Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Январ, 2025   |   8 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:30
Шом
17:14
Хуфтон
18:33
Bismillah
08 Январ, 2025, 8 Ражаб, 1446

Ўзбекистонда Интернетдаги сайтлардан фойдаланишни чеклаш тартиби белгиланди

6.09.2018   5630   3 min.
Ўзбекистонда Интернетдаги сайтлардан фойдаланишни чеклаш тартиби белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
 
Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.
 
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
 
Низомга кўра Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган бутунжаҳон Интернет тармоғидаги ахборот ресурслари реестри юритилади. Ушбу Реестрга киритилган ахборот ресурсларидан фойдаланиш чекланади.
 
Интернетдаги ахборот ресурсларидан фойдаланишни чеклаш уч босқичда амалга оширилади.
 
Биринчи босқичда, тақиқланган ахборот мавжуд бўлган ресурсларни аниқланади. Ушбу босқичдаги ҳаракатлар Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази томонидан амалга оширилади. Марказга юридик ва жисмоний шахслар томонидан белгиланган тартибда келиб тушган мурожаатлар ҳам мониторинг олиб боришга асос бўлади.
 
Мониторинг натижасида тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси аниқланган тақдирда Марказ бу бўйича хулоса тайёрлайди.
 
Иккинчи босқичда ахборот ресурси Реестрга киритилади. Реестрга киритиш учун Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг марказининг хулосаси ҳамда Оммавий коммуникациялар соҳасидаги Эксперт комиссиясининг қарори асос бўлади.
 
Учинчи босқичда ваколатли орган - Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан интернет тармоғидаги ахборот ресурсларини чеклаш бўйича ташкилий техник тадбирлар амалга оширилади.
 
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка мувофиқ веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан веб-сайтда ва (ёки) веб-сайт саҳифасида қуйидаги ахборотларни тарқатиш, ушбу ресурсни чекланишига олиб келади:
 
• Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
 
• уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
 
• давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
 
• миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
 
• гиёвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
 
• порнографияни тарғиб қилиш.
 
Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер веб-сайтга ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.
 

 

ЎзА
Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   1595   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.