Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Июл, 2026   |   17 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:42
Қуёш
05:12
Пешин
12:34
Аср
17:33
Шом
19:45
Хуфтон
21:12
Bismillah
31 Июл, 2026, 17 Сафар, 1448

Фитнакорлик – жамият душмани

13.10.2025   13294   3 min.
Фитнакорлик – жамият душмани

Динимиз инсонлар ўртасида тинчлик, тотувлик ва биродарликни асосий қадриятлардан деб таълим беради. Аммо баъзи кимсалар борки, улар худбинлик, ҳасадгўйлик, ва ғаразгўйлик сингари хасталиклар таъсирида инсонлар орасида фитна тарқатади. Ушбу разил одат "фитнакорлик" деб аталади ва у жамиятнинг парокандалигига, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишга ва Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади.
Бинобарин, Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда фитнанинг зарари жуда қаттиқ таъкидланган. Жумладан, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 191-оятида: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деб унинг ёмонлигини хабар қилган. Яъни фитнанинг жамиятга етказадиган зарари ҳатто одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин.
Фитнакор кимса бошқаларни бир-бирига қарши қўйиш, ёлғон гап тарқатиш, одамлар қалбига шубҳа уруғини экиш ёки гапни чувалаштириб бошқаларнинг муносабатларига путур етказиш билан шуғулланади. Унинг гаплари тўғридек туйилса-да, аслида мақсади ёмон. Бундай кимса бошқаларнинг тинчини бузади, одамлар ўртасига раҳна солади, жамиятда норозилик уруғини экади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан то шом намозига қадар вақт ичида бўлиб ўтган ва бўладиган барча фитналардан огоҳлантирган эканлар.
Фитнакорлик илдиз отган жамиятда ўзаро ишонч йўқолади; оилалар пароканда бўлади; эру хотин, ака-ука, дугона ёки дўст ўртасида адоват пайдо бўлади; юртда беқарорлик юзага келади; Аллоҳ асрасин, агар фитна сиёсий, ижтимоий ёки диний даражада бўлса, бутун мамлакат тинчлигига таҳдид солади; фитнакор кимса Аллоҳнинг лаънати ва азобига дучор бўлади. Чунки фитна тарқатиш  бу – нафақат инсонларга, балки дини мубийнимизга ҳам  қарши жиноятдир.
Шундай экан, ҳар бир мўмин киши фитнакорликдан қочиши лозим. Бунинг учун тилини эҳтиёт қилиб, бекорчи гап-сўзлардан сақланиши, беҳуда муҳокамаларга аралашмаслиги; эшитган гапини рост ёки ёлғонлигини билмасдан туриб тарқатмаслиги; одамларнинг орқасидан гапирмаслиги, адолатли ва ниятини холис қилиши; дуогўй бўлиб ёшу қарига эзгу ниятли бўлиши керак.
Хуллас, фитнакорлик – ҳар қандай жамиятни емирувчи хатарли иллатлардан биридир. Бу иллатдан қочиш, унинг олдини олиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки фитна бўлган жойда барака, тинчлик ва дўстлик бўлмайди. Демак, биз ўзимиздан бошлаб фитнадан сақланишимиз, бошқаларни ҳам ундан огоҳлантириб, жамиятимизни соғлом ва биродарлик асосида қуришга ҳисса қўшишимиз зарур.
Дарҳақиқат, Раббимиз фитнага аралшганларнинг азоби қаттиқ бўлишини айтиб, бандаларини қуйидагича огоҳлантириб қўйган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).


Мансурхон ЎРОЛОВ,
“Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди

30.07.2026   3622   1 min.
Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди

Истиқлолимизнинг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилоятидаги имом-хатиб ва ноиблар ўртасида стол тенниси бўйича вилоят турнири бўлиб ўтди.


Соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган баҳсларда дин пешволари ўзларининг жисмоний тетиклиги ва маҳоратларини намойиш этдилар. Муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, совринли ўринлар қуйидагича тақсимланди:


1-ўрин: Абдулло домла Авезов (Қоракўл тумани, «Бозорхўжа» масжиди);


2-ўрин: Абдувоҳид домла Акрамоев (Бухоро шаҳри, «Волидайи Абдулазизхон» масжиди);


3-ўрин: Саддам домла Бобоқулов (Пешку тумани, «Хўжа Пешку» масжиди).


Ғолиб ва совриндорларга Бухоро вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Отабек домла Авезов томонидан эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.


Ислом динида тан саломатлиги ва жисмоний куч-қувватга алоҳида эътибор берилади. Бу каби спорт тадбирлари соҳа ходимлари ўртасида соғлом муҳит ва юқори кайфиятни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари