Аллоҳ таолонинг инсонларга берган барча неъматлари омонат бўлганидек молу давлат ҳам омонат. Шу боис уни буюрилган жойларга сарфлаш керак.
Қуръони каримнинг кўп оятларида эҳсон ҳақида оят бор. Жумладан, Оли Имрон сурасида бундай дейилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагу нингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Бошқа бир ояти каримада: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳла рингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”, дея марҳамат қилинади (Бақара сураси, 271-оят).
Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоиз лиги, аммо пинҳона афзал экани маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақалар эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамлар орасида закот берилмаяпти, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзан бошқалар кўриб ўрнак олсин, деган мақсадда ошкора берилгани яхши. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқли гидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин қиёмат куни ўз садақаси соясида туради”, деганлар (Имом Табароний ривояти). Шу билан бирга, садақа гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…Сув оловни ўчирганидек садақа гуноҳларни ўчиради”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Уламоларимиз эҳсон қилиш инсоннинг иймонини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки киши эҳсон бериб, иймонини синовдан ўтказади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни иймони борлигига)”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Демак, саховат қилиш билан киши яна бир бор иймони мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.
Ҳадисда: “Уч нарсага қасам ичаман: банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).
Афсуски, бугун молдунёси бўлатуриб, яқинларига, қавмқариндошу муҳтожларга ёрдам бермаётган инсонларни кўплаб учратамиз. Бундай инсонлар ҳақида Аллоҳ таоло: «Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсангчи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!» (Мунофиқун сураси, 10-оят) дея огоҳлантиради. Кучқувватнинг борида, бойликнинг кўплигида садақа қилишни эсга ҳам олмай, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлвориб: “Мени озгина (тирик) қолдирсангчи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, кучқувват борида ибодатларни ўрнида адо этиб, хайру эҳсон қилиб, ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб, савоб амалларни кўпайтириш керак.
Қолаверса, саховатли киши бу амаллари билан улкан ажрларни қўлга киритади. Ҳадиси шарифларда боқувчиси йўқ ва мискинларга ёрдам берган кимса ҳақида бундай дейилган: “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор, кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)” (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло барчамизни саховатли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин!
Шодлик БОЙНАЗАРОВ, Хива тумани
“Хон Исмоил Журжоний” жоме масжиди имом-хатиби
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати