Ислом оламида Қуръони каримни муайян қироат йўналиши ва санад (устозлар занжири) билан ўрганиш ҳамда бу борада ижоза олиш қадимий анъана бўлиб, у илоҳий каломни асл ҳолича сақлашга хизмат қилади.
Тошкент ислом институти ҳузуридаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида ушбу хайрли анъана изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, қуйидаги устозлар қироат илмини муваффақиятли якунлаб, ижоза соҳибига айланди:
Нуруллоҳ қори Сайдуллаев – “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси устози. У киши Имом Осим қироатининг Ҳафс ривоятини “Шотибий” йўли асосида тўлиқ топширди.
Файзуллоҳ қори Иззатуллаев – Ўқув курсининг Янгийўл тумани филиали устози, Зангиота туманидаги “Садр ота” жоме масжиди имом-хатиби. Файзуллоҳ қори Имом Осим қироати, Ҳафс ва Шўба ривоятларини “Шотибия” йўли орқали якунлади.
Қуръони каримни мазкур йўналишлар бўйича тўлиқ хатм қилган устозларимизга ижоза шаҳодатномаларини 10 та қироат соҳиби, Ал-Азҳар шайхи Иброҳим Муҳаммад тантанали равишда топширди. Мазкур ҳужжат соҳибига Қуръони каримни нафақат қироат қилиш, балки ўзлаштирилган йўналишлар бўйича бошқаларга ҳам дарс бериш ҳуқуқини беради.
Маълумки, ижоза – Қуръони каримни ривоят қилиш учун устоз томонидан бериладиган илмий изндир. Бу шаҳодатноманинг аҳамияти шундаки, унинг силсиласи устоздан устозга ўтиб, бевосита Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади.
Аллоҳ таоло устозларимизнинг илмий фаолиятларини хайрли ва баракотли қилсин. Қуръон нури билан халқимиз маърифатини юксалтириш йўлидаги хизматларида зафарлар ёр бўлсин!
Oliymahad.uz
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати