Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етимларни тарбия қилиш, парваришлашга тарғиб қилганлар ва улар ҳимоясининг ҳақи тўғрисида ҳам огоҳлантирганлар, ўзлари ҳам бу ахлоқи ҳамидага амал қилиб, етимлар ҳимоясида ўрнак бўлганлар.
Умму Саийд бинти Муррадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз етимини ёки бегона етимни кафолатига олиб, агар Аллоҳга тақво қилса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади” дедилар ва икки (кўрсатгич ва ўрта) бармоқларига ишора қилдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси етимга яхшилик қилинадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир”, дедилар. Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб: “Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан” деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар (Имом Абу Дардо ривояти).
Амр ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онадан етим қолган қизчани у беҳожат бўлгунича тарбия қилса, унга албатта жаннат вожиб бўлади” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун уйларнинг энг яхшиси унда иззат-икром қилинадиган етим бор уйдир”, деганлар (Имом Байҳақий, Имом Табароний ривояти).
Мулоҳаза қилсангиз, бошдаги сочнинг саноғи минг-минглабни ташкил этади. Ким етимга меҳр кўрсатиб, унинг бошини силаса, ўша соч толаси баробарида ажр-мукофот ваъда қилиняпти. Бу албатта, етимнинг бошини силаганга, аммо унинг бошини силашлик билан бир қаторда унга таълим-тарбия, озиқ-овқат, кийим-бош, айни пайтда, бошпана берган, умрини унинг камолга етишига сарф қилган саховатпеша инсонлар оладиган ажру мукофотнинг ҳисобига етиб бўлмаса керак. Хусусан, етимпарвар хонадонга берилган баҳони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан ўқиб кўрганингиздан кейин ўша хонадонга муҳаббатингиз, ҳурматингиз ошмай қолмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг яхши хонадон етими бор хонадан деб таъриф бердилар.
Бинобарин, ҳар бир хонадон жамиятнинг ана шу қатламига эътибор қаратса, қанчалар мукофотга эга бўлиши ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. Унинг хонадони хайрли хонадонга айланиши, ўзи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда икки бармоқ каби яқин бўлиши унинг жаннати эканлигининг хушхабари эмасми? Ахир дунёда яхши амалларни қилиб, жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён бўлишдан кўра, яхшироқ нима бор?! Бундан-да зиёдароқ яхшилик қилиш мумкинми?
Айни шу ваъдага эътиборан етимга кафил бўлган инсон имон-ибодатлари билан биргаликда жаннати эканининг ваъдаси бериляпти. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни албатта жаннат эшиги олдида туриб, ўз умматларини чорлашлари айни ҳақиқатдир.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Наманган вилояти Бош имом-хатиби.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин этмаган, у билан қовушмай туриб вафот этган киши ҳақида сўралди.
Шунда у киши: «У аёлга ўз аёллари маҳри мислича маҳр берилади. Кам ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Унга мерос ҳам берилади. Унга идда ўтириш вожиб бўлади», дедилар.
Шунда Маъқил ибн Синон ал-Ашжаъий туриб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барваъа бинту Вошиқ ҳақида сен чиқарган ҳукмга ўхшаш ҳукм чиқарган эдилар» деди.
Ибн Масъуд бундан хурсанд бўлди».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Маҳрни зикр қилмасдан, уни нафий қилиб, мол бўла олмайдиган нарса ила, жинси ёки сифати номаълум нарса ила қилинган никоҳ дурустдир.
Бу жумлада маҳрга боғлиқ беш хил ҳолат ҳақида сўз бормоқда:
1. Маҳрни зикр қилмай, у ҳақда бирор оғиз ҳам гапирмай тузилган никоҳнинг жорий бўлавериши. Чунки никоҳга амр қилинган оятда маҳр зикр қилинмаган.
2. Маҳрни нафий қилиб, яъни «орада маҳр йўқ», дея келишилган никоҳнинг собит бўлиши.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади: «Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ» (236-оят).
Маҳр аталмагандаги талоқ жоиз бўлганидан кейин, маҳр аталмай қилинган никоҳ ҳам жоиз бўлади. Чунки талоқ фақат саҳиҳ никоҳгагина тушади.
3. Маҳрга мол бўла олмайдиган нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, бир мусулмон бир муслимага уйланаётиб, маҳрга хамр ёки чўчқа бераман, деган бўлса ҳам никоҳлари ўтаверади. Улар маҳрга аташ мумкин бўлмаган нарсани атаганлари учун, бу – худди ҳеч нарса атамаган билан баробар бўлади.
4. Маҳрга жинси номаълум нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, куёв: «Келиннинг маҳрига кийим ёки тақинчоқ бераман», деди. Қай турдаги кийим ёки тақинчоқлиги номаълум. Бу ҳам ҳеч нарса атамаганга ўхшаш, бўлаверади.
5. Маҳрга сифати номаълум нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, куёв: «Маҳрга сигир бераман», деди-ю, қай сифатдаги сигир беришини айтмади.
Аммо бундай никоҳлар бўлаверади, дейиш эр маҳр бермай кетаверади, дегани эмас. Балки никоҳ боғланади, ундан кейинги муносабатлар зино бўлмайди, деганидир. Никоҳ ақди дуруст бўлаверади, аммо аёлнинг маҳр ҳаққи поймол бўлмайди, эрга маҳр бериш фарзлиги ўз ўрнида тураверади. Бу ҳолатларда, аввал айтиб ўтилганидек, ўша нарсаларнинг ўртачаси ёки қиймати миқдоридаги «маҳри мисл» вожиб бўлади.
Бунда нарсанинг ўзини ёки қийматини бериш куёвнинг ихтиёрида. Келин унинг берганини олишга мажбур.
Агар эр аёлини юртидан чиқармаслик шарти билан мингни атаб, никоҳлаб олган бўлса ёки никоҳда «муқим турса, минг берасан, олиб чиқсанг, икки минг» деб шарт қўйилган бўлса, у ҳолда эр айтганига вафо қилса ёки муқим турса, аёлига мингни бериш вожиб бўлади. Акс ҳолда «маҳри мисл»ни беради. Бу эса, икки мингдан ошмайди ва мингдан кам бўлмайди.
Агар бокираликни шарт қилган бўлса-ю, жувон чиқиб қолса ҳам, маҳрнинг ҳаммасини бериш лозим бўлади. Чунки қизлиги зинодан бошқа сабабларга кўра кетган бўлиши мумкин. Бу ҳолда яхши гумон қилган афзал.
Фосид никоҳда, агар яқинлик қилмаган бўлса, ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Агар яқинлик қилса, яқинлик қилган вақтидан бошлаб, аталгандан зиёда бўлмаган «маҳри мисл» вожиб бўлади, насаб собит бўлади.
Фосид никоҳга опа-сингилга бирданига уйланиш, гувоҳларсиз уйланиш, опасининг иддасида синглисига уйланиш, бошқанинг иддасида ўтирган аёлга уйланиш ва тўртинчи хотиннинг иддасида бешинчисига уйланиш кабилар киради.
Келинга бериладиган «маҳри мисл» унинг ота қавми эътиборидан ёшига, жамолига, молига, ақлига, диёнатига, юртига, замонига, бокиралиги ёки жувонлигига қараб бўлади. Шунингдек, келиннинг одоб ва ахлоқига қараб бўлади.
«Маҳри мисл»ни белгилашда мазкур омилларни ҳисобга олиб, келиннинг маҳри унинг ота юртидаги ўзига энг ўхшаш келинга бериладиган маҳр миқдорида бўлади. Агар уларда – ота тараф қариндошларда бўлмаса, бегоналардан олинади. Яъни «маҳри мисл»и аниқланиши лозим бўлган келинга ўхшаш келин унинг отасининг қариндошлари ичидан топилмаса, онаси тарафдан ва унинг қавмидан эмас, бегоналардан излаб топилади. Агар она отанинг қавмидан бўлмаса.
Бир келинга бериладиган «маҳри мисл»ни аниқлашда унинг қайси келинга тенг эканини белгилаш учун икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл киши тайинланади.
Маҳрни бериш муддати (эрта ёки кеч берилиши) ана шу тайинланган кишилар тарафидан белгиланган бўлса, ўшандоқ бўлади, агар улар тайин қилмаган бўлсалар, урфдагига қараб бўлади.
Маҳрни иккига бўлиб тўлаш ҳам мумкин. Дастлабкиси аввал берилади ва «маҳри муъажжал» – «эрта маҳр» деб аталади. Кейингиси кейин берилади ва «маҳри муажжал» – «кечиктирилган маҳр» деб аталади.
Агар икки тараф ақди никоҳ пайтида эрта маҳр қанча ва қачон берилишини, кеч маҳр қанча ва қачон берилишини келишиб олган бўлсалар, ўша келишувга биноан иш тутадилар.
Ақди никоҳ пайтида бундай келишув бўлмаган бўлса, ўз қавмларида мазкур миқдордаги маҳрни ўша аёлга ўхшаш келинларга қай тарзда беришга одатланган бўлсалар, ўша тарзда берилади.
Эрта маҳрни олишдан аввал аёл жинсий яқинликни ва ўзининг сафарга олиб чиқилишини ман қилишга ҳақли. Агар ўз розилиги билан бўлган яқинликдан кейин ман қилса ҳам, жоиз. Бу ҳолатда унинг нафақаси соқит бўлмайди.
Яъни, маҳрини ўз вақтида берилмаганига норози бўлиб, куёвни ўзига яқинлаштирмаётган келиннинг нафақаси эрга вожиб бўлиб тураверади. Эр: «Хотиним мени ўзига яқинлаштирмаяпти, шунинг учун унинг нафақасини бермайман», дейишга ҳақли эмас.
Шунингдек, у эрнинг изнисиз ҳожат юзасидан сафар қилишга ва ташқарига чиқишга ҳақли. Маҳрни вақтида бермаган эр аёлни бу нарсалардан ман қилишга ҳақли бўлмайди.
Аёл эрта маҳрни олганидан кейин уни бошқа ёққа олиб кетса, бўлади. Уни сафарга олиб кетмайди, деганлар ҳам бор ва фатво шунга берилган.
Уламолар «Эрта маҳрни ёки тўла маҳрни бергандан кейин эр-хотиннинг розилигисиз уни бошқа юртга олиб кетса бўладими, йўқми?» деган масалада турли гапларни айтганлар. «Олиб кетиши мумкин эмас», деганлар кўпроқ замоннинг фасодини эътиборга олганлар.
«Олиб кетиши мумкин», деганлар Аллоҳ таолонинг «У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг», деган қавлини далил қилиб келтирганлар. Мана шуниси тўғри.
Агар эр унга бир нарса юборган бўлса-ю, хотин уни «ҳадя» деса, эр «маҳр» деса, эрнинг гапи қабул бўлади. Илло, емоқ учун тайёрланган нарсада унинг гапи қабул қилинмайди.
"Бахтиёр оила" китобидан