frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Намозда қўллар қаергача кўтарилади?

12.02.2025   13854   3 min.
Намозда қўллар қаергача кўтарилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳанафий мазҳабимизда намозга киришда қўл қулоқ баробарида кўтарилади. Бошқа мазҳаб соҳиблари наздида эса қўл елка баробарида кўтарилади. Бунга улар бир қанча ҳадисларни далил қилишган. Ҳусусан, Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кирганларида, қўлларини елка баробарида кўтарганларини кўрдим", дедилар. Бу ва шунга ўхшаш ривоятларни ҳужжат қилиб, имомлар Молик, Шофеий ва Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Намозга кирганда қўллар елка баробарида кўтарилади”, дейишади.

Ҳанафий уламолари бунга кўплаб ҳадисларни ҳужжат қилиб келтиришади. Жумладан, Абу Довуд Сунанида келтиради. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кириш учун такбир айтсалар қўлларини то қулоқларининг юмшоғига яқин бўлгунча кўтарардилар”. Абдурраззоқ, Ҳумайдий, Имом Аҳмад, Бухорий  ва Дорақутний ҳам шунга ўхшаш ривоят қилишган.

 Уч мазҳаб соҳибларининг далилларига  эса бирқанча жавоблар беришган:

1. Қўлни елка баробарида бўлиши қулоқ баробарида кўтаришни инкор қилмайди. Чунки кафт қулоқ баробарида бўлса, қўлнинг бир қисми елка баробарида бўлади. Буни Абу Довуднинг сунанларида келган ҳадис қўллаб қувватлайди.

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турганларида, қўлларини елкагача кўтариб, бош бармоқларини қулоқлари баробар қилиб сўнг такбир айтганларини кўрганман.

2. Қўлларини елка баробарида кўтарганликларига, совуқ сабабли устларидаги кийимдан қўлларни қулоқ баробаригача чиқариш имконсизлиги сабаб бўлган. Шунинг учун қўлларни елка баробар кўтаришларига тўғри келган. Бунга ҳам Абу Довуднинг Сунанида келган ҳадис далил бўлади:

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кирганларида қўлларини қулоқ баробарида кўтарганликларини кўрдим”. Бир муддатдан сўнг уларнинг (саҳобаларнинг) ҳузурига келдим. Намозга киришишда устларида бурнус ва кийимлари бўлган ҳолда қўлларини кўксилари баробарида кўтаришарди”.

Изоҳ: Бурнус – пахтадан бўлган узун либос.

Ҳадисдан кўриниб турибдики, қўлларнинг қулоқ баробар кўтарилмаслигининг сабаби устларидаги либослар бўлган. Бу борада келган ҳадисларни ана шундай жамлаш мумкин. Қоида борки, ҳадисларнинг барчасига жамлаб амал қилиш имкони бўлса, ҳаммасига амал қилиш: бирини олиб бошқасини тарк қилгандан авлороқдир. Шунинг учун ҳанафий уламоларимиз ҳадисларни жамлаш йўлига юрганлар.

Қиёс жиҳатидан олиб қарасак ҳам бу тўғри бўлади, чунки намоз олдидан қўлларни кўтариш намозга киришганлигини билдириш учун қилинади. Ҳатто орқада кар киши турган  бўлса ҳам имомнинг намозга киришганлигини билиш имкони бўлиши керак. Бу эса қўллар қулоқ баробарида кўтарилгандагина яққол кўринади. Шу ва бунга ўхшаш кўплаб далилларни ҳанафийлар ҳужжат қилиб бу масалада қўллар қулоқ баробарида бўлишини ихтиёр қилишган ва бу Ато ибн Абу Рабоҳ, Иброҳим Нахаий, Абу Майсара, Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва Моликийдан бир жамоасининг ҳам мазҳабидир.

Жавоҳир Исомиддинов,
Ҳадис илми мактаби талабаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Миср матбуоти: Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда

21.10.2026   13311   2 min.
Миср матбуоти: Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда

Мисрнинг қатор етакчи ОАВда Ўзбекистон–Миср ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлар алмашинувини ошириш ҳамда икки мамлакатнинг бой тарихий, маданий ва диний меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Жумладан, “Aldiplomasy”, “Eldameer”, “Al-Muntasaf”, “Almsaey”, “Altaqrernews”, “Albawabhnews” каби нашрларда туризм икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида баҳоланиб, уни ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилган.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Киличев Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни таъкидлаган. Мисрлик сайёҳлар учун электрон виза имкониятининг жорий этилиши туризм, бизнес ва маданий алмашинувни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида қайд этилган.

Мақолаларда Ўзбекистон ва Мисрнинг муштарак исломий меросидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Қоҳирадаги Ал-Азҳар уш-Шарифни Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси билан боғлаш орқали диний-маърифий туризмни ривожлантириш таклиф этилган.

Бу борада “Умра Плюс” дастурлари муҳим аҳамият касб этиб, зиёрат сафарларини тарихий шаҳарлар, меъморий обидалар ва маданий масканларга ташрифлар билан уйғунлаштириш имконини беради. Мисрлик сайёҳларни Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентга жалб этиш ҳамда икки мамлакат туроператорлари ўртасида қўшма сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш истиқболлари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Исломиддин Сирожиддинов мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этиб, тоғли ҳудудлар, қишки курортлар, тарихий обидалар ва миллий маданият мисрлик сайёҳлар учун жозибадор йўналишлар эканини таъкидлаган.

Чимён, Амирсой, Чорвоқ, Зомин миллий боғи, Самарқанд ва Хива каби масканларни тарғиб қилиш, мисрлик туроператорлар ва журналистлар учун танишув сафарларини ташкил этиш ҳамда араб тилидаги тарғибот материалларини тайёрлаш таклиф этилган.

Мақолаларда келтирилишича, Ўзбекистон ўтган йили 11,7 миллион ташриф буюрувчини қабул қилган, жорий йилнинг биринчи ярмида эса сайёҳлар оқими 25 фоизга ўсган.

Миср томони вакиллари ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, сайёҳлик йўналишларини ўзаро боғлаш ва хизматлар сифатини ошириш муҳимлигини қайд этган. Миср Туризм палаталари федерацияси раиси ўринбосари Носир Турки авиақатновларни ривожлантириш ва виза тартибларини соддалаштиришни қўшма туристик дастурлар муваффақиятининг асосий шартлари сифатида кўрсатган.

Халқаро “Умра Плюс” туризм уюшмаси раиси ўринбосари Ҳакан Шаҳин 2027 йилда Мисрга 100 мингдан 150 минг нафаргача ўзбек сайёҳини жалб этиш ҳамда 6–7 июнь кунлари Қоҳирада халқаро туризм кўргазмасини ташкил этиш режаларини маълум қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари