинги охирги соатдир;
Иккинчиси – бу соат имом хутба айтиши билан жума намози тугагунга қадар бўлган вақт орасидадир.
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бомдод намози киргач то қуёш чиққунча Қуръон тиловати, зикрлар, илм ёки бошқа хайри ишлар билан шуғулланиш ўрнига дунёвий гап-сўзлар билан вақт ўтказиш макруҳи танзиҳийдир. Чунки бу вақтда қилинган зикрлар учун жуда катта савоблар ваъда қилинган, мўмин бандага бундай имкониятни бой бериш тўғри келмайди.
Илм билан шуғулланиш, солиҳларнинг ҳикоясини ўқиш ёки тинглаш, меҳмон билан ёки ҳожати бор одам билан гаплашиш хайрли иш ҳисобланади, шунинг учун булар макруҳ эмас, аксинча мустаҳаб бўлади.
Албатта, ҳожат ёки зарурат бўлгани учун дунёвий гаплар сўзлашнинг ҳеч қандай зиёни йўқ.
Проф. Др. Салоҳ Абул Ҳожнинг «Тил сайқали» китобидан