Ҳозирги кунда кўп кишиларни шу савол қийнамоқда. Келинг, шу масалага жавобни мингдан ортиқ олимлар илми билан суғорилган зоти шарифдан эшитсак.
Фаридиддин Аттор ҳазратлари Хафифдан сўради:
– Бу тоғу тошларда адашиб юришинг сабаби нима?
– Ҳазрат, мен йўлдан эмас, қисматдан адашган кимсаман. Ақлимни таниганимдан илм ўрганиш иштиёқида ўт бўлиб ёнаман, аммо мени бир савол қийнайдики илмни талаб қилишим билан уни амал қилмасдан хор қилишим мени илмдан тўсиб, мени иккилантиради.
Фаридиддин Аттор ҳазратлари йигитдаги соддадилликни беғубор ёшлигига қиёслади. Асли инсон боласи ақли чархлангунича мусичадай беозор, қўйдай ювош, ит каби садоқатли бўлади. Кейинчалик чарх ғилдираги уни не-не синовлар, не-не машаққатлар, не-не ғофил бандаларга дуч келтирмайди дейсиз. Одам умр сўқмоқларидан юқорилагани сайин яхши фазилатлар билан бирга инсонга хос қусурларни ҳам ўрганиб, ўзига сингдириб бораверади. Вақти келиб, ақли билан Аллоҳни танигач сийратидаги гардлардан тозаланиш учун ўзида куч-қудрат топа олади, шайтон измига кирган нодон кимса эса ҳасад, ғараз, жоҳиллик, дунёга ҳирс қўйиш каби иллатлар ботқоғига ботиб, бу дунёлиги ғам-ташвишда, у дунёлиги азоб-уқубатда қолади. Хулоса шуки, яхши одам болалигидан беғуборлиги ва покдомонлигини йўқотмай, эҳтиёт қилиб асрай олса, шунинг ўзи комилликка кифоя. Бироқ самимий туйғуларни жаҳолат ва разолат тўфонидан асраб-авайлаб сақлаш фақат илмли, мард инсонларнинг қўлидан келади, холос. Бундан ташқари камолот чўққисига кўтарилмоқ, яъни чин инсоний фазилатларни ўзида мужассам айламоқ асли наслининг тозалигига ҳам боғлиқ. Палаги тоза хомак ширин қовун бўлиб етишади. Арпа сепилган ердан ҳеч ким буғдой ололмайди. Жоҳил ота ҳукмронлик қилган оилада тарбияланган ўғиллар меҳр-муҳаббат тушунчаларини бағрига жойлаб ололмайди. Нега шундай? Нега Одам алайҳиссалом билан Момо Ҳаво онамиз зурриётлари бир хил эмас. Худди экин уруғи айнигани каби наҳотки насл ҳам айниса, залолатга юз бурса. Айнигани шуки, Мансур Халложни асл нияти, мушоҳадаси маъносини тушунмай дорга осдилар. Пири муршид Мажидиддин Бағдодийнинг айби не эдики, сувга чўктирдилар. Энг аламлиси, донолар доноси сифатида тан олинган Яҳё бин Муозни ўз суюкли фарзанди бошига тош билан уриб ўлдирди. Нега оқиллар жоҳилларга нишон бўлиб қолаверади. Ахир орифлар оламни илм нури-ла нурафшон этмоқчи, инсониятга маърифат улашмоқчи, огоҳликка даъват этмоқчи-ю, ғаддор кимсалар ҳамиша яхшилик йўлига тўғаноқ, эзгулик илдизига болта ургувчи, саховат ва мурувват дастурхонига бурун артгувчи бўлиб чиқаверишади. Ҳали инсоният тарихида биронта оқил инсон жоҳил банда тагига сув қуймаган, ўч олмоқ қасдида уни қийнамаган ва шунинг эвазига ўзи ноҳақ қурбон бўлиб кетаверган. Бу аччиқ жумбоқ ечимини ким топар экан? Бу оғриқли саволларга жўяли жавоб айтгувчи борми? Бу қисмат сир-асрорининг охирига ким етади?.. Аттор сездики, йигит жавобга илҳақ. Жиловсиз хаёлларини жамлаб, унга жилмайиб боқди.
– Илмни хор қилишдан қўрқгайсан, шундайми? – саволни такрорлади устоз. Сўнг оҳиста гап бошлади.
– Унда мана бу ривоятни эшит: сен каби навқирон йигит саҳобалардан Абу Зарр ал-Fифорий розияллоҳу анҳу ҳузурига келиб: “Мен илмга жуда ҳам қизиқаман, аммо икки ҳолатдан қўрқаман”, дебди.
– Айт, илм олишнинг қайси ҳолати сени қайтаради? – сўроқлабди саҳоба.
Йигит дебди:
– Биринчидан, илмга амал қилмаслик, иккинчидан, уни хор этишдан ҳадигим бор.
Абу Зарр ал-Fифорий розияллоҳу анҳу ўйланиб, шу жавобни айтибди:
– Барибир бу бошни жаҳолат билан эмас, маърифат билан тўлдирган фойдалидир.
Йигит жавобдан қониқмай, энг заковатли ва суюкли саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳуга йўлиқиб, ўша саволни ўртага ташлабди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу узоқ фикрлаб, ушбу гапни дилидан тилига кўчирибди:
– Билгинки, инсон қай ҳолатда ўлган бўлса, охиратда шундай тирилади. Демак, сен жоҳил бўлиб ўлган бўлсанг, жоҳил бўлиб тириласан. Агар оқил бўлиб ўлган бўлсанг, оқил бўлиб кўз очасан.
Толиби илм энди Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга учрабди. У саволини айтиб-айтмай туриб, саҳоба гапни кесиб қўйибди:
– Илм олмаслигингнинг ўзи илмни хор этганингдир!
Нега шу савол саҳобалардай зотларни ҳам қаттиқ ўйлантириб қўйди ва фикрлашга мажбур қилди. Дунё майдонида ҳар бир қаричини ўйлаб босиш кераклиги дини исломда айтилиб турилсаю унга бепарволик қилиб унда жоҳилона юраман дейиш нимаси. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари дунёни сен гўё Расулуллоҳ, саҳобалар ва тобеъинлардай тасаввур қилиб унда эҳтиёткорлик билан йур. Аллоҳ таоло айтади: (Ла тамши фил арзи мароҳан) – Ерда хурсанд бўлиб юрманглар, деб огоҳлантирмоқда. Пайғамбар алайҳиссалом дунёдан фақат табассум қилиб ўтдилар халос. Ҳар куни дунёни савоб билан тўлдириб ташлайдиган даражада амал қилсалар ҳам дунёдан кулмасдан ўтдилар. Демак кулишимиз орқасида қаттиқ ҳисоб бор, ёндирувчи азоб бор, бир умрлик жаҳаннамда афсус – надомат бор. Эътибор беринг! Аллоҳ таоло беҳисоб савоблар ва ажрларни ваъда қилган амални талаб қилмаслик энг катта жоҳилликдир. Шундай бўлсада келажак авлод ичида шу савол билан мурожаат қилувчиларга жавоб сифатида айтиб ўтдилар. Бу ривоят Хафифга жуда қаттиқ таъсир қилди. У бошини кўтармай узоқ сукутга чўмди. Сўнг бир қарорга келиб, ҳазратга юзланди. (Шу савол ортидан мингдан ортиқ Аллоҳнинг суюкли валийсини кўриб, улар билан мулоқот қилиш баракотига эришди.)
– Эй Аллоҳнинг суюкли валийси, мени ўз тарбиятингизга олинг, умрбод хизматингизни қилай. Шояд қалб кўзим очилиб, ҳақни танисам.
(Билингки! Илм олишдан асосий мақсад Аллоҳ таолони таниш ҳисобланади. Аллоҳни таниш эса Аллоҳни таниган олим орқали амалга ошади. Роббоний илмга эга бўлган мутаҳассис олимлар орқали буни яхши тушунилади ва етилади. Хафиф эса шу фазилат Аттордай зотда борлигини зоҳир ва ботин кўзлари ила кўра олди ва унга ўлгунича ёпишиб олди).
Аттор оҳиста бош чайқади:
– Болам, ҳаргиз мени Аллоҳнинг суюкли валийси, деб атамагин. Мен бор-йўғи бир қулман. Иштибоҳим шуки, қул иккинчи бир қулга илм-тарбия бера олармикан?
Хафиф, илк бора нигоҳини нуроний сиймога тикди. Шунда вужудида кучли ҳаяжон, ҳузурбахш, лаззатбахш титроқ уйғонди. Ўзини тутолмай энгашиб, ҳазрат жандаси этагини ўпмоққа ҳозирланди. Бироқ авлиё яна уни бу мақтовдан қайтарди.
– Камтарлигингизни яратган билиб турибди. Кошки мен сизнинг қаламингиздан учган бир ҳарф бўлолсам, кошки риёзатингиз юкини енгиллатишга озгина ҳисса қўшолсам. Илтижоим ерда қолмасин, тақсир, бусиз бўйнида арғамчиси йўқ бузоқ каби бутун “ўтлоқ”ни пайҳон этурман. Ўз ҳолим ва феълим ўзимга аён. Йўқ деб билиб-билмай гуноҳга ботманг.
– Хафиф, болам, асти гуноҳдан сўз очма. Елкамизда қанча савобу қанча гуноҳ борлигини кошки билолсак. Аслида шунча қилмишларимизга қарамай тик юрганимизнинг ўзи мўъжиза...
Энди илтимосингга келсак. Тўғриси мен маърифат илмидан бехабарман. Қўрқаманки, ўз манзилини билмаган одам шеригини ҳам тўғри йўлдан чалғитмасми деб. Шундоқ экан, илмдан илгари одоб ўрганмоғинг ва бу масалада мендан пешроқ улуғлар ҳузурига бормоғинг дуруст кўринади.
Шу ерда Хафиф қизиққонлик қилди.
– Устоз, асли илм афзалми ёки одоб. Қай бирининг фойдаси кўпроқ?
Ҳазрат одатича кўзларини юмиб, сукутга чўмди. Бу сукутдан мақсад фикрни бир жойга қўймоқдан ҳам кўра одобнинг аввали шошилмаслик эканлигини англатмоқ эди.
– Арабларда Абдураҳмон Қосим деган бир донишманд ўтган. У айтибди: “Мен йигирма йил имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ хизматида юрдим. Шундан ўн саккиз йилида одоб ўргандим, икки йил илм олдим. Энди таассуфдаманки, ўша икки йилда ҳам одоб ўрганмоғим афзал экан”. Уқдингми, болам, одобсиз илм пўсти йўқ дарахт, либоссиз танадир. Илмнинг аввали одоб. Шунга айтадилар-да, олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин деб.
Кўп кишилар шу саволни бериб, қониқарли жавоб олгандан сўнг ҳам илм олишга қизиқмайди. Билингки! Қуръони карим ва ҳадиси шарифда энг кўп фазилати баён қилинган нарса илм зикридир. Энг катта тоғдай-тоғдай савоб ва ажрлар фақатгина илм йўлида юрган кишиларга берилиши ваъда қилинган. Умрингизда эришган барча нарсага илм йўлида юрган олимга бир сонияда берилиши ваъда қилинган. Умр қисқа, уни биз савоби кенг ва ажри зиёда амаллар билан тўлдириб ташлашимиз керак. Бу тўғрида имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Жомеъул мутун” асарларида ҳазрати Алидай зот Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ваъзини тинглаганлар ва мамнун бўлганлар. У киши охират ҳаёти, ўлимни тафаккур қилиш, шайтон васвасаси ва шунга ўхшаш зарурий нарсалардан сўзлар эдилар. Шаръан талаб қиладиган ваъз ҳам шудир. Абу Зарр ал-Fифорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Зикр мажлисида ҳозир бўлмоқ 1000 ракъат намоздан афзал. Илм мажлисида ҳозир бўлмоқ 1000 беморни йўқламоқдан афзалдир. Илм таҳсил қилмоқ 1000 жанозага шоҳид бўлмоқдан афзалдир”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ман акрома алиман фақод акроманий ва ман азолла алиман фақод аззолланий”, яъни: “Ким бир олимни хурматласа гўё мени хурмат қилгандай бўлибди ва кимки (ғазаб билан айтдилар)бир олимни ҳорласа, азобласа мени (яъни: охиризамон пайғамбарини) хорлагандай бўлади”.
Энг яхши ва афзал йўл мутақаддим ва мутааххир олимлар сўзлари билан жавоб беришдир. Аллоҳим ҳамма юртдошларимизга азизлар йўлларидан юришликни насиб қилгин. Илмсизлик балосидан сақлагин. Амин. Аллоҳу Акбар.
Аллоҳумма солли васаллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.
Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар”кабинет мудири
Урол Назар Абдуллоҳ Термизий тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх Абу Ғудданинг биргина китобни узоқ излаб, ниҳоят, Маккаи мукарраммада Тошкентлик шайхдан топганлари хусусида ажиб ҳикоя
Шайх раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳифалар» китобида ўзларининг ҳаётларидан бир лавҳани қуйидагича зикр этадилар: «Баъзан бирон китобга етишадиган бўлсам, Аллоҳ таоло учун фалон-фалон ракат намоз ўқийман деб назр қилар эдим. Бир китобни қўлга киритаман деб, қизиқ воқеани бошимдан кечирганман. Уни шу ўринда келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдим:
«Қоҳирадаги ал-Азҳар университетининг шариат факультетида ўқиб юрган пайтларимда доимо шайхимиз, аллома имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларида бўлардим. У зот аллома Шайх Алий Қорининг «Фатҳу бобил иноя бишарҳи китобин ниқоя» китобини олишни тавсия қилдилар. Фойдали, нодир, дурдона китобларни қўлга киритишга ишқибоз эканимлигимни билганликлари сабаб, ўша китобни топишга бир неча бор жиддий тарзда қизиқтирган эдилар.
У китоб Ҳиндистонда чоп этилган бўлса керак, деб юрардим. Қоҳирада олти йил яшаган бўлсам, то ўқишни тугатгунимча ўша китобни излаб юрдим.
Топилиши мумкин деб фараз қилган барча кутубхоналаримдан сўраб-суриштирдим, лекин у ҳақида бирор маълумотга эга бўла олмадим. Ўз юртимга қайтганимда ҳам Ҳалабнинг қайси шаҳрини зиёрат қилмай ёки қайси кутубхонасига кирмай, ўша китобни излашда давом этардим.
Мен китоб Ҳиндистонда чоп этилган деб ўйлаганим ва у ҳанафий фиқҳи борасида ёзилгани боис, шояд мақсадимга эришсам деб, китобфурушлардан Ҳиндистонда чоп этилган ҳанафий мазҳабига оид барча фиқҳий китоблар ҳақида суриштирар эдим. Лекин улар бу китобнинг ҳатто номини ҳам билишмас эди. Дамашқдаги қадимги дурдона китоблардан хабардор бўлган эски китобфурушлар бор эди. Уларда жуда кўплаб қадимги ва қимматбаҳо китоблар бўлса-да, уларни сотиш масаласида жуда ҳам қаттиқ туришар ва анчагина қиммат нарх белгилашарди.
Улар Саййид Иззат Қусайботий ва унинг отаси, шунингдек, Шайх Ҳамдий Сафаржалоний ва Саййид Аҳмад Убайдлар эди. Бир куни Саййид Иззат Қусайботийдан Ҳиндистонда чоп этилган «Фатҳул бобил иноя...» китоби ҳақида сўрасам, ул зот китоб унда борлигини айтди ва Имом Айнийнинг 1293 ҳижрий йилда Ҳиндистонда чоп этилган жуда катта – олти мужалладдан иборат «Ал- Биноя би шарҳи Ҳидоя» китобини олиб чиқди. Ушбу китоб ҳам мен излаб юрган қимматбаҳо, нодир китоблардан эди, аммо мен у зотдан сўраган китоб эмасди.
Шунинг учун бу китобни унча қиммат бўлмаган нархда сотиб олдим. Кейин мен Шайх Ҳамдий Сафаржалоний раҳимаҳуллоҳдан қидириб юрган китобим ҳақида сўрадим. Билсам, китоб Россияда, Қозонда чоп этилган экан. Айтишларича, китоб қизил гугуртдан ҳам нодирроқ экан. У киши умри давомида қанча-қанча китоблар билан шуғулланган бўлса-да, ўша китобдан фақат бир нусхаси қўлига тушгани ва уни аллома Имом Кавсарийга ақл бовар қилмайдиган даражада қиммат нархга сотиб юборганини айтди.
Китоб чоп этилган жойни аниқ билиб олган бўлсамда, унга етишишга бўлган умидим сусайди. Аллоҳ таоло мени 1376/1957 йилда биринчи маротаба Байтуллоҳни ҳаж қилишга муваффақ қилганида Маккаи мукаррамага кириб, китоб босилган ўлкалардан Аллоҳнинг муборак шаҳрига кўчиб келган кишилардан биронтаси ўзи билан ўша китобни олиб келгандир, деган умидда Маккадаги кутубхоналардан китобни суриштира бошладим, лекин топа олмадим. Аллоҳ таолонинг инояти билан Маккаи мукаррамадаги бозорлардан бирида одамлардан чеккароқдаги бир эски китобфурушнинг олдига бориб қолдим.
У зот шайх Мустафо ибн Муҳаммад Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ экан. У зотдан бир неча китоблар сотиб олдим. Сўнг ноумид бўлган ҳолда ҳалиги китоб ҳақида сўрасам, бир ҳафтача олдин менда бор эди, деб қолди. Китобни бухоролик олимлардан бирининг меросидан сотиб олган экан. Бир неча кун олдин уни асли бухоролик Тошкент уламоларидан бирига қиммат нархга сотиб юборган экан. Ишонқирамай турган эдим у ўша китобни менга сифатлай бошлади. Ҳақиқатдан ҳам ўша мен анчадан бери излаб юрган китоб эди. Шундан кейин китобни сотиб олган тошкентлик олим кимлигини сўрадим.
У зот ўйлаб туриб шайх Иноятуллоҳ Тошкандийнинг номини айтди. Ундан ўша шайхнинг яшайдиган, ишлайдиган манзилини, уни қандай топиш мумкинлигини сўрадим. У бу ҳақда билмаслигини айтди. Яна у киши ҳақида кимдан сўраб-суриштиришим мумкинлиги ҳақида сўраган эдим, буни ҳам билмаслигини айтди. Шундан сўнг ўша китобни қўлга киритиш ёки уни сотиб олган киши билан учрашишдан янада умидим узилди. Шундай бўлса-да, Масжидул Ҳарам ёки Макка бозорларида учратган барча бухоролик кишилардан шайх Иноятуллоҳ ҳақида суриштириб юравердим. Бухороликлар бор деб айтилган ҳеч қайси мадраса ёки карвонсарой қолмади, ҳаммасидан ўша шайхни суриштириб чиқдим. Ҳатто Макка ташқарисидаги маҳаллаларгача бордим. Чунки айримлар у ерда ҳам бухороликлар бор дейишганди.
Лекин излаётган одамим билан учрашиш қаёқда дейсиз? Ахир Маккаи мукаррамада Иноятуллоҳ исмли қанчадан-қанча бухороликлар бордир. Тўхтовсиз сўраб-суриштиришлар мени шайх Абдулқодир Тошкандий Бухорий Саотийнинг ҳузурига олиб борди. У зот Макка атрофидаги Жарвал маҳалласида истиқомат қилар экан. У зотдан шайх Тошкандий ҳақида сўраган эдим, шайхни таниди ва менга унинг асл исмини айтди. Исми шайх Мир Иноят Тошкандий экан. Лекин у ҳам шайхнинг манзилини у билан учрашиш мумкин бўлган жойларни билмас экан.
Яна «Фатҳул бобил иноя...» китобини олган ўша шайх билан учрашишдан ноумид бўлиб қолдим. Орадан бир оз вақт ўтди. Бир куни Каъбаи муаззамани тавоф қилиб Аллоҳ таолодан мени ўша инсонга йўлиқтиришини ва ўша китобни қўлга киритишга муяссар этишини сўрадим. Ушбу дуо ва нолани би неча бор такрорлайвердим. Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Бу муддат ичида китоб ва унинг эгасини қидиравериб, фикру ҳаёлим паришон бўлиб қолган эди. Бу Аллоҳга аён.
Бир куни (масжид кенгайишидан олдин) Масжидул Ҳарам эшикларидан бири- «Бобу зиёда»нинг олдидаги бозорда айланиб юрсам, Абу Араб деган эски дамашқлик тижоратчи мени кўриб, кўринишим ва кийимларимдан шомликка ўхшатиб олдига чақирди. Шом ўлкаси ва Шом аҳолиси ҳақида сўради. Китобга бўлган иштиёқим кучлилигидан у кишидан биринчи бўлиб ҳалиги бухоролик шайх ҳақида сўрадим. У олдидаги дўконда ўша шайхнинг куёви савдо қилишини, шайхни ҳаммадан кўра у яхши бўлишини айтди. Бу гапларни эшитиб, шу қадар хурсанд бўлдимки, қулоқларимга ишонмай қолдим.
Шундан сўнг мен туну кун у ерга қатнаб, охири у киши билан учрашишга муваффақ бўлдим. У зот китобни менга ўзлари истаган нархда арзонга сотдилар. Ўша кун умримда энг хурсанд бўлган онларимдан бири эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга ўша китобни биринчи жузини таҳқиқ қилиб, нашр қилишни насиб этди. Аллоҳ таолодан ўз фазли ва карами ила китобнинг қолган қисмларини ҳам нашр қилишга муваффақ бўлишини сўраб қоламан!».
Шайх Aбдулфаттоҳ Aбу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг
«Саҳифалар» китобидан.