Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда. “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида бўлиб ўтаётган хайрли ишларда ўтган йилнинг июл ойидан жорий йилнинг 24 мартига қадар 473 972 нафар юртдошимиз қамраб олинди. Уларнинг оилавий шароитларидан келиб чиқиб, тинчлик қадри ва шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилди.
Диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар иштирок этаётган тадбирлар натижасида низоли оилалар яраштирилмоқда, ёт унсурлар таъсирига тушиб қолганлар тўғри йўлга қайтмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўтган солиҳлардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу: “...Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг...” (Нисо сураси, 43-оят) оятини эшитиб, бундай деди: “Қанчадан-қанча намозхонлар борки, улар хамр ичмаганлар, лекин дунёнинг машғулотлари уларни маст қилиб қўйганидан намозида нима деяётганини билмайди”.
Изоҳ: Демак, инсон нафақат ароқ ёки бошқа маст қилувчи ичимликлардан, балки дунёнинг кўплаб чалғитувчи, ўзига тортувчи ишлари, ташвишлари ва уларни ҳал қилишга бўлган ҳаракатлар натижасида ҳам “маст” бўлиши мумкин экан.
Яъни, инсон шунчалик кўп дунёвий ишларга шўнғиб кетадики, улар унинг фикри-ёдини эгаллаб олади ва оқибатда у Аллоҳга ибодат қилаётганида ҳам дунёни ўйлайверади, намозида нима деяётганини тушунмай қолади.
Шунингдек, дунёга бўлган ҳаддан ташқари муҳаббат ва у билан банд бўлиш инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини, натижада ибодатларнинг қадри ва моҳияти ҳам йўқолиб қолади.
Худди маст инсон каби, бундай киши ҳам ўзининг ҳолатини тўлиқ англаб етмайди ва ибодатнинг ҳақиқий ҳузуридан маҳрум бўлади.
Эслатма: Қуръони каримдаги: “Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг..” ояти ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир.
Агар биринчи оятда (Бақара сураси, 219-оят) ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган намоз ўқиш пайтида маст ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб, унга нисбатан мўминларда нафрат уйғотмоқда.
Навбатдаги ичкилик тўғрисида келадиган оятда уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана ўша сўнгги оятга асосланади.