Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Декабр, 2024   |   27 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
28 Декабр, 2024, 27 Жумадул сони, 1446
Мақолалар

Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз

12.12.2024   2191   6 min.
Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Фотиҳа сурасининг 5-оятида мўмин бандаларига: "Биз (фақат) Сенгагина ибодат қиламизва Сендангина ёрдам сўраймиз!" деб дуо қилишни ўргатган.

Аввалги оятларда Аллоҳнинг сифатлари келтирилгач, энди ўша Зот ибодат қилиниш ва ёрдам сўралишга энг муносиб экани тилга олинмоқда.

Аллоҳ таоло бандалар ожиз ва заиф эканларини унутмасликлари учун намозга турганларида ушбу оятларни такрор-такрор ўқишни амр қилган. Қачонки бандалар заифликларини эътироф этиб, хушуъ билан Аллоҳга ибодат ва дуо қилсалар, Аллоҳ уларнинг илтижо ва ибодатларини қабул этади.

Оятнинг маъноси қуйидагича: Роббимиз, Сен ҳамду санога энг муносиб, бутун оламлар Парвардигори, Раҳмон, Роҳийм Зот ва ҳисоб кунининг Подшоҳи экансан, бас, биз фақат Сенгагина ибодат қиламиз! Сендан бошқа кимга ҳам ибодат қиламиз? Сендангина яхшилик ва мадад сўраймиз! Сендан бошқа кимга ҳам суянамиз? Биз Сенинг раҳматингдан умидвормиз. Сендан ўзгасига ибодат қилишдан сақланамиз, ҳожатларимизни ёлғиз Сенгагина ошкор қиламиз, ибодатларимизни ихлос билан тўлиқ адо этишда мададингга муҳтожмиз!

 Оятда “Сенгагина” ва “Сендангина” сўзларининг икки марта такрорланиши банда ибодатни фақат Аллоҳга қилиши, ёрдамни фақат Аллоҳдангина сўраши кераклигига далолат қилади.

Ушбу маъно Қуръони каримнинг бошқа ўрнида қуйидагича ифодаланади: “(Эй Муҳаммад,) бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига таваккул қилинг – суянинг! Роббингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмас” (Ҳуд, 123).

Бу ердаги “ибодат”дан [1] мурод тўғри эътиқод билан, ниятни холис қилиб Аллоҳ яхши кўрадиган, рози бўладиган солиҳ амалларни бажаришдир. Аслида “ибодат” сўзи “ўзини жуда паст олиб, Аллоҳга бандаликни изҳор қилиш” маъносини англатади. Булар “ибодат”нинг луғавий маъноси бўлиб, кенгроқ қаралса, “ибодат” кўп қиррали тушунчадир. Банда ҳаёти давомида Аллоҳ таоло буюрганидек, У Зот рози бўладиган тарзда, шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда ҳаёт кечирса, ана ўша ҳақиқий ибодат бўлади.

“Биз Сенгагина ибодат қиламиз” дегани “Сенинг айтганингни бажарамиз, Сенинг ҳукмингга бўйсунамиз, Сенга исён қилмаймиз” маъноларини англатади. Банда, Аллоҳ фарз қилгани учун намоз ўқигани каби ҳалол тарзда ризқ талаб қилиш ҳам фарз эканини англаб, покиза ва ҳалол йўллар орқали тирикчилик олиб борса, Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Демак, улуғ ибодатлар ҳисобланмиш намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа амалларни фақат Аллоҳ розилигини ният қилиб адо этишидан ташқари, бошқа барча соҳадаги ишларини Аллоҳ амр қилганидек тасарруф қилишга, Ислом аҳкомлари асосида ҳаёт кечиришга интилиш лозим. Ана ўшанда умрнинг ҳар бир лаҳзаси ибодатга айланади.

Ибодатнинг асл моҳияти Зориёт сурасида Аллоҳ томонидан қуйидагича баён қилинган: “Мен жин ва инс(он)ни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт, 56).

Оятда жин ва инсон тоифасининг яратишдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ таолога ибодат қилишлари экани айтилмоқда. Агар “ибодат”ни фақат намоз, рўза, закот ва ҳаж каби улуғ ибодатлар деб тушунадиган бўлсак, жин ва инсонлар умрларининг ҳар бир дақиқасини сажда қилиб ёки ҳар бир кунларини рўза тутиб ўтказишлари лозим бўлар эди. Аслида, Аллоҳ жин ва инсонларни фақат Ўзигагина бўйсунишга, амрига қулоқ тутиб, қайтарганларидан қайтишга буюрган.

Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш, уларни ўз жойига сарфлаш ҳам ибодатнинг асосий қисмларидан биридир. Парвардигоримиз айтади: “Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар ва агар (чиндан) Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар У Зотга шукр қилингиз!” (Бақара, 172).

“Истиъонат” манфаатга эришиш ва зарарни даф қилиш учун қалбнинг Аллоҳ таолога қаттиқ боғланиши, банда ўзини ожиз санаган ҳолда У Зотдан ёрдам сўрашидир.

Ибодат Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи, истиъонат (ёрдам сўраш) эса бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққидир. Агар бандалар Аллоҳга ихлос билан ибодат қилсалар, Аллоҳ уларга нусрат беради.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятни: “Роббимиз, Сенинг Яккалигингни эътироф этамиз, Сендан қўрқамиз ва Сендан умид қиламиз, Сендан ўзгасига ибодат қилмаймиз. Тоат-ибодатларимиз ва барча ишларимизда Сендан ёрдам сўраймиз”, деб тафсир қилган (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Банда Аллоҳ таолодан барча нарсани сўраши керак ва буларнинг аввалида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга таълим берган нарсалар туради.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени, албатта яхши кўраман. Аллоҳга қасамки, мен сени, албатта яхши кўраман”, деб туриб, сўнгра: “Эй Муоз, сенга насиҳат қиламанки, ҳар бир намоздан сўнг “Аллоҳумма аъинний ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик” дейишни унутмагин”, дедилар (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий “Шуъабул ийман”да ва Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

Ушбу дуо ўта аҳамиятли бўлганидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни яхши кўришларини маълум қилиб, сўнгра ҳар бир намоздан кейин унга ушбу дуони қолдирмасликни тайинламоқдалар.

Ривоятда келтирилган дуо ҳар бир мўмин ва мўмина учун жуда ҳам керакли бўлганидан ушбу ҳадис ровийлари ҳам уни бир-бирларига омонат тарзида қолдириб келишган. Ривоятнинг давомида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу насиҳатларини Муоз ибн Жабал Сунобиҳийга, Сунобиҳий Абу Абдураҳмонга, Абу Абдураҳмон эса Уқба ибн Муслимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларини алоҳида тайинлаб етказган.

Товус айтади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилар эдилар: “Ҳамд (у сано) мени яратган – Аллоҳ учун (хос)дир! Аллоҳим, менга дунёдаги қийин ишларда, замоннинг ёмонликларида, тун ва кунларнинг машаққатларида ёрдам бергин!” (Абдураззоқ “Мусоннаф”да ривоят қилган).

Ёрдам сўраш дуо билан бўлади. Шу сабаб банда Аллоҳга дуо қилиб, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ҳар бир эҳтиёжини У Зотдан сўраши ва ёмонликлардан паноҳ исташи керак.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Дам олиш кунларингизни қандай ўтказасиз?

27.12.2024   9231   3 min.
Дам олиш кунларингизни қандай ўтказасиз?

1. Диний ибодатларни бажариш

1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.

1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.

1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).

 

2. Оилага яхшилик қилиш

2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).

2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

3. Илм олиш, китоб ўқиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.

 

4. Тафаккурга вақт ажратиш

Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.

 

5. Муҳтожларга ёрдам бериш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).

 

6. Силаи раҳм қилиш

Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин) (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).

 

7. Спорт билан шуғулланиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.

 

8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).


Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!

Даврон НУРМУҲАММАД