#xabar #vaqf #muhokama
Шу йил 21 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида “Вақф” хайрия жамоат фонди Васийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фонднинг жорий йилнинг шу давригача бўлган иш фаолияти, хайрия ишлари кўлами ва келгусидаги истиқболли дастурлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда сўзга чиққан нотиқлар фонд томонидан кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган салмоқли ишларни юқори баҳолашди. “Вақф” фонди томонидан амалга оширилган хайрия ишлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли ошгани қайд этилиб, уйга муҳтож 43 та оилага ҳомийлар кўмагида тўлиқ жиҳозланган уй қуриб берилгани, жарроҳлик амалиёти, даволаниш ва ногиронлиги бўлган фуқаролар соғликларини тиклаш учун 1200 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилгани ижобий натижа сифатида баҳоланди. Шунингдек, ёрдамга муҳтож оила фарзандларига ўқув қуроллари тарқатилгани ва чекка ҳудудларда қудуқ қазиб, сув чиқариш ишлари амалга оширилгани ҳамда ўқув марказлари, тиббиёт муассасалари ва хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ҳам эътироф этилди.
Шундан сўнг фонд олдида турган муҳим вазифалар, жумладан “Вақф” мулкларини шакллантириш ва янгиларини харид қилиш, фонд марказий аппарати ва ҳудудий филиаллар штат жадвалларини қайта шакллантириш, фонднинг халқаро алоқаларини ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. Васийлик кенгаши аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрлари ва таклифларини билдириб ўтишди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди мулкларини шакллантириш, уларни кўпайтириш бу соҳада амалга оширилаётган хайрия ишлари салмоғининг ошишига хизмат қилиши қайд этилиб, зарур ҳолларда чет элдаги вақф мулкларини ўрганиш, хориждаги вақф фондлари билан ҳамкорлик қилиш кераклиги айтиб ўтилди.
Муфтий ҳазратлари фонднинг келгуси фаолиятида ҳар доимгидек ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, ўқув юртларида ўқиётганларнинг тўловларини қоплаш ва меҳр-мурувват тадбирлари салмоғини ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, фонд фаолиятини оммалаштириш, кўчмас мол-мулклардан самарали фойдаланиш, хорижий илғор тажрибаларни ўрганиш ва маблағлар айланмасида шаффофликни таъминлаш кабиларга урғу қаратилди.
Йиғилишда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун 3 декабрь куни Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва талабали учун ўзгача хурсандчилик билан бошланди. Таълим муассасасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан 15 дона смарт доскалари беғараз ёрдам сифатида тақдим қилинди.
Ҳадяларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби устоз Раҳматилло Усмонов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходими Аслиддин Раҳматуллаев топширди.
Таълим сифатини янада ошириш, замонавий услуб ва методлардан самарали фойдаланган ҳолда дарс самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида ҳадя қилинган бу ўқув жиҳозларидан динимиз равнақи, илм-маърифати йўлида оқилона фойдаланиш борасида тавсиялар бериб ўтилди.
Тадбир сўнгида юртимиз тинчлиги, осойишталиги ва мазкур ўқув жиҳозларини етказиб беришда амалий ёрдам берганлар, хусусан, муфтий ҳазратларининг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати