Муқаддас динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар Аллоҳ таоло ҳузурида энг шаънлари улуғ, қадрлари юксак зотлар ҳисобланади. Кўплаб ҳадис ва асарларда уларнинг қадамлари остига фаришталар қанот ёзишлари, еру осмондаги барча мавжудотлар ҳатто сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтишлари айтиб ўтилган.
Шундай экан уламоларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир. анбиёлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг“Мужодала” сурасида марҳамат қилиб “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”деган бўлса, “Зумар” сурасида: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” деган (9 оят). Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмайдилар. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.
Аммо афсуски кейинги пайтда интернет ва ижтимоий тармоқларда буюк аждодларимизнинг пок номига турли номлар билан лой чапламоқчи бўлаётганлар учрамоқда. “Улар қозонган муваффақиятларини гўёки исломдан эмас, юнонлар ва бошқалардан ўрганишган”, дея нафақат Ўрта Осиё халқлари, балки бутун дунё фахрланган шахсиятларни бемалол айблаш ва уларни ҳақорат қилишга журъат қилаётгани ниҳоятда ачинарли ҳолдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло “Ким менга яқин бўлган бир бандамга нисбатан душманлик қилса унга қарши уруш эълон қилурман” деди” деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисни изоҳлаб имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий (р.а.) “агар уламолар Аллоҳга яқин бўлишмаса ким ҳам у зотга яқин бўларди?!” дейишган.
Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилган: “Эй, мўминлар! Кўпгумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз...!”
Ушбу ояти каримага яхшироқ эътибор қилсак, Аллоҳ таоло бизларни турли асоссиз гумонлардан, инсонларни айбларини қидириб юришдан ва шу билан бир қаторда одамларни ортларидан ғийбат қилишдан қайтармоқда. Оятда ғийбат қилган кишини ўз биродарини ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар манфур амал экани таъкидланмоқда. Бир мусулмон киши бошқа бир мусулмонни ортидан ғийбат қилиши шу даражада разил бўлса олимларни ғийбат қилишни қандай баҳолаш мумкин?!
Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, шундай деган “билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”. Яъни илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалб кўр қилиб қўяди.
Аллома ибн Нажжорнинг “тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда шундай воқеъни келтирилади “Биз Бағдоддаги жомеъ масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили эканини айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас” деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жомеъ” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил” дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир” деган.
Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уриниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насихатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракт қилиши лозим. Зеро хазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.
Muslim.uz
Ўзбекистон банк-молия соҳаси вакиллари Малайзиянинг Ислом молияси бўйича шариат маслаҳатчилари ассоциацияси (ASAS) томонидан ташкил этилган “Исломий банк дарчаси” мавзусидаги ўқув-амалий дастурида иштирок этиб, соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Дастурнинг илк битирувчиларига халқаро сертификатларни топшириш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев давлат раҳбари ташаббуси асосида мамлакатимизда ислом молиясини жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, элчи жорий йилда соҳани тартибга солувчи махсус қонун қабул қилингани ислом молиясини ривожлантиришда муҳим босқич бўлганини қайд этди.
Тадбирда Ўзбекистон учун Малайзия тажрибасининг учта устувор йўналиши алоҳида таъкидланди. Биринчидан, бу – қўшалоқ банк тизими бўлиб, унда анъанавий ва исломий банклар ягона регулятор назорати остида параллел фаолият юритади.
Иккинчидан, марказлашган шариат назорати тизими орқали банклар томонидан ўзаро зид фатволар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Учинчидан, “Исломий дарча” модели тижорат банкларида янги инфратузилмани тез ва самарали шакллантириш имконини беради.
Малайзиянинг йирик исломий банкларидан бири – “Maybank Islamic Berhad” бош директори ўринбосари Моҳд Рамазон Фитри Ўзбекистонда ислом банк иши ва молиявий хизматларни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
У Ўзбекистон банк тизими вакилларига исломий дарчаларни ташкил этиш, зарур молиявий инфратузилмани шакллантириш ҳамда аудит жараёнларини йўлга қўйишда амалий ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, ASAS бош ижрочи директори Мохтар Абдулла мазкур ўқув дастури давомида ўзбекистонлик мутахассислар ислом молияси инструментлари, шариат бошқаруви ва исломий дарчалар фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирганини таъкидлади.
Тадбир якунида бундай ўқув дастурлари Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги молиявий-инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатимизда шариат тамойилларига асосланган замонавий банк хизматларини самарали жорий этиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати