Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу, Қурайшнинг энг чиройли ёшларидан бири эди.
Мусъаб ибн Умайрга Аллоҳ гўзаллик ва зеҳн ато этган эди. У Қурайш ёшлари орасида ажралиб турарди. Расулуллоҳ ﷺ у ҳақида бундай деганлар: “Маккада Мусъаб ибн Умайрдан кўра сочи чиройли, неъматда яшаган инсонни кўрмадим. У энг яхши кийимларни кияр, энг хушбўй атирларни сепар эди. Шу боис у Макканинг энг хушбўй ва энг гўзал кишиси сифатида танилган эди”.
Унинг онаси Ханнос бинт Молик деб аталган, Қурайшнинг энг бой аёлларидан эди. Ўғлига жуда қаттиқ эътибор берар, энг қиммат кийимлар билан безар эди. Одамлар Мусъабни шундай онаси борлиги учун ҳасад қилар эдилар. Аммо бу меҳр ва ғамхўрлик бир кунда зулм ва шафқатсизликка айланди.
Мусъаб ибн Умайр Расулуллоҳ ﷺнинг Арқам ибн Аби Арқам уйида Исломга даъват қилаётганларини эшитиб, у зотнинг олдиларига кирди ва Исломни қабул қилди. Онасини ва қавмининг ғазабидан қўрқиб, Исломини яширди. Уч йил давомида яширинча Расулуллоҳнинг ﷺ ҳузурларига келиб юрди.
Бир куни онасига яқин кишилардан бири унинг Расулуллоҳ ﷺ билан учрашиб юрганини кўриб, онасига хабар қилди. Ана шунда меҳр ғазабга айланди. Уни уйларидаги энг тор хонага қамашди, фақат тирик қолиши учун етарли овқат беришар, ҳар куни уни диндан қайтаришга уринишар эди. Аммо Мусъаб рози бўлмади.
Кейин азоб янада кучайди: уни деярли ҳар куни қаттиқ калтаклашар, онаси хизматкорларига уни уриб қонга белашни буюрар, сўнг тузалишига қўйиб, яна калтаклатар эди. Шунга қарамай, Мусъаб имонда собит қолди.
Онаси унинг сабрини синдириш учун одамлар олдида хорлашга қарор қилди. Уни бозорларга олиб чиқиб, қўйни судрагандек судраб юришни, кўз ўнгида қамчилашни буюрди. Бу ҳолат уч йил давом этди. Шу боис онаси Қурайшда энг қаттиққўл она сифатида танилди.
Ниҳоят, бир куни Мусъаб қочишга муваффақ бўлди ва Расулуллоҳ ﷺнинг ҳузурларига борди. Ана шу пайтда саҳобаларга Ҳабашистонга ҳижрат қилиш амри берилган эди. Мусъаб биринчи ҳижрат қилганлар орасида бўлди.
Кейин Маккага қайтди, онаси билан учрашмасликка ҳаракат қилди. Сўнг яна Ҳабашистонга иккинчи бор ҳижрат қилди.
Расулуллоҳ ﷺ Ансорлар билан байъат қилганларини эшитгач, Маккага қайтди. Бу сафар онаси уни тўсиб чиқди. Аммо Мусъаб унга: “Аллоҳга қасам, агар яна шундай қилсангиз, мени қамашга уринаётган ҳар кимни ўлдираман”, деди.
Онаси унинг қатъиятини кўриб, қўйиб юборди ва: “Бор, энди мен сенинг онанг эмасман”, деди.
Мусъаб кетишидан олдин онасининг қўлларини ўпиб: «Онажон, мен сизга меҳрибонман ва маслаҳатчингизман. Илтимос, “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” деб гувоҳлик беринг», — деди.
Онаси эса кибр билан: “Юлдузларга қасам, сенинг динингга кирмайман”, деди.
Мусъаб онасидан айрилди, қалби парчаланган ҳолда кетди.
Ансорлар Расулуллоҳ ﷺга ёзиб, Ислом Мадинада ёйилаётганини, уларга таълим берувчи бир зот юборишни сўрашди. Расулуллоҳ ﷺ Мусъаб ибн Умайрни танладилар. У Исломнинг биринчи элчиси бўлди.
Унинг қўли билан Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Убода, Асъад ибн Зурора каби улуғ саҳобалар Исломни қабул қилди. Минглаб инсонлар унинг даъвати билан мусулмон бўлди.
Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ансорлар орасида Мусъаб ибн Умайрнинг қўлида шунчалик кўп инсон Исломга кирдики, деярли бутун Мадина унинг даъвати билан мусулмон бўлди”.
У Мадинада жамоат билан биринчи жума намозини ўқиган зот эди.
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида шаҳид бўлди. У байроқдор эди. Ўнг қўли кесилди — чап қўли билан байроқни ушлади. Чап қўли ҳам кесилди — байроқни кўкрагига босиб турди. Ниҳоят, кўкрагидан найза билан яраланиб шаҳид бўлди.
Расулуллоҳ ﷺ уни кўриб қаттиқ йиғладилар ва жуда қаттиқ ғам чекдилар.
Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати