Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қуйидагиларни гапириб берган экан:
“Аллоҳнинг бандаларидан бир банда: “Йаа Робби лакал ҳамду кама ямбағий лижалали важҳика ва азийми султоника”, деб (савоб ва гуноҳларни ёзиб борадиган) икки фариштани қийин аҳволга солиб қўйган. У иккиси қандай (яъни, нима деб) ёзишни билмай, осмонга кўтарилдиларда Аллоҳ таолога: “Робимиз, бир банданг биз нима деб ёзишни билмайдиган бир гап айтди”, дейишди. Аллоҳ азза ва жалла бандаси нима деганини билиб турсада, “Бандам нима деди?” дея сўради. Улар: “Эй Парвардигор банданг “Йаа Роббий лакал ҳамду кама ямбағий лижалали важҳика ва азийми султоника деди”, дейишди. Шунда Аллоҳ икки фариштага: “Айтганидек ҳолда ёзинглар. Менга рўбарў келганида уни мукофотини Ўзим бераман”, деди (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
У сўзларнинг маъноси: “Эй Роббим, Сенга Ўзингни буюклигинг ва салтанатингни улуғлигига яраша ва муносиб ҳамд бўлсин”.
Ҳақиқатда инсон қўлига тасбеҳ олиб, минглаб ҳамд айтганида ҳам Аллоҳ таоло берган биттагина неъматининг шукрини ҳам адо этолмайди. Ҳолбуки, бизга берилган неъматларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Қолаверса, ҳамд айтишнинг ўзи ҳам бир неъмат. Битта ҳамд айта олган киши мана шу бахтга муяссар қилган Зот Аллоҳ таолога яна шукр қилиши керак. Чунки, Аллоҳ таолонинг ризқини еб, Уни таниёлмай даҳрий бўлиб юрганлар қанча?! Шунинг учун ҳадиси шарифда келган сўзларни айтса, энг олий даражадаги ҳамдни айтган бўлади. Сабаби, унинг маъноси чексиз ҳамду сано бўлсин демакдир. Натижада ҳатто фаришта ҳам ҳавас қиладиган мукофотга эришади.
Аллоҳ таоло барчамизни шундай мақомларга муносиб бандаларидан қилсин. Омийн.
Баҳодир Баҳромжон ўғли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Азон дуосини ҳар ким ўзи қиладими ёки имом ё муаззин ўқиса, бошқалар омин деб турадими? Чунки бу ҳолат турли жойларда турлича экан.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Азонга жавоб бериш, дуоларини қилиш шариатимизда жорий этилган ва ҳар бир шахс айтиши керак бўлган зикр ҳисобланади. Ҳожатхонага кириш ва чиқишдаги, тонгги ва кечки дуолар ҳам шу туркумдаги зикрга киради. Яъни ҳар бир шахс алоҳида қилиши афзал саналади. Шу боис ҳам айрим фуқаҳолар азон тугагач, унинг дуосини муаззин ҳам, эшитувчи ҳам ўқийди, деганлар. Шуни унутмаслик лозимки, бу ишнинг асоси фарз ёки суннат амалга эмас, балки афзалликка бориб тақалади.
Агар қавмдан кўпчилик азон дуосини билмаса, имом ёки муаззин бир муддат таълим учун баланд овозда ўқиб туришида гуноҳ йўқ, лекин доимий равишда баланд овозда бир киши ўқиб беришни одат қилиб олмаслик тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Азон дуоси: Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит тааммати вас-солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазилата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ