Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Хоразм вилояти Шовот тумани "Араб бобо" жоме масжиди имом-хатиби Умрбек домла Умаровнинг волидаи муҳтарамалари Раънохон онанинг вафоти муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, Иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Жаноза намози бугун, 8 апрель куни соат 11:00 да Шовот тумани Бунёдкор маҳалласидаги уйида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қувайтнинг нуфузли “Al-Seyassah”, “Alwakt News” ва “The Times Kuwait” нашрларида қувайтлик эксперт ва жамоат арбоби, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Тижорат арбитраж марказининг собиқ бош котиби Тариқ Юсуф аш-Шумаймирийнинг “Самарқанддан Файлакагача: замин цивилизация тилида сўзлаганда номли мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф жорий йилнинг август ойида юртимизга амалга оширган ташрифи давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлгани, бой тарихий-маданий мерос, меъморий обидалар, қадимий бозорлар ҳамда халқимизнинг меҳмондўстлик анъаналари унда катта таассурот қолдиргани ҳақида ёзади.
Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиёнинг қадимий шаҳри Самарқанд ҳамда Форс кўрфазидаги тарихий Файлака ороли халқлар ва маданиятларни бирлаштирувчи ўзига хос цивилизацион кўприк вазифасини бажарган. Самарқанд Шарқ ва Ғарбни боғлаган қуруқликдаги карвон йўллари чорраҳаси бўлган бўлса, Файлака денгиз савдо йўлларида муҳим стратегик макон ҳисобланган. Юртимиздаги илм-маърифатга бўлган юксак эҳтиром ва жамоатчилик анъаналари Қувайт жамиятидаги қадриятлар билан муайян муштаракликка эга экани алоҳида эътироф этилади.
Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17–18 февраль кунлари Қувайт Давлатига амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаргани таъкидланади. Ташриф якунлари бўйича саноат, авиация, “ақлли шаҳарлар”, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият ва санъат каби соҳаларда умумий қиймати қарийб 4,9 миллиард долларлик келишувлар ва инвестиция лойиҳалари пакети шакллантирилди.
Шунингдек, Қувайт Араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг юртимиздаги инфратузилма ва соғлиқни сақлаш лойиҳаларидаги иштироки амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида кўрсатиб ўтилади.
Мақола якунида таъкидланганидек, Самарқанд ва Файлака ўртасидаги тарихий муштараклик ҳамда бугунги тўғридан-тўғри авиақатновлар, фаол инвестициялар ва маданий алмашинувлар икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати