Умра кириш визалари энди берилган санадан бошлаб уч ой эмас, бир ой амал қилади.
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги Умра визаларининг амал қилиш муддатини уч ойдан бир ойга қисқартирди. Бироқ, мамлакатга киргач, ташриф буюрувчи уч ойгача Қиролликда қолиши мумкин.
Янги қоидалар ноябрь ойи бошидан кучга кирди. Бу ўзгариш жорий йилда умра визасини олиш сони рекорд даражага чиққани билан боғлиқ бўлиб, ҳозиргача тўрт миллиондан ортиқ хорижий зиёратчига виза берилган.
Янги тизимга кўра, зиёратчи виза берилганидан сўнг 30 кун ичида Саудия Арабистонига кирмаса, унинг визаси автоматик равишда бекор қилинади.
Шу билан бирга, мамлакатга киргандан кейинги уч ойлик яшаш муддати сақланиб қолади.
Умра ва зиёрат бўйича Миллий қўмита маслаҳатчиси Ахмад Бажаейфернинг таъкидлашича, ўзгаришлар ёз мавсуми тугагач Макка ҳамда Мадинада ҳаво салқинлашидан сўнг зиёратчилар сонининг кескин кўпайишига тайёргарлик сифатида киритилган.
Жорий йилнинг июн ойида бошланган Умра мавсуми тарихдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди, беш ой ичида тўрт миллиондан ортиқ хорижий зиёратчи Саудияга келган. Бу эса аввалги мавсумлар натижаларидан ҳам юқори бўлиб, Умра зиёратига бўлган жаҳон миқёсидаги талабнинг ортиб бораётганини кўрсатади.
Т.Азимов тайёрлади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти Зомин тумани бош имоми ҳамда "Маърифатли" масжиди имом-хатиби Аброр домла Равшановнинг акалари Абдулла отанинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz