Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июн, 2025   |   19 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
15 Июн, 2025, 19 Зулҳижжа, 1446

Отанинг тавбаси

03.02.2025   3958   3 min.
Отанинг тавбаси

Мадинаи мунавваралик бўлган қисса соҳиби шундай сўз бошлайди: “Мен ўттиз етти ёшни қаршилаган қирчиллама йигит эдим. Оилам ва болаларим бор эди. Аллоҳ ҳаром қилган ишларнинг ҳар турини қилиб кўрганман. Жума ва ҳайит кунларигина жамоат билан намоз ўқирдим. Бунга сабаб менинг нобакор кишиларни улфат тутганим эди. Менинг Марвон исмли ўғлим бўлиб, у туғма кар-соқов эди.  Ўғлим  иймон ифорини Қуръон ҳофизаси бўлган онасидан олган.

Бир куни қош қораяётган пайти хамтовоқларим билан нималар қилишимиз тўғрисида режа тузиб ўтирган эдим. Шомга азон айтиб қолди. Ўғлим менга: “Отажон, нима учун намоз ўқимаяпсиз?” деган ишорани қилди ва қўлини осмонга кўтариб: “Аллоҳ сизни кўриб турибди”, дея таҳдид ҳам қилгандай бўлди (гоҳида ўғлим менинг баъзи ҳаром ишларни қилаётганимнинг гувоҳи бўлиб қоларди). Кейин у олдимда шом намозини ўқиди, сўнг Мусҳафни келтириб, бир оят устига қўлини қўйди: «Эй ота! Ҳақиқатан, мен сенга Раҳмон (томони)дан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга яқин бўлиб қолишингдан қўрқаман...».

Бу Марям сурасининг 45-ояти эди. Ўғлим ҳўнграб йиғлади. Унга қўшилиб мен ҳам йиғлаб юбордим. Кейин у менинг бошимдан ва қўлимдан ўпди-да, ишора ила: “Отажон, тупроққа қўйилмасингиздан  ва азобнинг чангалида қолмасдан илгари намоз ўқиб қолинг”, деди. Мени қандайдир кучли қўрқув тутди, чироқларни ёққани турдим. У бўлса: “Чироқларни қўйинг, Масжиди Набавийга борайлик”, дея ишора қилди. Ўғлим иккимиз Масжиди Набавийга бордик. Мен ҳали ҳам қаттиқ қўрқувда эдим.

Равзаи муборакка кирдик, у ер одамлар билан тўла эди. Шу орада хуфтон намозига азон айтилди. Ҳарами шарифнинг имоми Қуърондан ушбу оятни қироат қилди: «Эй имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманглар. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир!»[1]. Ўзимни йиғидан тутиб тура олмадим. Марвон ҳам менга қўшилиб йиғлаган кўйи кўз ёшларимни артди.

Биз уйга қайтдик. Ўша кеча ҳаётимдаги буюк бир кеча бўлди, гўё онадан қайта туғилгандек эдим. Раҳмоннинг дарвозасига қадам қўйиб, шайтоннинг йўлидан юз ўгирдим.

Марвон аҳли аёлимга ва қолган фарзандларимга бўлган воқеани айтиб берди. “Отам Ҳарами шарифда намоз ўқидилар”, дея ишора қилди. Аёлим бу хабардан бағоят хурсанд бўлди.

Ҳозирда, Аллоҳга шукурки, намозларнинг бирортасини қолдирмай жамоат билан адо этяпман. Ўғлим сабаб иймон лаззатини ҳис этдим. Ҳаётимиз гўзаллашди. Оиламизга қут-барака кирди...


Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Нур сураси, 21-оят.

 

 

Бошқа мақолалар

Ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар

13.06.2025   6791   5 min.
Ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар

Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.

Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.

Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».

Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: Мен ҳам қавмим тарафидаман, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.

У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.

Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар? дедилар. Улар яна: Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!, дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?-дедилар.

Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.

Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:

“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ