Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ғарб дунёсининг энг буюк адибларидан Вольфганг фон Гёте: «Инсоният ҳар жиҳатдан Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдида қарздордир», деб ҳам замондошларини, ҳам ХХ аср Оврўпасини ҳайратда қолдирган эди. Гёте Ислом ва унинг буюк Пайғамбарига нисбатан фавқулодда бир яқинлик кўрсатган ва бу ҳиссиётини 23 ёшларидан бошлаб сўнгги кунларигача, ҳатто сўнгги нафасига қадар очиқ-ойдин изҳор қилган эди.
Дунёда Исломга энг яқин ва одилона ўлчовлар билан ёндошган миллат олмон миллатидир. Бу алоқа, шубҳасиз Гётедан бошланган. Ундан анча олдин Лайбниц, Лессинг, Ҳербел каби файласуф ва адиблар ҳам илмий ва холис ўлчовлар ила Исломни тадқиқ қилганлар. Бироқ Гётенинг ўрни буткул ўзгача эди. Унинг ислом ҳақида илгари сурган тушунчаларини ташқаридаги исломга уйғун бир кишининг эмас, балки бу динга мансуб кишининг фикрлари сифатида қабул қилиш керак. Гётенинг Исломга нисбатан самимий ҳурмати унинг «Ҳазрати Муҳаммаднинг тараннуми» номли асари билан бошланади. У «Фауст»дан кейин энг буюк асар деб танилган «Шарқу Ғарб девони»да яққол намоён бўлди. Зотан, ёзувчи Қуръон нозил бўлган муборак Қадр кечасини алоҳида нишонлаганини ҳам тап тортмай эътироф этган. Гёте Ислом билан илк бор 23 ёшида – Қуръони каримнинг янги таржимасини ўқиш билан танишди.
Қуръоннинг илк лотинча таржимаси 1422 йилда Базелда, Теодор Библиандер томонидан амалга оширилган ва Мартин Лютернинг сўзбошиси билан нашр этилган эди, Бу таржима Қуръоннинг асл матнидан жуда узоқлигига ва ифодада жуда кўп хатолар борлигига қарамай, Гётени ҳайратда қолдирган ва у шундай деган эди:
«Қуръон китобларнинг китоби эканлигига исломий важиба (бурч) туфайли ишонаман».
Гёте ўқувчилари ва тингловчиларига Ислом инсоннинг фитратига энг уйғун дин эканлигини ҳамиша айтиб юрарди. Унинг қуйидаги сўзлари диққатга сазовор:
«Аллоҳ бирдир. У нуқсонсиз, сомаддир: У тугмади, туғилмади».
Маълумки, бу ифодалар Қуръондаги Ихлос сурасига оид таржиманинг айнисидир.
Гёте 1820 йилда келинининг касаллиги туфайли тортган изтиробини бир дўстига ёзган хатида бундай ифодалаган эди:
«Бу ўринда ҳам ўзимни Исломда тутишдан бошқа чорам қолмаяпти».
Гётенинг тақдир ҳақидаги тушунчалари ҳам исломийдир. «Устига номим ёзилмаган ўқ менга тегмайди», дейди унинг қаҳрамонларидан бири.
«Аллоҳнинг изни бўлмасдан томдан бир чумчуқ ҳам тушмайди», деган сўзлар ҳам Гёте қаламига мансубдир.
Гёте ўлимидан бир йил олдин Эккерманга бундай деган:
«Суюкли ўғлим, улуҳиййат фикридан бизнинг нечоғлик ҳам хабаримиз бор?! Бизнинг тор тасаввурларимиз у улуғ борлиқдан нималарни ҳам англата оларди? Бир турк каби Аллоҳни юз исми билан таъбир этсам ҳам, барибир у сўнгсиз қудрат олдида ҳеч нарса сўзламаган бўламан».
Гёте 1832 йилнинг 22 мартида ҳаётдан кўз юмди. Вафотидан олдин қўли билан кўксига тинмай «W» ҳарфини «чизар» эди. Лео Кеттер бу ҳолатни изоҳлаб, «W» Гётенинг илк исми бўлган Вольфгангта ишора, деб тушунтиради. Аммо шу нарса маълумки, Гёте Қуръон ҳарфларини ўрганиш учун узоқ муддат машқ қилган ва «Аллоҳ» лафзини арабийда жуда яхши ёза олган.
Ўлим олдидан кўп насоролар кўксиларига қўллари билан хоч расмини «чизишади», Гёте эса бунинг ўрнига «Аллоҳ» лафзини ёзган, деб ўйлаймиз. (Маълумингизки, «Аллоҳ» лафзининг бошидаги алиф бўлмаса ҳам, маъно ўзгармайди ва «лиллаҳ» ёзуви пайдо бўлади, унинг ёзилиши эса, «W» ҳарфига айнан ўхшашдир).
Манба: islom.uz
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.