Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июн, 2026   |   6 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:46
Bismillah
21 Июн, 2026, 6 Муҳаррам, 1448
Мақолалар

Экран ортидаги тажовуз

30.01.2026   7883   2 min.
Экран ортидаги тажовуз

Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Тугмани босиш билан дунёнинг исталган нуқтасидаги янгиликдан бохабар бўламиз. Бироқ, бу имконият ўзи билан бирга маънавий инқирозни ҳам олиб келди.

Интернетдаги анонимлик ва чегарасизлик маданиятсизликка йўл очиб берди. Айниқса, сўнгги пайтларда тармоқларда олимларни, зиёлиларни ва ўз соҳасининг мутахассисларини ҳақорат қилиш, уларни обрўсизлантиришга уриниш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

Тарихдан маълумки, қайси жамиятда илм аҳли қадрланса, ўша юрт юксалган. Олим – бу йиллар давомида мисқоллаб билим йиққан, уйқусиз тунлар, машаққатли меҳнат эвазига шу даражага чиққан ва жамиятга наф келтирадиган шахс бўлиб етишган. Уни ҳақорат қилиш нафақат бир инсонга, балки у ифодалаётган илмга, маърифатга ва тафаккурга қилинган тажовуздир.

Зиёли инсонларни қадрлаш шунчаки инсоний фазилат эмас, балки илоҳий буйруқдир. Қуръони Каримда олимларнинг мақоми ҳақида шундай марҳамат қилинади:

«...Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур...» (Мужодала сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло даражасини баланд қилиб қўйган шахсларни интернетда пастга уришга уриниш, нафақат илмга, балки илоҳий тақсимотга ҳам ҳурматсизликдир.

Олимларни обрўсизлантиришга уринишларнинг бир нечта сабаби бор:

  • - Жоҳиллик: Илмдан йироқ кимсалар олимларнинг фикрларини тушунмайди, "хато" деб ўйлайди ва уларнинг қадрини тўғри баҳолай олмайди;
  • - Эътиборталаблик: Машҳур инсонга тош отиш орқали ўзининг борлигини кўрсатишга уринади, “хайп” қилмоқчи бўлади ва шу орқали “обуначиларга” эга бўлишга ҳаракат қилади;
  • - Масъулиятсизлик: Экран ортида ўтириб, “менга ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди” деган хомхаёлга боради.

Илмий баҳс-мунозара соғлом жамият белгиси. Агар бирор олимнинг фикрига қўшилмасангиз, унинг фикрларига илмий асосланган раддия ёзинг. Аммо шахсиятга ўтиш, оиласини ёки обрўсини тажовуз ва ҳақорат қилиш, бу заифлик ва маданиятсизлик аломатидир.

Илм аҳлини хор қилган жамиятда барака бўлмайди ва у ерда адолат қарор топмайди.

Шуни ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, интернетдаги ҳақорат ва туҳмат учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. Ижтимоий тармоқда ёзилган ҳар бир сўз учун қонун олдида жавоб беришга тўғри келиши ҳам мумкин.

Интернет бизнинг маданиятимиз кўзгуси. Бу кўзгуни ҳақорат ва нафрат билан эмас, ҳурмат ва илм билан тўлдирайлик. Зеро, олимларни асраш келажакни асраш демакдир.

Шермуҳаммад Болтаев,

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Набавий табобат: Райҳон

12.05.2026   12133   1 min.
Набавий табобат: Райҳон

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони каримда райҳон зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

﴿وَالْحَبُّ ذُو الْعَصْفِ وَالرَّيْحَانُ﴾

Яна (унда) сомонли донлар ва райҳон (ва бошқа гуллар) бор (Раҳмон сураси, 12-оят).

﴿فَرَوْحٌ وَرَيْحَانٌ وَجَنَّةُ نَعِيمٍ﴾

(унинг учун) роҳат, райҳон (бўйи) ва неъматлар жаннати бордир” (Воқеа сураси, 89-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга райҳон таклиф қилинса, уни қайтармасин. Зеро кўтаришга енгил, ҳиди хушбўйдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Райҳоннинг хушбўй ҳиди кўнгилга хурсандчилик бағишлайди. Уни ҳидлаш ва уйга қўйиб қўйиш билан юқумли касалликлар даф бўлади. Баданга ишқаланса, терлашни, ортиқча рутубат ва нохуш ҳидларни кеткизади.

Қора райҳоннинг йирик баргли ва кўкиш ранглиси эритувчи хусусиятга эга. Шунингдек, у танадаги тиқилмаларни ҳам очади.


"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли

Мақолалар