Cавол: Мен жамоат намозига боришни энди бошладим. Мен намозни секин ўқийман. Гап шундаки, кўпинча мен салавотни ўқиётганимда имом икки тарафга салом бераётган бўлади. Шу ҳолада мен салавотни тугатиб, кейин дуо ўқиб сўнг салом беришим керакми ёки имом билан баробар салом беришим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ҳолатда имом билан биргаликда салом берасиз. Зеро, салавот ўқиш суннат, имомга эргашиш эса вожиб амал саналади. Вожиб амал суннат амалдан юқори бўлгани сабабли сиз вожиб бўлган амални бажарасиз. Агар ташаҳҳуд (“Ат-таҳийёт...”) дуосини ўқиётганингизда имом салом бериб қолса, сиз ташаҳҳуд дуосини тугатиб, кейин салом берасиз. Чунки ташаҳҳуд дуосини ўқиш вожиб амал ҳисобланади.
Аллома ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Фарз ва вожиб амалларда кечиктирмасдан имомга эргашиш вожиб саналади. Аммо имомга эргашиш билан бошқа вожиб амал тенг келиб қолса, “имомга эргашиш керак” деб вожибни тарк қилмайди, балки аввал вожибни бажариб, кейин имомга эргашади. Масалан, имомга иқтидо қилган киши ташаҳҳудни тугатишдан аввал имом учинчи ракатга турса, иқтидо қилган киши аввал ташаҳҳудни тугатиб, кейин ўрнидан туриб, имомга эргашади (Чунки иккиси ҳам вожиб бўлиб, бирини бажараман деб бошқасини тарк қилмайди).
Агар имомга эргашиш билан суннат амал тенг келиб қолса, юқоридагидек қилмайди. Масалан, (сажда ёки рукуда) имомга иқтидо қилган киши тасбиҳни уч марта айтишидан аввал имом бошини кўтарса – фуқаҳоларимиз энг тўғриси дея айтган гапга кўра - имомга эргашади. Чунки суннатни тарк қилиш вожибни кечиктиришдан кўра устундир” (“Раддул муҳтор” китоби).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.