Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий айтадилар: “Дамашқлик устозим 97 ёшда бўлсаларда, тетик, ҳатто тишлари ҳам соппа-соғ, кўзлари равшан эди. Қизиқиб бунинг сабабини сўраганимизда: “Ёшлигимизда аъзоларимизни гуноҳлардан асрагандик, қариганимизда Аллоҳ таоло уларнинг хизматидан бизни маҳрум этмади”, деб жавоб бердилар”.
Аллома Табарий раҳимаҳуллоҳ 70 ёшида ҳам кемадан қуруқликка сакраб тушардилар. Ёшлар таажжубланиб: “Бунча куч-қувват қаердан?” деб сўрашганда, у зот: “Биз аъзоларимзни ёшлигимизда гуноҳлардан сақлаган эдик, қариганимизда эса Аллоҳ таоло уларни биз учун сақлаб қолди”, дедилар.
Тобеъин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ёшлари 90 дан ошган бўлсада далада ишлардилар. Буни кўрган одамлар: “Ёшлигингни қандай сақлаб қолдинг?” деб сўрашди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Мен ёшлигимни сақлаб қолдим, Аллоҳ эса кексалигимни сақлаб қолди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўзнинг зиноси – (номаҳрамга) қарашдир”, деганлар. Бошқа бир ривоятда “Кўз ҳам зино қилади. Кўзнинг зиноси (номаҳрамга) қарашдир”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД