Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: "Мен тушимда иблис лаийнни боши эгик ҳолда кўрдим. Уни асоим билан урмоқчи эдим, менга: "Эй Абу Саъийд! Билмайсанми, мен асодан ҳам, қуролдан ҳам қўрқмайман", деди. Мен: "Унда нимадан қўрқасан, эй малъун?" дедим. Шунда: "Мен фақат иккита нарсадан қўрқаман. Биринчиси, истиъоза (аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтганлардан, иккинчиси, иймонида содиқларнинг маърифат жилосидан", деди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокида Андижон вилоятидаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг масжидларда хавфсизлик техникасига риоя қилишга бағишланган навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда масжид мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган жамоат жойи бўлгани туфайли унинг хавфсизлигини таъминлаш доимо долзарб вазифа экани таъкидланди. Жумладан, масжид хонақоҳлари, қўшимча бинолари, таҳоратхоналари ва буларга туташ ҳудудларда техник жиҳатдан осойишталикни таъминлаш устувор масала эканига алоҳида урғу қаратилди.
Муфтий ҳазратлари ҳудудлардаги барча масжидларнинг техник ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, жумладан, иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш тизимлари ва қозонхоналарни тўлиқ назоратдан ўтказишни тегишли масъулларга топширдилар. Шунингдек, янгидан бунёд этилаётган ва жорий таъмирланаётган жомеларда қурилиш-архитектура меъёрларига эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари келгyсида Избоскан туманидаги масжид таҳоратхонасида бўлгани каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, масжид маъмуриятининг масъулиятини ошириш, ҳар бир объект ва техник хизмат кўрсатиш қурилмаларига алоҳида жавобгар шахс тайинлаш юзасидан кўрсатмалар бердилар. Шунингдек, мутасадди ташкилотларнинг мунтазам назоратидан ўтказиб туриш муҳимлигини билдирдилар.
Мамлакатимизда жойлашган масжидларда хавфсиз шароит яратиш, иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш талабларини назорат қилишга оид Диний идора бўйруғини бажариш алоҳида таъкидланди.
Баён этилган топшириқ ва кўрсатмалар республиканинг барча худудларидаги имом-хатибларга ҳам етказилиб, ижроси назоратга олингани маълум қилинди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати