Маълумки, инсон барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам оламдир.
Айни шу маънода келажаги буюк мамлакатимиз истиқлол йилларининг илк давридан бошлаб, инсон омилига бўлган эътибор ва ғамҳўрлик янги босқичга кўтарилди. Ҳурмат-эътибор, меҳр-мурувват, икром-эъзоз борасида эса асрларга тенг ўзгаришларга эга бўлинмоқда.
Дарҳақиқат, эл-юрт манфаати йўлида фидокорлик кўрсатиб, бугун қарилик палласида турган ота-боболаримиз меҳнати ва жонбозлигини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш кенжа авлодларнинг шарафли бурчи, чуқур масъулиятидир. Муқаддас ўгитларимизда катталарга ирқи, миллати, динидан қатъий назар ҳамиша иззат кўрсатиш, улар ҳолидан хабардор бўлиш, меҳр-оқибат кўрсатишга буюрилган. Яна шуни таъкидлаш жоизки, катта ёшдаги кишиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш юксак фазилат деб баҳоланиб келган. Шу маънода кўрсатилган ҳурмат эвазига инсон ўзи ҳам келажак ҳаётида эъзоз-эҳтиромга эга бўлиши муқаррарлиги таъкидланган. Зеро, ҳадиси шарифда “Ҳурмат қилган кишига ҳурмат насиб бўлади” - дейилган.
Бу мазмунни қувватлаб доно халқимиз “Олтин олма дуо ол” – деб инсонпарварлик руҳиятига чақиради. Айни пайтда ҳадиси шарифлар талаби, доно халқимизнинг ҳикматли сўзининг ижроси хотира ва қадрлаш куни муносабати билан юртимизда амалга ошмоқда. Хусусан, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ватан учун қилган фидоийликларига таъзим этиш, уларнинг барча ҳаётий юмушларига малҳам бўлишдек хайрли хусусиятлар ота-боболаримиздан бизларга мерос бўлиб қолган қадриятларимизнинг намунасидир.
Давлатимиз иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз, барча пенсионер ва нафақахўрларга ҳамиша катта эътибор кўрсатиб, оталарча ғамхўрликлар қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, барчани чин дилдан хурсанд этди. Биргина мисол қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ПФ-5000-сонли Фармони ва 4 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2865-сонли Қарори эълон қилинди. Мазкур икки ҳужжат 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 72 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида қабул қилинганлиги барчанинг кўнглини тоғдек кўтарди.
Бундан ташқари бу Фармон ва Қарор ижроси сифатида кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатилади. Фаҳрийлар ҳаётини фаровон, кунларини шодмон қилиш учун ҳукуматимиз уларга бўлган эътиборни ижтимоий ҳимоя даражасига олиб чиққанлиги таҳсинга лойиқ. Айтайлик, қарияларимиз даволанишлари ёки соғлиқларини мустаҳкамлашлари учун берилган имтиёзлар, навбатсиз енгил автомашина сотиб олишлари учун сертификат берилиши, яшаш хонадонларини жорий таъмирдан чиқарилиши, маиший-техника жиҳозлари билан бепул таъминланиши, турли тўловлар тўлашдаги енгилликлар кабиларга эгадирлар. Буларнинг барчаси юртимизнинг азиз нуронийларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи дейиш мумкин. Иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, тилак-истаклари турли бало-офатлардан сақламоқда деб умид қиламиз. Зеро, ҳадиси шарифда: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди”,- дейилганлиги сўзимизнинг далилидир.
Айни пайтда нуроний отахон ва онахонларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш хотира ва қадрлаш тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Ёшларимиз ушбу айём тимсолида ёши улуғларни қадрлаш, саховатга муҳтож кишиларга кўмаклашиш каби олийжаноб фазилатларни ўз қалбига сингдириб боришининг асосларидан бири бўлиб шаклланада. Қаранг, бундай олийжаноб ахлоқий инсонпарварлик, одамийлик тўғрисида динимизда: “Ҳар бир яхшилик эҳсондир. Хайрли ишга далолат қилишлик, гўё уни қилгандек бўлишликдир...”, - дейилган.
Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаш бой анъаналаримиз бўлмиш миллий урф-одат ва қадриятларимизни ижро этиш демакдир. Уларнинг сарасидан бўлган катталарга эҳтиром кўрсатиш, пиру бадавлат ёшига етганларни эъзозлаш тўғрисида муборак ўгитларда “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”. дейилган инсонпарварлик тамоилини таъкидланган.
Демак, инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини, азиз авлиёларни ҳотиралар экан, халқ ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан хис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.
Истиқлол йилларида улуғ аждодларнинг хотираларини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.
Дарҳақиқат, инсон – ҳаёт гултожи. Яратганнинг инъоми – онгу тафаккурнинг фақатгина одамзодга берилгани мазкур ҳақиқатга яна бир далилдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мана бир неча йилдирки, Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Бу билан инсон зотига, унинг умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзи десак муболаға бўлмайди. Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни ижро этамиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва улар учун истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ҳамда ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг диний ва инсоний бурчимиздир.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.