Аллоҳ таолога иймон келтириш баёни
2 - إِلَهُ الْخَلْقِ مَوْلاَنَا قَدِيمٌ وَمَوْصُوفٌ بِأَوْصَافِ الْكَمَالِ
Маънолар таржимаси:
Барча махлуқотларнинг илоҳи эгамиз қадимдир ва комил сифатлар билан сифатлангандир.
Назмий баёни:
Эгамиз қадимдир олам илоҳи,
Бенуқсон комилдир Унинг сифоти.
Луғатлар изоҳи:
إِلَهُ – бу калима فِعَالٌ вазнида бўлса ҳам مَفْعُولٌ яъни مَأْلُوهٌ маъносидадир. Худди كِتَابٌ калимаси فِعَالٌ вазнида бўлса ҳам مَكْتُوبٌ “ёзилган” маъносида бўлгани каби. مَأْلُوهٌ нинг маъноси مَعْبُودٌ яъни, “ибодат қилинувчи Зот”дир.
الْخَلْقِ – калимаси اَلْمَخْلُوق маъносида келган. Бундаги اَلْ “истиғроқия”[1]дир. Шунга кўра бу калима барча махлуқотларни ўз ичига қамраб олади. الْخَلْقِ إِلَهُ ушбу изофа “ихтисос”ни (ўзига хос хусусиятни) ифодалайди. Яъни барча махлуқотларнинг илоҳлиги фақат Аллоҳга хос, деган маънони билдиради.
مَوْلاَنَا – бу калима الْخَلْقِ إِلَهُ дан бадал бўлиб, луғатда “эгамиз”, “мададкоримиз” маъноларини англатади.
قَدِيمٌ – қадим калимаси луғатда “борлигининг ибтидоси йўқ” маъносини англатади. Қадим калимаси умумий уч хил маънода ишлатилади:
وَ – мутлақ жамлаш учун келтирилган атф ҳарфи. Атф луғатда “бирикмоқ” маъносига тўғри келади. Истилоҳда эса икки исм ёки икки феълни эъроб жиҳатидан олдингиси ҳукмини кейингисига ҳам ўтказиш атф қилиш дейилади. Атф қилиш уларнинг ўрталарига атф ҳарфларини келтириш билан бўлади. Атф ҳарфлари тўққизта бўлиб, бир-бирларидан фарқли маъноларни ифодалайди:
حَسَنٌ لَكِنْ أَحْمَدُ جَاءَ مَا (Аҳмад келмади, лекин Ҳасан келди).
حَسَنٌ حَتَّى أَحْمَدُ جَاءَ (Аҳмад келди, ҳатто Ҳасан ҳам келди). Яъни ушбу атф ҳарфи Аҳмаддан Ҳасангача бўлган ҳамманинг келганини, аммо ундан кейингилар келмаганини ифодаламоқда. Шунингдек ушбу ҳарф жор ҳарфи ҳам ҳисобланади. Аҳмад Ҳодий Мақсудий раҳматуллоҳи алайҳ حَتَّى нинг жор ҳарфи ва атф ҳарфи бўлиши орасидаги фарқни битта мисолда ажойиб равишда тушунтириб берган:
– Жор ҳарфи бўлганда: رَأْسِهَا حَتَّى السَّمَكَةَ اَكَلْتُ (Битта балиқни едим, ҳатто боши қолди холос).
– Атф ҳарфи бўлганда: رَأْسَهَا حَتَّى السَّمَكَةَ اَكَلْتُ (Битта балиқни едим, ҳатто бошини ҳам еб қўйдим).
مَوْصُوف – васф деганда маълум бир зотга маъно эътиборидан далолат қилган нарса тушунилади. Сифат ва васф бир хил маънони англатади. Фақатгина сифат сифатланмишдаги маълум бир белгини ифодаласа, васф сифатловчининг таърифини англатади.
بِأَوْصَافِ – بِ ҳарфи “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносида келган жор ҳарфи бўлиб مَوْصُوف га мутааллиқдир.
الْكَمَالِ – музофун илайҳ. Луғатда “нуқсонсиз тўлиқ” маъносига тўғри келади.
Матн шарҳи:
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ бошқа ақида китоблари услубига риоя қилиб, дастлаб “илоҳиёт” бобига тааллуқли масалаларни баён қилишга киришган. Илоҳиёт қисмида ўрганиладиган масалаларнинг мағзи мўмин банданинг Роббисига нисбатан одобларини ўрганиш бўлади.
Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари
Одоб улуғ фазилатларга эришишга сабаб бўладиган асосий восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир замон ва маконда инсонлар маълум бир одобларга риоя қилишга муҳтож бўладилар. Ана шу эътибордан динимизда энг оддий нарсаларга нисбатан бўладиган одобдан тортиб Аллоҳ таолога нисбатан одобгача батафсил баён қилиб қўйилган. Мазкур одобларни ўрганиб, уларни ўзининг ажралмас сифатига айлантириб олган мўмин банда дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли ҳаётга эришади. Ислом таълимотларидаги ушбу одобларнинг энг улуғи – Аллоҳ таолога нисбатан одоб ҳисобланади. Уламолар Аллоҳ таолога нисбатан одобларни ўрганувчига олдин У зотни Ўзи ва Расули танитганидек таниб олиш лозимлигини уқтирадилар.
Шу маънода Аллоҳ таоло ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади:
– Аллоҳ таоло осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зотдир;
– Аллоҳ таоло осмонлару ердаги бирор зарра ҳам Унга махфий бўлмаган, барчасини ададлари билан билиб турувчи Зотдир;
– Аллоҳ таоло Ундан олдин бирор нарса бўлмаган, барча нарсалар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимо бор бўлиб турувчи Зотдир;
– Аллоҳ таоло бирор нарсадан ожиз қолмайдиган, барча нарсага қодир Зотдир;
– Аллоҳ таоло бандаларига ҳатто улар санаб ҳам чиқа олмайдиган даражада кўплаб неъматларни ато қилиб турувчи Зотдир;
– Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамду сано айтиб улуғлашларига ва қуллик қилишларига ҳақли бўлган ягона Зотдир.
Булардан бошқа сифатларини ҳам Қуръон ва суннатда баён қилинганидек таниб олиш керак бўлади.
Аҳмад ибн Осим Антокий раҳматуллоҳи алайҳ: “Кимки Аллоҳ таолони кўпроқ таниган бўлса, Ундан кўпроқ қўрқувчи бўлади”, – деган.
Мўминнинг Аллоҳ таолога нисбатан одоблари деганда, асосан, қуйидаги одоблар тушунилади:
Биринчи одоб – Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлиш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан бири У зотга муҳаббатли бўлишдир. Мўмин банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати билан тўлиқ бўлиши лозим. Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлиш деганда қуйидаги ишлар тушунилади:
– Аллоҳга бўлган муҳаббат бошқа барча муҳаббатлардан муқаддам туриши керак;
– Барча яхши кўрилган нарсалар Аллоҳга бўлган муҳаббатдан келиб чиқиши керак;
– Банда қалбидаги Аллоҳ муҳаббати бошқа барча муҳаббатларни бўйсундириши керак.
Ушбу муҳаббатга эга бўлиш мўмин киши учун қанчалар аҳамиятга эга экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у иймон таъмини албатта ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан энг севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ уни қутқазганидан сўнг куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.
Демак, мўминлик бахтини ҳис қилиш учун Аллоҳга муҳаббатли бўлиш керак.
Иккинчи одоб – Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан бири У зотни кўп зикр қилиш ҳисобланади. Аллоҳга иймон келтирган, Уни яхши кўрган банда қалбида муҳаббат ва рағбат билан, тилида дуо-ю тасбиҳлар билан, бошқа аъзоларида тоат-ибодатлар билан доимо У зотнинг зикрида бардавом бўлиши лозим. Аслида ушбу ишларнинг барчаси иймон тақозоси ҳисобланади. Чунки бу ишлар мўминлар учун Роббиларининг буйруғидир:
“Эй иймон келтирганлар Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар”[2].
Оятда келган “кўп зикр қилинглар” деган буйруқ тил билан зикр қилишни ҳам, қалб билан зикр қилишни ҳам ўз ичига қамраб олади. Эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этишга бўлган буйруқдан эса банданинг асосий вақти зикр билан ўтиши лозимлиги тушунилади. Чунки бир нарсанинг аввали ва охири айтилса одатда ўртаси ҳам улар билан қўшиб тушунилади.
Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш бандага дунё ва охиратда кўплаб манфаатлар келтиради:
– Аллоҳнинг зикри сабабли қалблар ором олади. Бундай қалб мусибат чоғида ҳам жазавага тушмайди;
– Аллоҳнинг зикри сабабли шайтондан сақланилади. Чунки шайтон Аллоҳ зикр қилинган жойдан қочади;
– Аллоҳнинг зикри яхши ишларни кўп қилишга сабаб бўлади. Зеро Аллоҳнинг зикри энг улуғ солиҳ амаллардан ҳисобланади.
Учинчи одоб – Аллоҳ таолонинг ҳукмларига риоя қилиш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотнинг ҳукмларига риоя қилишдир. Банда Аллоҳ таолонинг буйруқларига сўзсиз итоат этиши, қайтариқларидан қатъи равишда қайтиши лозим. Бу ҳақида севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос шахсида бутун умматларига шундай насиҳат қилганлар:
Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида эдим. У зот: “Эй бола, мен сенга бир калималарни ўргатиб қўяман: Аллоҳни (Унинг шариатини) сақлагин, У сени (тўғри йўлда) сақлайди, Аллоҳни (Унинг шариатини) сақлагин, Уни олдингда топасан, агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг Аллоҳдан иста, билгинки, агар сенга бирор нарсада фойда бериш учун бутун уммат тўпланса ҳам, Аллоҳ сенга битиб қўйган фойдадан бошқа бирор фойда бера олмаслар, агар сенга бирор нарсада зарар бериш учун бутун уммат тўпланса ҳам, Аллоҳ сенга битиб қўйган зарардан бошқа бирор зарар етказа олмаслар, қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуригандир”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда қайси бир банда тўғри йўлда бардавом бўлишни хоҳласа, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига риоя қилиши, бу йўлда машаққатларга дуч келса, Аллоҳдан ёрдам сўраб сабр билан ҳаракат қилиб бориши тавсия қилинган. Динимизнинг мўминларга берадиган бахту-саодатидан баҳраманд бўлишни истаган киши албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу насиҳатлари асосида ҳаёт кечириши лозим.
Тўртинчи одоб – Аллоҳга ибодат қилишда ихлосли бўлиш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири У зотга ибодат қилишда ихлосли бўлишдир. Зеро амалларнинг қабул бўлиши ихлосга боғлиқ бўлади. Қанчадан-қанча машаққат билан адо этилган амалларнинг қиёмат кунида заррача фойда келтирмаслиги ихлос йўқлиги сабабли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалларни ихлос балан адо этишга тарғиб қилиб шундай деганлар:
Муовия ибн Абу Суфёндан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта амаллар идиш сингаридир. Агар таги яхши бўлса, юқориси ҳам яхши бўлади, агар таги яроқсиз бўлиб қолган бўлса, юқориси ҳам яроқсиз бўлиб қолади”, – деяётганларини эшитдим”. Ибн Можа ривоят қилган.
Яъни банданинг амаллари ичига нарса солиб тўлдириб қўйилган идишларга ўхшайди. Идишдаги нарсаларнинг таги бузилмаган бўлса, юқориси чиройли бўлиб тураверади. Худди шу сингари амалларнинг ҳам асли бўлган ният ва ихлос ўзгармаган бўлса, амалларнинг зоҳири ҳам гўзал бўлиб тураверади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Қалб подшоҳдир, аъзолар эса унинг аскарларидир, агар подшоҳ яхши бўладиган бўлса, аскарлари ҳам яхши бўлади, агар подшоҳ ёмон бўладиган бўлса, аскарлари ҳам ёмон бўлади”, – деган.
Абу Сулаймон: “Қачон банда ихлосли бўладиган бўлса, кўп васваса ва риё уни тарк этади”, – деган.
Демак, банда амаллари қабул бўлиб, Қиёмат кунида ўзига манфаат келтиришини истаса, Роббисига нисбатан одобли бўлиши, яъни Унга ибодат қилишда ихлосли бўлиши лозим.
Бешинчи одоб – доимо Аллоҳнинг кузатиб турганини ҳис қилиб туриш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири У зотнинг кузатиб турганини доимо ҳис қилиб яшашдир. Бу иш Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланади:
“Ва билингки, Аллоҳ ичингиздагини албатта билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг”[3].
Яъни Аллоҳ таоло асл мақсадларингизни билиб турибди. Шунинг учун унинг жазосига гирифтор бўлишдан ҳазир бўлинг.
Суфён Саврий бу ҳақида шундай деган: “Сен доимо Унга бирор иш махфий бўлмайдиган зот кузатиб турганини ҳис қилиб туришинг, ваъдасига хилоф қилмайдиган зотдан умидвор бўлиб туришинг, жазолашга қодир зотга (исён қилишдан) сақланишинг лозим”.
Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшаш бандани доимо тоат-ибодатларга ғайрат қилишга, маъсиятлардан сақланишга ундаб туради.
Олтинчи одоб – Аллоҳ таолодан қўрқиш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотдан қўрқишдир. Аллоҳ таолодан қўрқмаслик Унга нисбатан беодоблик ҳисобланади. Бу беодоблик инсонни Аллоҳга исён қилишга, У зот ҳаром қилган нарсаларни содир этишга олиб боради. Шунинг учун ҳам У зот Ўзидан қўрқишга амр қилган:
“Ва агар мўмин бўлсангиз, мендан қўрқинглар”[4].
Аллоҳдан қўрқиш банда учун ўта муҳим бўлганидан ориф зотлар уни тарғиб қилишга катта эътибор қаратганлар:
– Абул Қосим Ҳаким: “Ким бирор нарсадан қўрқса, ундан қочади, Аллоҳдан қўрққан Унга қочади”;
Бишр Ҳофий: “Аллоҳдан қўрқиш фақат тақводорнинг қалбигагина ўрнашадиган мулкдир”;
– Абу Ҳафс: “Хавф қалбнинг чироғидир. Қалбдаги яхши ва ёмон нарсалар ушбу чироқ билан кўрилади”;
– Яҳё ибн Муъоз: “Бечора одам боласи, агар дўзахдан камбағалликдан қўрққанчалик қўрққанида, албатта жаннатга кирган бўлар эди”.
Аллоҳ таолодан қўрқиш банда учун кўплаб манфаатлар келтиради:
– Маъсиятлардан қайтариб туради;
– Тоат-ибодатларга ундаб туради;
– Қалб доимо Аллоҳни ёд этиб туради;
– Қалб Аллоҳ қўрқуви билан тўлиқ бўлгани сабабли бошқа қўрқувларга ўрин қолмайди.
Еттинчи одоб – Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотдан ҳаё қилишдир. Банда Аллоҳ таолонинг ўзини доимо кўриб, ҳолатларидан хабардор бўлиб турганини билиши ва У зотдан ҳаё қилиши лозим. Аллоҳдан ҳаё қилиш қандай бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай тушунтирганлар:
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишда ҳаё қилинглар”, дедилар. Биз: эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, биз албатта ҳаё қиламиз, дедик. У зот: “Ундай эмас, лекин Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва ундаги нарсаларни сақлашингиз билан, қоринни ва ундаги нарсаларни асрашингиз билан, ўлимни ва чириб кетишни эслаб юришингиз билан бўлади. Ким охиратни хоҳласа дунё зиёнатини тарк қилади. Кимки ушбуларни қилса ўша киши Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.
Яъни Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш учун банда:
– Бошини ва ундаги қулоқлари, кўзлари ва тилини маъсиятлардан тийиши керак;
– Қалбини гуноҳ нарсаларни қасд қилишдан асраши керак;
– Ҳаром озуқаларни истеъмол қилишдан сақланиши керак.
Кимда ушбу сифатлар топилса, ўша киши Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади.
Руҳий тарбия уламолари ушбу ҳадиси шарифнинг маъноларини турли содда услублар билан осонгина тушунтириб қўйганлар:
Бир киши Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: “Эй Абу Исҳоқ, нафсим гуноҳ маъсиятларга ботиб кетди, сизда гуноҳ-маъсиятлардан қайтарадиган бирор нарса борми?” – деди.
Иброҳим Адҳам: “Агар айтадиган насиҳатларимни тинглаб уларга риоя қила олсанг сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бермайди”, – деб жавоб берди.
Ҳалиги киши: “Уларни айта қолинг, эй Абу Исҳоқ”, – деди.
Иброҳим Адҳам бешта хислатни санади:
Ҳалиги киши: “Унда қаердан ейман, ахир ердаги барча нарса Унинг берган ризқи бўлса!”.
Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса, У берган ризқни еб туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?!”.
Ҳалиги киши: “Йўқ албатта, иккинчисини айта қолинг”, – деди.
Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим бу биринчисидан ҳам даҳшатлироқ-ку. Машриқ ҳам, мағриб ҳам уларнинг орасида нима бўлса ҳаммаси Унинг мулки-ку, Уники бўлмаган қаерда тураман?”.
Иброҳим Адҳам: “Эй инсон У берган ризқни есанг, Унинг ерида яшасанг, яна Унга исён қилсанг, шуни ўзингга эп кўрасанми?!”.
Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, учинчисини айта қолинг”, – деди.
Ҳалиги киши: “Ҳой Иброҳим, бу нима деган гап? У зот барча сирлардан хабардор бўлса, қалбдан кечаётган нарсаларни ҳам билиб турса, бирор нарса ҳам Унга махфий бўлмаса?!”.
Иброҳим Адҳам: “Ҳой одам, Унинг берган ризқини есанг, У берган маконда яшаб туриб, Унинг сени кўриб, барча сирларингдан хабардор эканини била туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?”.
Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, тўртинчисини айта қолинг”.
Ҳалиги киши: “У буни қабул қилмайди-ку”, – деди.
Иброҳим Адҳам: “Агар тавба қилиб олишинг учун ўлимни ўзингдан қайтариб тура олмасанг, жонингни олиш учун келган пайтда асло ортга сурмаслигини билсанг, қандай қилиб халос бўлиш ҳақида умид қиласан?!”.
Ҳалиги киши: “Бўлди, бешинчисини ҳам айтинг”.
Ҳалиги киши: “Улар бунга қараб ўтирмайдилар-ку, – деди”.
Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса нажот топишдан қандай умидвор бўлаяпсан?!”.
Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим, бўлди, етарли бўлди, мен Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан”, – деди.
Саккизинчи одоб – Аллоҳ таоло учун тақво қилиш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зот учун тақво қилишдир. Тақво нима эканини уламолар қисқа ва лўнда сўзлар билан тушунтириб қўйганлар:
– Абу Абдуллоҳ Рўзборий: “Тақво – сени Аллоҳдан узоқлаштирадиган нарсадан ўзингни олиб қочишингдир”;
– Ибн Ато: “Тақвонинг ташқи ва ички тарафи бордир. Ташқи тарафи шариат ҳукмларига риоя этиш, ички тарафи эса ният ва ихлосдир”.
Тақвонинг жуда кўплаб самаралари бор:
– Аллоҳ таоло тақводор банда билан бирга бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар билан биргадир”[5].
Аллоҳ таолонинг тақводор банда билан бирга бўлиши деганда уни ҳидоят қилиши, маъсиятлардан сақлаши, унинг амалларини қабул қилиши каби маънолар тушунилади.
– Тақводор банда душманларнинг макридан нажот топади:
“Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас”[6].
– Ҳақ ва ботил орасини ажратадиган бўлади:
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради”[7].
Тақводорларга Аллоҳ таоло ҳақ ва ботил, ҳидоят ва залолат орасини ажратадиган нур бериб қўяди. Натижада улар залолатга кетмайдилар.
Тўққизинчи одоб – Аллоҳ таолога таваккул қилиш.
Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотга таваккул қилишдир. Банданинг Аллоҳ таолога таваккул қилиши унинг иймони комил экани белгиси бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилувчиларгина мўминлардир”[8].
Руҳий тарбия уламолари таваккул қилишнинг мўмин учун ниҳоятда аҳамиятли эканини таъкидлаганлар:
– Яҳё ибн Муъоздан: “Киши қачон таваккул қилувчи бўлади”, деб сўрашди. У: “Қачон Аллоҳнинг “Ал-Вакил” (барча ишларда Унга суяниладиган Зот) эканига рози бўлса”, дея жавоб берди;
– Бишр Хофий: “Баъзилар Аллоҳга таваккул қилдим, дея Аллоҳга нисбатан ёлғон гапиради. Агар у Аллоҳга таваккул қилганида албатта Роббисининг унга қилган нарсасига рози бўлган бўлар эди”, – деган.
Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг кўплаб манфаатлари бор:
– Таваккул қилувчини Аллоҳ таоло инсонлар ва жинларнинг ёмонликларидан сақлайди:
“Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир”[9].
– Таваккул мўминнинг қалбида қувват пайдо қилади. Аллоҳга таваккал қилган мўмин банда ҳақ йўлида бирор маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳаракат қилади. Чунки у Аллоҳнинг изнисиз ўзига бирор бир фойда ҳам, зарар ҳам етмаслигини билади.
– Таваккул қилувчи тирикчилик йўлида мўътадил бўлади. Чунки у ризқи Аллоҳ белгилаб қўйганидан ортиқ бўлмаслигини билади. Тирикчилик учун сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга оширади, бироқ натижани Аллоҳдан кутади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:
Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,
Кетар қадринг қадардин ҳаргиз ошмас.
Яъни эй банда, ҳар қанча чирансанг ҳам Аллоҳ белгилаб қўйган ризқдан бир томчи ҳам ортиқ ололмайсан. Сенинг зиммангда фақат ризқ учун сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш бор холос, ризқинг эса Аллоҳ таолонинг сен учун тайинлаб қўйган нарсасидир.
Ўнинчи одоб – Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш.
Банданинг Роббисига нисбатан муҳим одобларидан бири ҳар бир амалида Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилишидир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун рад қилса, албатта иймонини комил қилибди”, – дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Аллоҳ таолони яхши кўриш пайғамбарларни ва солиҳ бандаларни яхши кўришни ҳам тақозо қилади. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларни яхши кўриш эса уларга эргашиш ва уларнинг кўрсатмаларига риоя қилишни тақозо қилади.
Ўн биринчи одоб – қазо ва қадарга рози бўлиш.
Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири – Роббиси тайин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандлик етса, шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса, сабр қилишга ўтади. Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар:
Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишидан ажабланаман, албатта ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Агар унга бирор хурсандлик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади. Агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади”, – дедилар”. Имом Муслим[10] ривоят қилган.
Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту-саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусибатга учраган ҳолатида яққол намоён бўлади. Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим.
Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир, ёки бутунлай Исломдир, дейилса ҳам ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади”, – деганлар.
Ушбу одобларга риоя этиб уларнинг самараларидан дунё-ю охиратда баҳраманд бўлишга Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ қилсин!
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
БОРЛИҚНИНГ ТАДБИРИНИ ҚИЛИБ ТУРУВЧИ ЗОТ
[1] اَلْ накра исм олдидан келса, ўша исм маърифага айланади. Ушбу اَلْ ё жинсни тўлалигича маърифа қилиш учун, ёки қайсидир бир таниш бўлагини маърифа қилиш учун ишлатилади. Жинсни тўлалигича маърифа қилиш учун келгани “жинсия” дейилади, қайсидир бир таниш бўлагини маърифа қилиш учун келгани “аҳдия” дейилади. “Аҳдия” اَلْ га мисол: ضَيْفٌ فَأَكْرَمْتُ الضَّيْفَ جَاءَنِي (меникига меҳмон келди ва мен келган меҳмонни яхши кутиб олдим).
“Жинсия” اَلْ нинг ўзи икки хил маънони ифодалаш учун келади:
[2] Аҳзоб сураси, 41, 42-оятлар.
[3] Бақара сураси, 235-оят.
[4] Оли Имрон сураси, 175-оят.
[5] Наҳл сураси, 128-оят.
[6] Оли Имрон сураси, 120-оят.
[7] Анфол сураси, 29-оят.
[8] Анфол сураси, 2-оят.
[9] Талоқ сураси, 3-оят.
[10] Муслим ибн Ҳажжож ибн Қушайрий Найсабурий ҳижрий 204 йилда ҳозирги Эрон ҳудудига кирувчи Найсабур номли жойда туғилган. Илм талабида Басра, Ҳижоз, Миср, Шом ва Бағдод каби диёрларни кезиб чиққан. Бу зотнинг “Саҳиҳу Муслим” номли китоби жуда машҳур бўлган. Бундан ташқари “Муснадул кабир”, “Ал-куна вал асмо” ва “Китабу авладис соҳаба” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Муслим ҳижрий 261 йилда 55 ёшда Найсабурда вафот этган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу кашфиётларга сабаб бўлган шарт-шароитлар учта асосий банддан иборат:
1. Европа мамлакатлари Шарқ билан савдо-сотиқ қилишда дуч келган қийинчиликлар.
2. Пул метали сифатида олтин танқислиги.
Европанинг иқтисодий тараққиёти тобора кўпроқ пул талаб қилар эди. Бу тараққиётнинг асосий йўналиши товар хўжалигининг, савдо-сотиқнинг ўсиши эди. Буюк географик кашфиётларга сабаб бўлган яна бир муҳим омил ҳам шунга боғлиқ: Европада шаклланиб бораётган кучли абсолютист (мутлақ) монархияларга дабдабали саройлар, ёлланган армияни таъминлаш учун улкан маблағлар керак бўлаётган эди. Ана шу давлатлар йирик денгиз экспедицияларини ташкил этиши мумкин эди. Бундан ташқари, якка шахсларнинг бу қадар харажатларга имкони йўқ эди. Шунинг учун бу кашфиётларда феодал тарқоқ мамлакатлар эмас, айнан марказлашган давлатлар (Испания, Португалия, Англия) асосий ўрин тутгани тасодиф эмас. Бироқ, бундай экспедициялар учун савдогарлар ҳам маблағ ажратар эди. Шунингдек, католик черкови ҳам қўшимча ерлар, катта даромадлар ва янги қавмларга эга бўлиш истагида бундай истилоларга «оқ фотиҳа» берар эди.
Бундай давр учун муқаррар бўлган феодал мулкларнинг парчаланиш жараёни Европа мамлакатларида ҳар қандай йўл билан узоқ қитъаларда бойлик ва ерларни қўлга киритишга интилувчи кўплаб авантюристларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Булар қарамлик ва қашшоқликдан қутулишни орзу қилиб юрган зодагонлар ва деҳқонлар эди.
3. Фан-техниканинг, айниқса кемасозлик ва денгиз навигациясининг ривожланиши. XV асрда янгича тузилишга эга бўлган кемалар – каравеллалар пайдо бўлди. Унинг тўши (киль, пуштак) бор бўлиб, елканлар билан шундай жиҳозланган эдики, ёнбошдан эсган шамолда ҳам юра олара эди. Шунингдек, ўша даврга келиб компасдан ташқари астролябиялар, яъни кенгликни аниқловчи асбоблар ҳамда анчагина ишончли хариталар – портоланлар ҳам пайдо бўлган.
Буюк географик кашфиётлар охир-оқибатда мустамлака тизимининг вужудга келишига олиб келди. Агар XVI асрда Европада капитализм ривожлана бошлаган бўлса, агар Еровпа иқтисодий жиҳатдан бошқа қитъаларнинг халқларидан ўзиб кетган бўлса, бунга мустамлакаларнинг талон-тарож қилиниши ва аёвсиз эксплуатация қилиниши ҳам сабаб бўлган.
Мустамлакалар дарҳол капиталистик усуллар билан эксплуатация қилина бошламаган, улар дарҳол хом ашё манбаига ва янги бозорларга айланмаган. Аввал улар обдон талон-тарож қилинган, бирламчи капитал (сармоя) тўплаш манбаи бўлиб хизмат қилган. Испания ва Португалия мустамлакаларни феодал усуллар билан эксплуатация қилган биринчи мустамлакачи давлатлар бўлишган.
Бу ерларда зодагонларга одатдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари эмас, балки олтин, кумуш ёки ҳеч бўлмаганда Европада қиммат баҳоларга сотиш мумкин бўлган анвойи мевалар керак эди. Улар ҳиндуларни олтин ва кумуш конларда ишлашга мажбурлашар, бўйсунмаганларни бутун-бутун қишлоқлари билан йўқ қилиб юборишар эди. Гувоҳларнинг айтишича, конлар атрофида чириб ётган юзлаб мурдаларнинг бадбўй ҳиди анқиб ётар эди. Шакарқамиш ва қаҳва плантацияларида ҳам ерлик аҳоли ана шундай усулларда эксплуатация қилинар эди.
Ерлик аҳоли бундай оғир меҳнатга бардош бера олмай, ёппасига қирилиб битар эди. Испанлар Эспаньола (Гаити) оролида илк бор пайдо бўлган пайтда у ерда миллионга яқин аҳоли яшар эди, бироқ XVI асрнинг ўрталарига келиб улар битта қўймай қириб ташланди. Испанларнинг ўзи ҳам XVI асрнинг биринчи ярмида америкалик ҳиндуларни қириб ташладик, деб ҳисоблашар эди.
Бироқ, испанлар ишчи кучини йўқ қилиб, ўз мустамлакасининг хўжалик асосига путур етказишди. Етишмаётган ишчи кучини тўлдириш мақсадида Америкага африкалик қоратанлиларни олиб келишга тўғри келди. Шундай қилиб, мустамлакалар пайдо бўлиши билан қулдорлик қайта тикланди.
Испанлар томонидан Америка ерларининг мустамлака қилиниши конларга, шакарқамиш ва тамаки плантацияларига ҳайдаб келинган сон-саноқсиз ерлик аҳолини мажбурлаб ишлатиш йўли билан, бўйсунмаганларни оммавий қирғин қилиш йўли билан амалга оширилди (Ямайка оролида XVI асрнинг биринчи ярмида 50 мингдан ортиқ ерлик аҳоли ҳалок бўлган, Перу ва Чилида эса XVI асрнинг иккинчи ярмида ҳиндуларнинг сони беш баравар камайиб кетган), оқибатда бир неча ўн йилдан сўнг ишчи кучи кескин камайиб кетди. Мустамлакачилар Африкадан қуллар олиб кела бошлашди. Жисмонан чидамлироқ бўлган қоратанлик африкаликлар испан мустамлакаларидаги асосий ишчи кучига айланди.
Қул савдоси сердаромад иш чиқиб қолди: Африкада қабила бошлиқларини ичириб, сув текин тақинчоқлар билан алдаб, қулларни жуда арзонга сотиб олиш ва Америкада уларни 20-30 баравар қимматга сотиш мумкин эди. Баъзан қуллар умуман сотиб олинмас, балки уларни куч ишлатиб, тутиб олиб, кемага юклашар ва Америкага олиб кетишар эди. Испан мустамлакаларига ҳар йили 6-8 минг қоратанли қуллар олиб келинар эди. (Манба: allbest.ru).
(Бу ишларнинг барчаси Европа уйғонишининг гуманизм – инсонпарварлик шиори остида амалга оширилганми?)
Европада динга бўлган муносабатда ҳам кейинроқ ўзгариш юз берди. Бир гуруҳ динсиз бўлиб кетди. Бир гуруҳ динни черковга қамаб олиб, бу ҳар кимсанинг ўз иши дейиш билан кифояланди. Аммо Дарвиннинг асл шогирдлари динни Карл Маркс бошчилигида халқ учун афюн деб эълон қилдилар ва уни батамом йўқ қилиб юборишга бел боғладилар. Карл Маркснинг хаёлини Ленин ва унинг сафдошлари Россияда ва унга қарам бўлган диёрларда ҳаётга татбиқ қилдилар. Ленин тузган давлат дунё тарихида куфрни ўзига шиор қилиб олган биринчи давлат бўлди. Улар дунёнинг ўзларига қарам бўлган барча юртларида «илмий атеизм» асосида динга ва диндорларга қарши қатағон ўтказдилар. Сон-саноқсиз ибодатхоналар ер билан яксон қилинди. Диний ходимлар ва уламолар қатл қилинди, қамалди ва сургун қилинди. Диний китоблар ва динга боғлиқ маданият дурдоналарни оловга ёқилди. Илмий атеизм таълимотлари дунёдаги ягона тўғри эътиқод сифатида барчага мажбурий равишда талқин қилинди.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди