16-26 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритаётган 84 нафар воиз имом-хатиблар учун малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида 10 кун мобайнида нотиқ имомлар учун “Замонавий ахборот маконида диний-маърифий соҳа мутахассисларининг медиа-тарғибот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари” йўналишида 72 соатлик ўқувлар ўтказилди.
Машғулотлар давомида таниқли уламолар, профессор-ўқитувчилар ва соҳадаги энг малакали устозлар ўз билим ва тажрибаларини етказдилар.
Бугун, 26 июль куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ўқув курсини муваффақиятли якунлаган имомларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этиб, диний-маърифий соҳадаги янгиланишлар, имом-хатибларга кўрсатилаётган эътиборни сўзлаш баробарида бугунги мураккаб даврда имом домлалардан ҳам ўз билим ва малакаларини ошириб боришни замоннинг ўзи тақозо этаётганини таъкидладилар. Шунингдек, масжид минбари, турли йиғинлар ва ижтимоий тармоқларда чиқиш қилишда имом-хатиб эътибор қиладиган муҳим жиҳатлар, нотиқлик одоби ва янги давр талабларига батафсил тўхталдилар.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларининг долзарблиги, тарғибот-ташвиқот ишларида имом-хатибларининг ўрни ва келгусидаги вазифалари ҳақида сўзлади.
Воиз имом-хатибларга муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан сертификатлар топширилиб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني نا ابن وهب حدثني مالك عن عمه أبي سهيل عن أبيه قال: سمعت طلحة بن عبيد الله يقول: جاء رجل من أهل نجد ثائر الرأس نسمع دوي صوته ولا نفقه ما يقول حتى دنا فإذا هو يسأل رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم عن الإسلام فقال: خمس صلوات في يوم وليلة.
قال: هل علي غيرها قال: لا إلا أن تطوع قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: وصيام رمضان . قال: هل علي غيره قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: لا إلا أن تطوع قال: وذكر له رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم الزكاة فقال: هل علي غيرها فقال: لا إلا أن تطوع. فأدبر الرجل وقال: والله لا أزيد على هذا ولا أنقص منه فقال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: أفلح إن صدق.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: “Нажд аҳлидан сочлари тўзиган бир киши келди. Овозининг ғўлдирашини эшитардик, нима деётганини эса тушунмасдик.
Кейин у яқин келди. Билсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламдан Ислом ҳақида сўраётган экан.
Шунда у зот: “Бир кеча кундузда беш маҳал намоз”, дедилар. “Зиммамда яна бундан бошқаси ҳам борми?” деди.
У зот: “Йўқ, лекин ўз ихтиёринг билан қилишинг (мумкин)”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Рамазон рўзасини тутиш ҳам”, дедилар.
“Зиммамда бундан бошқаси ҳам борми?” деди. “Йўқ, лекин ўз ихтиёринг билан қилишинг (мумкин)”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар. “Зиммамда бундан бошқаси ҳам борми?” деди у.
У зот: “Йўқ, лекин ўз ихтиёринг билан қилишинг (мумкин)”, дедилар. Шунда ўша одам: “Аллоҳга қасамки, бундан зиёда ҳам қилмайман, кам ҳам қилмайман”, дея орқага қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Агар гапида турса, нажот топади”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси