Айни пайтда навбатдаги гуруҳ зиёратчиларимиз Маккаи мукаррамада Каъбатуллоҳ тавофи, беш вақт ва нафал намозлар билан бир қаторда Арафот, Нур, Савр тоғлари ҳамда Мино, Муздалифа водийлари каби муборак қадамжолар зиёрати билан машғул бўлмоқда.
Худди шундай Мадинаи мунавварада ҳам ҳамюртларимиз Уҳуд тоғи ва Қубо масжидлари зиёрати билан бирга Равзаи шариф зиёрати, Масжидун Набавийда кундалик ва нафл намозларни адо этишда бардавом бўлишган эди.
Аллоҳнинг меҳмонлари сафар давомида эҳтиром қилинмоқда. Зиёратчиларни Ўзбекистондан муборак диёрга кузатиш, Жидда аэропорти ва Мадинадаги 5 юлдузли Пулман Зам-зам ҳамда Маккаи мукаррамадаги Ал-Айям элит меҳмонхоналарида муносиб кутиб олинмоқда.
Аллоҳ таоло зиёратчиларимизнинг ибодатларини қабул этсин, барчамизга Байтуллоҳ ёнида дуо қилиш насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тумандаги “Мулла Жумабой” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда қозиёт масъуллари, бош имом-хатиблар, ҳожилар ва маҳалла раислари жам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан июль ойининг “Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар ва масжид қавми бошчилигида кўчалар, масжид атрофлари тозаланди. Шунингдек, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳовли-жойларида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Тўрткўл туманидаги 10 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, қуйидаги хайрли амаллар бажарилди:
Ҳожиларни жалб этган ҳолда маҳаллалардаги муаммоли оилалар ҳолидан хабар олинди;
Ҳомийлар кўмагида 120 та эҳтиёжманд хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди;
Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари тарқатилди;
Имом-хатибларнинг фаолияти ўрганилиб, масжид бошқаруви ва маърифий ишларни янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ҳудудда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати