Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун – Ёшлар куни.
Аввало, шуни айтмоқчиман: Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!
Сизлар илм олиш учун эшиклари очиқ бўлган юртда яшаяпсиз. Илм олишни истасангиз, касб-ҳунар ўрганишни истасангиз ҳам, олий таълим олишни истасангиз ҳам имкониятлар бор. Ота-онангиз тинч осмон остида сизнинг камолингизни орзу қилиб яшаяпти.
Бу неъматларнинг қадрига етинг.
Ҳар бир неъматнинг шукри бўлади. Ёшлигингизнинг шукри – уни Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфлашдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят).
Азиз ёшлар!
Бугун дунё сиз учун курашмоқда. Аммо бу кураш қурол билан эмас, қалбингиз учун курашдир.
Бир томонда муаллим устозларингиз чақиради.
Иккинчи томонда нафс чақиради.
Бир томонда ота-онанинг дуоси.
Иккинчи томонда интернетдаги номаълум одамларнинг чақириқлари.
Бир томонда юртимиз уламолари.
Иккинчи томонда ўзини “ҳақиқат тарафдори” деб кўрсатадиган, аммо аслида ёшларни фитна, ғазаб ва адоват сари етаклайдиган бузғунчи оқимлар.
Улар сизга: “Фақат биз ҳақмиз”, дейди.
Аммо уларнинг ортидан борган қанча ёшлар ота-онасидан, илмидан, юртидан айрилди, энг ачинарлиси эса, хотиржамлигини ҳам йўқотди. Улар бахт излаб чиқиб, бахтини йўқотди.
Ислом эса, инсонни ота-онасига меҳрибон, юртига фойдали, илмга ташна, одобли ва раҳмли бўлишга чақиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлик ҳам мана шу икки неъматнинг энг гўзал давридир.
Бугун телефонингизда биргина тугма билан дунёнинг ҳар хил фикрлари кириб келади.
Аммо унутманг...
Ҳар кўп кузатиладиган одам ҳақ бўлавермайди.
Ҳар чиройли гап жаннатга олиб бормайди.
Баъзан энг хавфли заҳар энг ширин идишда бўлади.
Шайтон ҳам ҳеч қачон инсонни: “Кел, гуноҳ қил”, деб бошламайди. Аввал: “Фақат битта видео кўр”, дейди. Кейин: “Фақат битта шубҳали саҳифани ўқиб кўр”, дейди. Сўнг эса қалб аста-секин нурини йўқота бошлайди.
Бугун сен кимни тинглаётганинг – эртага ким бўлишингни белгилайди.
Ким билан юрганинг – қаерга боришингни белгилайди.
Нимани кўраётганинг – қалбинг қандай бўлишини белгилайди.
Шунинг учун уламоларга маҳкам ёпишинг.
Диёрингиз уламоларига яқин бўлинг.
Жонажон ватанингизни дўст тутинг.
Илм-ҳунарни ҳаётингизнинг энг гўзал лаҳзасига айлантиринг.
Ота-онангизнинг розилигини йўқотманг.
Чунки ота-онанинг биргина дуоси баъзан инсонни дунё ва охират саодатига олиб боради.
Азиз ёшлар!
Ёшлик – ўтиб кетадиган фасл.
Бугун кучли оёқлар бир кун қарийди.
Бугун ўткир кўзлар бир кун хиралашади.
Бугун тез югураётган юрак ҳам бир кун тўхтайди.
Аммо ёшлигингизда ватанингизга қилган бир фидоийлик, бир садақа, бир илм, бир яхшилик Қиёмат кунигача сиз билан қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар: Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралади. Улардан бири “Ёшлигини нимага сарфладинг?”.
Шундай экан, бугун жавобини тайёрлайлик.
Эй ёшлар!
Сиз бу юртнинг умидисиз.
Ота-онангизнинг қувончисиз.
Устозларингизнинг мевасисиз.
Умматнинг эртанги кунисиз.
Шундай экан, ҳеч ким сизнинг пок қалбингизни ўғирламасин.
Ҳеч ким сизни илм йўлидан чалғитмасин.
Ҳеч ким сизни фитнага бошламасин.
Илм билан юксалинг.
Одоб билан безанинг.
Шундай ёш бўлингки, сизни кўрган ота-она: “Аллоҳим, Ўзинга шукур, фарзандимдан розиман Сен ҳам рози бўлгин”, деб дуо қилсин.
Аллоҳ таоло барча ёшларимизни иймони мустаҳкам, илми зиёда, одоби гўзал, ота-онасига садоқатли, Ватанига фойдали ва умматга хизмат қиладиган солиҳ инсонлардан айласин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби
Мисрнинг қатор етакчи ОАВда Ўзбекистон–Миср ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлар алмашинувини ошириш ҳамда икки мамлакатнинг бой тарихий, маданий ва диний меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Жумладан, “Aldiplomasy”, “Eldameer”, “Al-Muntasaf”, “Almsaey”, “Altaqrernews”, “Albawabhnews” каби нашрларда туризм икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида баҳоланиб, уни ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилган.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Киличев Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни таъкидлаган. Мисрлик сайёҳлар учун электрон виза имкониятининг жорий этилиши туризм, бизнес ва маданий алмашинувни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида қайд этилган.
Мақолаларда Ўзбекистон ва Мисрнинг муштарак исломий меросидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Қоҳирадаги Ал-Азҳар уш-Шарифни Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси билан боғлаш орқали диний-маърифий туризмни ривожлантириш таклиф этилган.
Бу борада “Умра Плюс” дастурлари муҳим аҳамият касб этиб, зиёрат сафарларини тарихий шаҳарлар, меъморий обидалар ва маданий масканларга ташрифлар билан уйғунлаштириш имконини беради. Мисрлик сайёҳларни Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентга жалб этиш ҳамда икки мамлакат туроператорлари ўртасида қўшма сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш истиқболлари ҳам кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Исломиддин Сирожиддинов мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этиб, тоғли ҳудудлар, қишки курортлар, тарихий обидалар ва миллий маданият мисрлик сайёҳлар учун жозибадор йўналишлар эканини таъкидлаган.
Чимён, Амирсой, Чорвоқ, Зомин миллий боғи, Самарқанд ва Хива каби масканларни тарғиб қилиш, мисрлик туроператорлар ва журналистлар учун танишув сафарларини ташкил этиш ҳамда араб тилидаги тарғибот материалларини тайёрлаш таклиф этилган.
Мақолаларда келтирилишича, Ўзбекистон ўтган йили 11,7 миллион ташриф буюрувчини қабул қилган, жорий йилнинг биринчи ярмида эса сайёҳлар оқими 25 фоизга ўсган.
Миср томони вакиллари ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, сайёҳлик йўналишларини ўзаро боғлаш ва хизматлар сифатини ошириш муҳимлигини қайд этган. Миср Туризм палаталари федерацияси раиси ўринбосари Носир Турки авиақатновларни ривожлантириш ва виза тартибларини соддалаштиришни қўшма туристик дастурлар муваффақиятининг асосий шартлари сифатида кўрсатган.
Халқаро “Умра Плюс” туризм уюшмаси раиси ўринбосари Ҳакан Шаҳин 2027 йилда Мисрга 100 мингдан 150 минг нафаргача ўзбек сайёҳини жалб этиш ҳамда 6–7 июнь кунлари Қоҳирада халқаро туризм кўргазмасини ташкил этиш режаларини маълум қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати