Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Январ, 2025   |   8 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:30
Шом
17:14
Хуфтон
18:33
Bismillah
08 Январ, 2025, 8 Ражаб, 1446

Мўминаларга ибрат мўминалар: Умму Салама (розияллоҳу анҳо)

25.12.2018   2586   1 min.
Мўминаларга ибрат мўминалар: Умму Салама (розияллоҳу анҳо)

Мўмина оналаримиз орасида Умму Салама (розияллоҳу анҳо) воқеаларни ғоятда чуқур ўйлаб, жуда тўғри қарорлар берадиган ақлли аёл эди. Мўминлар онаси Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг содир бўлган воқеаларни диққат билан кузатиб борди. Инсонлар, хусусан, уларни идора этувчи халифа ва волийларнинг тўғри йўлдан адашмаслиги учун ҳаракат қилди. Тарихчиларнинг ёзишича, бир куни Умму Салама (розияллоҳу анҳо)  халифаликни олган Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ҳузурига кирди ва ул зотга насиҳат қилиб, шундай деди: “Эй ўғлим, менга нима бўляптики, одамларнинг сендан узоқлашиб, ҳимоянгдан чиқаётганини кўряпман. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севган йўлидан бошқа бир йўлда хайр қидирма. У ўчирган ўтни ёқма. Дўстларинг Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)  ва Умар (розияллоҳу анҳу) нинг йўлларидан юр. Улар ишни маҳкам ушладилар ва асло зулм қилмадилар. Бир она сифатида насиҳат қиляпман. Бу менинг ҳаққим, вазифам. Сен ҳам итоат этишинг лозим”. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу): “Албатта, сиз айтдингиз, мен тингладим. Сиз тавсия эттингиз, мен ҳам қабул эттим”, дедилар.

Саидаброр Умаров

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   1223   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.