Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Август, 2025   |   11 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:50
Қуёш
05:22
Пешин
12:34
Аср
17:29
Шом
19:39
Хуфтон
21:04
Bismillah
05 Август, 2025, 11 Сафар, 1447

Раҳмат, мағфират ва дўзахдан омон бўлиш ойи

20.03.2024   525   3 min.
Раҳмат, мағфират ва дўзахдан омон бўлиш ойи

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойи­ни барчамиз тинчлик-хотиржамликда ўтказиб келаётирмиз.

“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламолар шундай маъно берганлар: “ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳдан нур) маъноларини англатади. Ушбу фикрни Имом Термизий ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.

Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.

Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.

Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажр­ларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.

Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.

Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда имон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17).

Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан) (Ҳижр, 42).

Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти учун зарур бўлган таом ва сув ҳамда шаҳват – кураш майдонларидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч-қувват бор. Агар инсон у майл қаршисида собит тура олса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эришади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

«Ишораи саббоба» қандай амал?

04.08.2025   3953   3 min.
«Ишораи саббоба» қандай амал?

Ҳанафий мазҳабимизда «ишораи саббоба» суннат амал хисобланади. У тўғрисида бир неча ҳадису шарифлар ворид бўлиб, қуйидаги манбаларда у тўғрисида ва қандай қилиниши борасида тўхталиб ўтилган. Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддийн Косоний “Бадои’ус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур ри'оя”, “Эъло’ус сунан” каби мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган.  Бу ҳақида Алий Қорий иккита “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” ва “Ат-тадҳийну лит тазаййун”, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Талҳисул ҳобир”, Ибн Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли бир қатор рисолаларда ҳам ёзиб ўтганлар.

Имом Термизий Абу Ҳумайддан ривоят қиладилар: “Ўнг кафтларини ўнг тиззаларига, чап кафтларини чап тиззаларини устига қўйиб бармоқлари билан ишора қилар эдилар”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб кўрсаткич бармоқларини кўтариб ишора  қилардилар. Чап қўллари тиззаларини устида турар эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеъинлар амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар. Аҳмад Нофиъдан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо намозда ташаҳҳудга ўлтирсалар икки қўлларини икки тиззаларига қўйиб бармоқлари билан ишора қилиб, ишора қилган бармоқларига қараб турар эдилар, сўнг Расулуллоҳ саллалоҳуалайҳи васаллам: “Бармоқ билан ишора қилиш шайтонга темирдан ҳам шиддатлироқ”, дердилар.

Алий Қорий “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” китобларида ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, “Бармоқ билан ишора қилиш урушда темир қуролни ишлатишдан ҳам қийинроқдир, гўё тавҳидга ишора қилиш билан шайтон мўмин бандани адаштириши, ширкка олиб боришдан бўлган  умидини кесади”.

Имом Суютий “Жомеъул кабир” китобларида Уқба ибн Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.

Ибн Обидийн “Рафъул тараддуд” номли китобларидаги «ишораи саббоба» ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.

«Ишораи саббоба» қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеъинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳамммад, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар «ишораи саббоба» суннат эканлигига иттифоқ қилишган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «ишораи саббоба»ни ташаҳҳудга ўтирганда, дуони ўқиб “Ашҳаду анна...” деганда намозхон ўнг қўлни кўрсатгич бармоғини кўтаради, “иллаллоҳ” деганда туширади. Ташаҳҳуд дуосини аввалидан қўлни қимирлатиб туриш дуруст эмас. Шуни такидлаш лозимки, «ишораи саббоба» ривоятларидан бехабар бўлиб, бу амални қилмаган намозхонни асло маломат қилинмайди.

Наманган шаҳар "Мулла Бозор Охунд" жоме масжиди

имом ноиби Анвархон Акрамов

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА