frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ислом улардан безордир

12.02.2025   8536   7 min.
Ислом улардан безордир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳидоятни ҳақ билан собит қилган, ботилни эса очиқ далиллар билан фош этган оламлар Парвардигори Аллоҳ азза ва жаллага ўзининг буюклигига хос ҳамду санолар бўлсин.

Исломни бекаму-кўст етказган, ҳақни очиқ-ойдин баён қилган ва ҳар қандай адашувдан огоҳлантирган жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларига ва улар орқали ҳақ динни аниқ ва тўғри тушунтириб келган уламоларга ҳам Аллоҳнинг раҳмати ва салавоти ёғилсин.

Ҳар бир даъват ва ҳаракат, агар у Ислом даъвоси номидан қилинаётган бўлса, Қуръон ва суннат мезонларига мувофиқ бўлиши лозим.

Акс ҳолда, ҳақ йўлдан оғиш ва уммат орасида фитналар келтириб чиқариш эҳтимоли пайдо бўлади.

Зеро, инсонлар икки жамоага бўлинади: Раҳмон жамоаси ва шайтоннинг малайлари.

Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

وَمِنَ ٱلَّذِينَ فَرَّقُوا۟ دِينَهُمْ وَكَانُوا۟ شِيَعًۭا لَّسْتَ مِنْهُمْ فِى شَىْءٍۢ ۚ إِنَّمَآ أَمْرُهُمْ إِلَى ٱللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُم بِمَا كَانُوا۟ يَفْعَلُونَ

“Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси, 159-оят).

Қолаверса, имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

“Улар (фирқалар)нинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар.

Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа ким, ё Аллоҳнинг Расули!” дейишди.

У зот алайҳиссалом: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг қўшимча қилиб айтдилар: “Албатта, яқин орада шундай қавмлар келади, қутириш касали беморни қандай эгалласа, уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди”, дедилар.

Ҳақиқатан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг берган хабари воқеликда содир бўлди.

Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло:

وَٱعْتَصِمُوا۟ بِحَبْلِ ٱللَّهِ جَمِيعًۭا وَلَا تَفَرَّقُوا۟ ۚ وَٱذْكُرُوا۟ نِعْمَتَ ٱللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَآءًۭ فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِۦٓ إِخْوَٰنًۭا وَكُنتُمْ عَلَىٰ شَفَا حُفْرَةٍۢ مِّنَ ٱلنَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا ۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمْ ءَايَٰتِهِۦ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръон) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг, ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”, деб марҳамат қилади (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Охирги асрларда пайдо бўлган, эътиқодий қарашлари бир-биридан ажабтовур тарзда фарқли бўлган ўзини “диний гуруҳ”, деб иддао этувчи, аслида эса, ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилган сиёсий оқим бўлмиш, “Ҳизбут-таҳрир”чиларнинг даъват қилишда танлаган услубларини кўриб, ёқа ушламай иложингиз йўқ!

Гуруҳ ўз ҳаракатларини шаръий ҳукмларга асосланган деб иддао қилса-да, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлига эргашяпмиз, деб таъкидласа-да, уларнинг асл таълимотлари бу даъволарнинг мутлақо асоссиз эканини кўрсатади. Ахлоқ ва фазилатли хулқларни иккинчи даражага тушириб, сиёсий манфаатларни асосий мақсад қилиб олган бу гуруҳ Ислом динининг тамал қадриятларидан йироқ эканини намоён қилади.

Аслида “Ҳизбут-таҳрир” жамоаси аввалбошданоқ исломий одоб-ахлоқни инкор қилиб, инсоний қадриятларнинг ва диний фазилатларнинг бугунги кунда зарурати йўқ, деб келади. Ҳизб ўз дастурларида ахлоқ билан даъват қилишни, одамларни ахлоқли, инсонлар чиройли хулқлар соҳиби бўлишини танқид қилади.

Лекин улар тармоқларда тарқатаётган танқидона мақолаларида эса, ўзларини яхшиликка даъват қилувчи, уммат пешқадами каби кўрсатишган, ҳудди оламда шуларгина амри маъруф қиладигандек.

Зеро, ҳизбут таҳрир шунчалик муғомбирки, асли таълимотини ўрганиб чиқилса, амри маъруф у ёқда турсин, оддий инсоний ахлоққа ҳам тўғри келмайдиган қарашлари жуда ҳам кўп эканига гувоҳ бўлиш мумкин.

Масалан, Ҳизбут-таҳрир аъзоларига тарқатилган “Ҳизбут-таҳрир манҳажи” номли рисолада: “Фазилатли хулқларга даъват қилиш жамиятни ислоҳ қилишга ва умматни уйғотишга имконият туғдирмайди. Чунки, жамиятнинг ислоҳи фикрлар ислоҳи билан ҳосил бўлади. Фазилатли хулқларга даъват қилиш эса замонавий мусулмонларнинг ҳукмларини ҳал қилиш учун етарли даъват эмас!” (“Манҳаж ҳизб ут-таҳрир фи-т-тағйир”, 26-27 бетлар), дейилган.

Ҳизбут таҳрирнинг бу хилдаги одоб-ахлоқни, руҳий хислат ва фазилатларни инкор қилишлари ҳизбнинг аъзолари орасида қалби қаттиқликни, қўрсликни келтириб чиқариш учун зарур эди.

Ҳолбуки, Ислом дини меҳр-шафқат дини, Ислом шариати одоб-ахлоқ шариатидир!

Ҳизбут-таҳрирнинг хиёнати, мунофиқлиги ва ношаръий эканини шундан ҳам билса бўладики, улар далил қиладиган энг асосий ояти каримада ҳам амри маъруф ва наҳий мункарга буюрилади. Яъни, таълим-тарбияга, яхшиликларга даъват қилишга, одамларга одоб-ахлоқ ўргатишга чақирилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръон каримда бундай деган:

كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِٱلْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ ٱلْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِٱللَّهِ

“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон, 110-оят).

Мазкур ояти карима сабабли мусулмонлар уммати ва уларнинг уламолари амри маъруф ва наҳий мункарни фарзи айн деб иттифоқ қилганлар.

Қизиғи шундаки ўзлари ижтимоий тармоқда тарқатаётган мақолаларда далил сифатида келтирган мана шу оятни, яъни, ана шу фарзи айн бўлмиш амални ҳизбут-таҳрир инкор қилиб келади. “Ҳозир амри маъруф ва наҳий мункарнинг зарурати йўқ, сиёсат муҳим!”, деган ношаръий ва ноисломий фикрни жар солиб оламни ғавғога тўлдиришга ҳаракат қиладилар.

Кўряпсизми, уларнинг кечаги гапи бугунгига тўғри келмайди. Аслида булар ўз таълимотлари телба-тескарилигини билмайдиган даражада ғалча ёки жоҳил, ношуд ва нотавон кимсалардир.

Бу оятга энг тўғри ҳолда амал қиладиганлар аслида бизнинг мана шу юртдаги уламолардир.

Ҳизбут-таҳрир ўзини диний эмас, балки сиёсий ташкилот деб эълон қилар экан, диндаги жами яхшилик ва хислатларни инкор қилиш йўлидан боради.

Уларнинг даъвосини қаранг: “Ҳизбут-таҳрир сиёсий ташкилотдир. У хайрли амалларнинг ташкилоти эмас!” ёки “Ҳизбнинг барча иши сиёсий ишдир. Унинг иши таълимга асосланмаган. У мадраса эмас, унинг амали ваъз-насиҳат ҳам эмас. У сиёсий амалдир!” (“Манҳаж ҳизбут-таҳрир фи-т-тағйир”, 28-31 бетлар; “Ҳизбут-таҳрир”, 25-бет).

Уларнинг бўтқа динини кўряпсизми?!

Ҳа, бу уларнинг исломидир, ҳақиқий Ислом эса, бундай ношудлардан безордир.

Асадуллоҳ Қудратуллоҳ
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Миср матбуоти: Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда

21.10.2026   13293   2 min.
Миср матбуоти: Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда

Мисрнинг қатор етакчи ОАВда Ўзбекистон–Миср ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлар алмашинувини ошириш ҳамда икки мамлакатнинг бой тарихий, маданий ва диний меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Жумладан, “Aldiplomasy”, “Eldameer”, “Al-Muntasaf”, “Almsaey”, “Altaqrernews”, “Albawabhnews” каби нашрларда туризм икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида баҳоланиб, уни ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилган.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Киличев Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни таъкидлаган. Мисрлик сайёҳлар учун электрон виза имкониятининг жорий этилиши туризм, бизнес ва маданий алмашинувни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида қайд этилган.

Мақолаларда Ўзбекистон ва Мисрнинг муштарак исломий меросидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Қоҳирадаги Ал-Азҳар уш-Шарифни Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси билан боғлаш орқали диний-маърифий туризмни ривожлантириш таклиф этилган.

Бу борада “Умра Плюс” дастурлари муҳим аҳамият касб этиб, зиёрат сафарларини тарихий шаҳарлар, меъморий обидалар ва маданий масканларга ташрифлар билан уйғунлаштириш имконини беради. Мисрлик сайёҳларни Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентга жалб этиш ҳамда икки мамлакат туроператорлари ўртасида қўшма сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш истиқболлари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Исломиддин Сирожиддинов мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этиб, тоғли ҳудудлар, қишки курортлар, тарихий обидалар ва миллий маданият мисрлик сайёҳлар учун жозибадор йўналишлар эканини таъкидлаган.

Чимён, Амирсой, Чорвоқ, Зомин миллий боғи, Самарқанд ва Хива каби масканларни тарғиб қилиш, мисрлик туроператорлар ва журналистлар учун танишув сафарларини ташкил этиш ҳамда араб тилидаги тарғибот материалларини тайёрлаш таклиф этилган.

Мақолаларда келтирилишича, Ўзбекистон ўтган йили 11,7 миллион ташриф буюрувчини қабул қилган, жорий йилнинг биринчи ярмида эса сайёҳлар оқими 25 фоизга ўсган.

Миср томони вакиллари ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, сайёҳлик йўналишларини ўзаро боғлаш ва хизматлар сифатини ошириш муҳимлигини қайд этган. Миср Туризм палаталари федерацияси раиси ўринбосари Носир Турки авиақатновларни ривожлантириш ва виза тартибларини соддалаштиришни қўшма туристик дастурлар муваффақиятининг асосий шартлари сифатида кўрсатган.

Халқаро “Умра Плюс” туризм уюшмаси раиси ўринбосари Ҳакан Шаҳин 2027 йилда Мисрга 100 мингдан 150 минг нафаргача ўзбек сайёҳини жалб этиш ҳамда 6–7 июнь кунлари Қоҳирада халқаро туризм кўргазмасини ташкил этиш режаларини маълум қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари