Президентимизнинг Мурожаатномаси юртимиз ҳаётида тобора алоҳида аҳамият касб этиб бораётган муҳим воқеадир. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу ижобий тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Янги марралар белгиланади. Кўзланган мақсадлар мазмунидан келиб чиқиб, бошланажак йил номи таклиф этилади.
2022 йил 20 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мана шундай тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари қатори мен ҳам иштирок этдим.
Ушбу Мурожаатномада юртимиз тараққиётининг янги босқичини ўз ичига олган режалар тақдим этилишини миллионлаб мўмин-мусулмонларимиз катта қизиқиш билан кузатди. Аҳамиятлиси, ана шу теран мулоҳаза билан узоқни кўзлаб қилинган чиқишнинг ҳар бир жиҳати жуда кенг масалаларни ўз ичига қамраб олган.
Давлатимиз раҳбари келгуси йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида гапириб, Янги Ўзбекистон стратегиясининг давомийлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиши бошланган эзгу ишларнинг узвий давоми бўлди.
Азим пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган бу галги нуфузли анжуманда давлатимиз раҳбари ҳозирги ғоят мураккаб даврда тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш нечоғлиқ муҳим экани ҳақида сўз юритиб, ушбу жиҳатларга алоҳида тўхталди: “Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Лекин такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми?
Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”.
Шубҳасиз, ҳозирги кунда юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш йўналишидаги ишларни изчил давом эттириш долзарб вазифадир. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик — Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикда бўлади. Бу неъмат бебаҳо экани тўғрисида ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган.
Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятида тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (“Моида” сураси, 16-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган вазифаларни мукаммал ва хотиржам адо этиш ҳамда олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришиш учун, албатта, тинчлик-осойишталик зарур. Яратган Парвардигор ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, шайтоний йўлларга эргашмасликка амр этган: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (“Бақара” сураси, 208-оят).
Демак, тинчлик қарор топган юртдагина осудалик ҳукм суради, фарзанду набиралар эмин-эркин камолга эришади, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини хотиржам адо этади. Буларнинг барчаси тинчлигимиз шарофатидан.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бугунги кунда тинчликдек улуғ неъматдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмаслигини алоҳида қайд этди. Чунки дунёнинг турли бурчакларида, айниқса, мусулмон ўлкаларда террорчилар томонидан қўпорувчиликлар, ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда. Бундай мудҳиш воқеалар дунёнинг тинчликсевар халқлари қатори биз, мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбини ларзага солмоқда.
Президентимиз нутқида “Маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, дея алоҳида таъкидлади. Бунинг замиридаги ҳикмат шундаки, қуролга қурол билан жавоб берилса, шу ҳолат давом этаверади, уруш-низолар барҳам топмайди. Лекин уларга илму ирфон, маърифат билан жавоб берил-са, қилаётган ишлари хато экани тушунтирилса, уларнинг муносабати ижобий томонга, албатта, ўзгаради.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида муборак ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка, хусусан, ёшларга етказиш муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этди.
Аллоҳ таоло диёримизга Ўзининг азиз неъмати — тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Атрофга назар солсак, бизни ўраб турган сон-саноқсиз неъматлар қуршовида яшаётганимизга амин бўламиз. Қуръони каримда Роббимиз бундай марҳамат қилади: “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингизни ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз”.
Биз қанча шукр қилсак, шунча оз. Ушбу сурурли дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик неъматининг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Чунки неъматлар шукри билан давомли ва зиёда бўлади. Зеро, муқаддас Каломда “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб марҳамат қилинган (“Иброҳим” сураси, 8-оят). Ҳар бир инсон бахтли, фаровон, тўкинчиликда яшашни истайди. Бунинг учун эса Яратганнинг берган неъматларига шукр вожиб бўлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига дадил одимлаётгани ва барча соҳаларда катта ютуқларни қўлга киритаётгани Парвардигорнинг чексиз марҳаматидир.
Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.
Юртимиз бўйлаб қад ростлаган, муҳташам қиёфа касб этган масжидлар сони 2100 дан ошди. Сўнгги 5-6 йилнинг ўзида 70 дан зиёд янги масжид очилди, 200 дан зиёди қайта бунёд этилди. Бундай ишлар жадал давом этмоқда.
Охирги йилларда 3 та диний таълим муассасаси — Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси таъсис этилди, қабул квоталари бир неча баробар оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши диний соҳа ривожланишида муҳим босқич бўлди.
Ҳаж сафари квотаси жорий йилда 12 минг нафарга етди, 70 минг нафарга яқин юртдошимиз умра зиёратини амалга ошириш бахтига эришди.
Бугун динимиз таълимотларини илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этишга ҳар қачонгидан кенг эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизациями маркази барпо этилмоқда.
Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, турли ҳудудларда ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмий мактаблари мавжуд.
Албатта, мана шундай улкан неъматларнинг бардавом бўлиши Яратган Парвардигорнинг улуғ инояти ва ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликнинг маҳсулидир.
Унутмаслик керакки, тинчлик учун, уни асраб-авайлаш учун БАРЧА МАСЪУЛ!
Бу, ўз навбатида, доимий ва қатъий ҳаракатларни талаб этади. Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.
Шу ўринда биз — дин пешволари, уламолар ва имом-хатиблар ўз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда, тинчликни таъминлашга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашимиз зарур.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобаи киромлар: “Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳ таолога дуо қилганимизда кўпроқ нимани сўрайлик?” деб сўраганда, Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик) сўранглар”, деганлар. Шу нуқтаи назардан, қайси хонадонга кирманг, қандай йиғин ёки маърака бўлмасин, фотиҳага қўл очилганда, ёшу қари, эркагу аёл — барчамиз Яратгандан тинчлик ва осойишталикни сўраб дуо қиламиз.
Мана шундай тарғибот ишларида диний соҳа ходимлари ислом дини радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби ижтимоий иллатларни бутунлай қоралашини таъкидламоқда. Зеро, Аллоҳ таоло Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб, “Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (“Бақара” сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса, “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” деб огоҳлантирган. Расул алайҳиссалом ҳадиси шарифларида “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу фаолиятда миллий мустақиллик ғояси бирлаштирган, ҳур фикрли ва тараққийпарвар аждодларимиз бўлган жадидларнинг миллий онгни юксалтириш, аҳоли ичида маърифат тарқатиш, таълимни ривожлантириш, озод ва фаровон, демократик жамият қуриш каби ғоялар илгари сурилган илмий меросидан кенг фойдаланиш тарихий заруратдир.
Шундай экан, атрофга бир назар ташлайлик, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб, кишининг кўзи қувнайди, дили яйрайди.
Шуларни ҳис этарканмиз, муҳтарам азизлар, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли замонга тўғри келганини англатайлик. Буларнинг барчасига шукр қилиш керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Инсон — азизу мукаррам зот. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб номлаш таклифи илгари сурилгани кўпчиликни қувонтирди. Сабаби, Мурожаатномада баён этилган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Бундай хайрли ишлар юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлиши керак, деган тамойилнинг мантиқий давомидир.
Ислом инсон қадрини ниҳоятда юқори даражага кўтаради. Динимизда инсоннинг қадр-қиммати қалби поклиги, мақсади эзгулиги, ундаги имон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина одамлар ҳақиқий қадрини топади. Зотан, ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон қадрини улуғлашдир. Дунёдаги барча нарсалар инсонга беминнат хизмат қилиш учун яратилган.
Қуръони каримнинг бир неча оятида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Жумладан, “Исро” сурасининг 70-оятида “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деган эканлар.
Янги Ўзбекистонда ҳам барча ислоҳотлар инсоннинг мана шундай фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган.
Инчунин, бугун инсон қадри-қиммати ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар янада янги поғонага кўтарилмоқда.
Инсондаги азизлик ва мукаррамлик шарафи кишига ғурур-ифтихор бағишлаши баробарида халқ манфаати, дин ривожи ва мамлакат ободлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшишга ундайди.
Сўзимни Имом Мотуридий бобомизнинг Мурожаатномада келтирилган: “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳикмати ҳар бир мутасаддининг ҳаётий шиори бўлишига даъват этиш билан якунлайман.
Бугун, 4 декабрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш чора-тадбирларини кўрдилар.
Қабул жараёнида Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, оилавий масалалар, диний таълим, ҳаж-умра ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Қайд этиш керакки, моддий ёрдамлар тегишли ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартиб-қоида асосида тақдим этилди.
Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга асосан бугун Шайх ҳазратлари мутасаддилар билан бирга турли масалалар билан мурожаат қилган кишиларнинг ташвишлари аришига кўмаклашдилар. Илиқ кутиб олинган фуқаролар мутасаддилардан мамнун бўлиб, мурожаатлари ижобий ечим топганидан мамнун ҳолда қайтдилар.
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати