Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Март, 2026   |   21 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:26
Қуёш
06:44
Пешин
12:38
Аср
16:38
Шом
18:28
Хуфтон
19:39
Bismillah
10 Март, 2026, 21 Рамазон, 1447

Қуръони карим таваккулнинг аҳамиятини баён қилади

10.02.2026   8353   3 min.
Қуръони карим таваккулнинг аҳамиятини баён қилади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло таваккул қилиш учун иймонни шарт қилди. Бу ҳақда:

﴿وَعَلَى اللَّهِ فَتَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ﴾

“Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз”[1] деб марҳамат этди.

Аллоҳ таоло таваккул қилиш аҳамияти ҳақида бундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир”[2]. Аллоҳ таоло таваккул қилувчи учун Ўзи мукофот беришини ҳамда унга Ўзи кифоя қилишининг башоратини маълум қилди. Бу энг гўзал кифоя қилишдир.

Шунингдек, ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб беришини ҳам зикр қилган. Қандай ҳам яхшики, таваккул қилувчиларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилса... Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ﴾

“Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир”[3].

Қайси даража Аллоҳ таолонинг севган кишисининг даражасидан буюкроқдир? Имом Ғаззолий бундай дедилар: “Аллоҳнинг муҳаббати билан тамғаланган мақом соҳибига ва унинг аҳволини Ўз кифояси билан кафолатланган кишига ҳурмат кўрсатаман. Кимники Аллоҳ кифоя қилса, севса ва сақласа, у буюк муваффақиятга эришади. Албатта, севилган киши азобланмайди, узоқлаштирилмайди ва тўсилмайди.”

Ким Аллоҳдан ўзгани кифоя қилишда қидирса ва таваккул қилишни ташласа, у: “Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми”?![4] оятини ёлғонга чиқарувчидир. Имом Ғаззолий айтадилар: “Аллоҳдан ўзгани кифоя қилишни қидирувчи ва таваккул қилишни ташлагувчи киши, кўргазмада ҳақни рад қилишни сўрагувчи кишига ўхшайди”.

Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади:

﴿وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَإِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ﴾

“Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир”[5].

Оятдаги “ғолиб”дан мурод, ким Ундан ёрдам, ҳимоя сўраса хор этмайди ҳамда Уни ҳимоя қилишини сўраса зое қилмайди. “Ҳикматли”дан мурод эса, кимда-ким Аллоҳнинг тадбирига таваккул қилса, Аллоҳ унинг тадбиридан адаштирмайди.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ عِبَادٌ أَمْثَالُكُمْ﴾

“Албатта, сиз Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлар ўзингизга ўхшаш бандалардир”[6]. Бу оятда Аллоҳдан бошқа ҳар бир банданинг ҳожати сизнинг ҳожатингизга ўхшайди, шундай экан, қандай қилиб уларга таваккул қилинади? дея баён қилиняпти.

Имом Ғаззолий бундай дедилар: “Қуръонда зикр қилинган ҳар бир тавҳид ўзгаларга мулоҳаза қилишни тўхтатиш ва ёлғиз Аллоҳга таваккул қилишга ишорадир”.[7]

Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобидан Яҳё домла АБДУРАҲМОНОВ таржимаси


[1] Моида сураси, 23-оят.
[2] Талоқ сураси, 3-оят.
[3] Оли-Имрон сураси, 159-оят.
[4] Зумар сураси, 36-оят.
[5] Анфол сураси, 49-оят.
[6] Аъроф сураси, 194-оят.
[7] Иҳё улумид-дийн 4-жуз, 233-234-бетлар.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Йўлдаги воқеа

10.03.2026   327   1 min.
Йўлдаги воқеа

Ёмғирдан кейин ногиронлик аравачасида кўчага чиққан онахон йўлдаги кўлмакда ётган нон бўлагини кўриб, олиб қўймоқчи бўлди. Аммо йўл ўртароғига етганида аравачанинг оёғи бир чуқурга тушиб, сиқилиб қолди.

Кўчадан тезликда ўтаётган бир мошинанинг онахонга сув сачратиб ўтгани майли, нон бўлагини босиб кетганидан дили хуфтон бўлди. Автоулов сал нарига бориб тўхтади. Сўнг орқалаб онахоннинг яқинига қайтди. Ундан бир йигитча тушиб, бошини бироз эгиб, айбдорона қиёфада онахоннинг олдига келди.

– Мен сизга сув сачратиб ўтдим, шекилли. Кечиринг, ҳожи она, телефонга чалғибман.

Йигит онанинг бироз титраб турган қўлларидан тутиб ўпди ва пешонасига сурди. Аравачани даст кўтариб йўлнинг четига олди. Онахон бир зумда эриб тушди. Йигитдан жудаям миннатдор бўлди ва насиҳат қилди:

– Менга сачраган сув-ку, қуриб кетади. Аммо сен нонни босиб ўтдинг, болам. Бизлар болалигимизда тўйиб нон есак, ўша бизга катта байрам эди. Ўзинг тарбияли йигит экансан, йўлда бунақа тез ҳайдама. Ҳар нарсанинг уволи бор, шуни унутма.

Йигит, “Хўп бўлади”, дер экан, Рамазон ойининг фазлидан диллар мум каби эришини, қўлдан келганча яхшилик қилиш, одамларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилиш кераклигини дилдан ҳис этди.

 

Акбаршоҳ Расулов

Ибратли ҳикоялар