Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Агар Роббинг хоҳласа, бундай қилмас эдилар” (Анъом сураси, 112-оят).
Воқеликда содир бўлаётган ҳодисаларни ваҳий назари билан ўқиш мўминни Аллоҳнинг динига ёрдам беришга ундайди, у Аллоҳнинг тадбири билан хотиржам, Унинг қазоси (тақдири)га рози бўлган ҳолда, оқибат тақводорлар учун эканига ишонч ҳосил қилади.
Зотан, осмонлар ва Ерни бошқариш калитлари Унга (Аллоҳга) тегишли. У хоҳлаганини азиз қилади, хоҳлаганини хор қилади, яхшилик Унинг қўлидадир ва У ҳамма нарсага қодирдир.
Аҳмад Абдулмунъим
Самарқанд вилояти бош имом-хатиблиги ташаббуси билан Қўшработ туманида «Инсон қадри учун» тамойили асосида кенг кўламли маънавий-маърифий ва хайрия тадбирлари ўтказилди. Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Нурсултонхон домла Абдуманнонов бошчилигидаги шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, иқтидорли уламолар ҳамда "Ҳаж – 2025" зиёратчиларидан иборат ишчи гуруҳи тумандаги 16 та маҳаллада бўлиб, 80 дан ортиқ хонадонлар ҳолидан хабар олдилар.
Бу самимий мулоқотлар давомида эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларга моддий-маънавий кўмак берилди, беморлар зиёрат қилиниб, кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Шунингдек, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда оилавий низоларни бартараф этиш ва адашган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича яккама-якка тарбиявий суҳбатлар ўтказилди.
Маънавий-маърифий ишлар атроф-муҳит ободлиги билан уйғунлашиб кетди. "Яшил макон" лойиҳаси доирасида "Балиқчи ота" жоме масжиди ҳудудига имомлар томонидан манзарали дарахт кўчатлари қадалди. Бу хайрли амал динимиз кўрсатмасига муносиб жавоб бўлиб, келажак авлод учун қолдирилган чинакам меросдир.
Тадбир якунида туман масжидларида пешин намозидан сўнг маърифий маърузалар ташкил этилиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги сўраб хайрли дуолар қилинди. Бу каби тадбирлар халқ билан яқин бўлиш, инсон дардини тинглаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашнинг энг олий намунаси бўлди.
Ўзбекистонтон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати