Ҳаётимиз ўзгарувчан эканлиги, ютуқ ва мағлубиятлардан, қийинчилик ва енгилликлардан иборатлиги ҳаммамизга маълум. Улар худди кун тунга, тун кунга алмашгани каби ўзгариб туради. Кеча қувончдан бошимиз осмонга етаёзган бўлиши мумкин, лекин бугун эса қайғудан кўзларимиз олди қоронғуликка бурканиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳаётнинг ушбу чархпалагида қандай қилиб оёқда қола оламиз? Қандай қилиб синовли дунёнинг гирдобига ғарқ бўлмаслик мумкин?
Синовларга дош бериш мушкул, инсон табиатига кўра заиф, шу сабабли ҳам қийинчиликларни енгиш унга имконсиздай туюлаверади. Ҳар ким ўзи учун турлича тиргак қидиради, Яратганни таниганлар эса Унга таянади, ўзига юборилган синовларни сабр билан қабул қилади. Имон эгаси бу дунёда ҳеч нарса Аллоҳнинг изнисиз содир бўлмаслигини билади, шунинг учун барча тақдир беқарорликларини босиқлик билан қабул қилади. Аллоҳ таолонинг марҳамати ҳар қандай мусибату қайғудан устун эканлигини англаган банда Яратгандан таскин излайди ва Унгагина умид қилади. Аллоҳ таоло ҳар биримизга мурожаат қилган Муқаддас Қуръон оятларини ўқир экан инсон хотиржамликка эришади ва унда келажакка ишонч пайдо бўлади.
Қуръони Карим, сўзсиз, инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган. Қуйидаги оятлар киши ҳаётининг мушкул паллаларида ёрдам беради ва синовларни сабот билан енгишига, чиройли сабр қилишига кўмаклашади:
1-оят:
إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا
Яъни, “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси 6-оят).
2-оят:
قَالَ لَا تَخَافَا إِنَّنِي مَعَكُمَا أَسْمَعُ وَأَرَى
Яъни, “(Аллоҳ) айтди: «Қўрқмангиз! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман” (Тоҳо сураси 46-оят).
3-оят:
اللَّهُ وَلِيُّ الَّذِينَ آَمَنُوا يُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ وَالَّذِينَ كَفَرُوا أَوْلِيَاؤُهُمُ الطَّاغُوتُ يُخْرِجُونَهُمْ مِنَ النُّورِ إِلَى الظُّلُمَاتِ أُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
Яъни, “Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлар (бутлар)дир. Уларни (кофирларни) нурдан зулмат сари чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда мангу қолувчилардир” (Бақара сураси 257-оят).
4-оят:
أَحَسِبَ النَّاسُ أَنْ يُتْرَكُوا أَنْ يَقُولُوا آَمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ
Яъни, “Одамлар: “Имон келтирдик”, – дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! (Анкабут сураси 2-оят).
5-оят:
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ
«(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси 2-оят).
6-оят:
كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَنَبْلُوكُمْ بِالشَّرِّ وَالْخَيْرِ فِتْنَةً وَإِلَيْنَا تُرْجَعُونَ
Яъни, “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз» (Анбиё сураси 35-оят).
7-оят:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
Яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон сураси 200-оят)
8-оят:
سَلَامٌ عَلَيْكُمْ بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِ
Яъни, “(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!” (Раъд сураси 24-оят)
9-10-оятлар:
اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لَا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلَا نَوْمٌ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ مَنْ ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِنْ بِاللَّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى لَا انْفِصَامَ لَهَا وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
Яъни, “Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! (У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги нарсаларни билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир”.
“Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Бақара сураси 255-256-оятлар).
Аллоҳ таоло барчамизни синов ва қийинчиликларни сабр билан енгувчи, ҳар қандай ҳолатда Ўзидан нажот топгувчи ва Каломига муҳаббатли бандаларидан қилсин!
А.САИДЖАХОНОВ,
Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди имом-хатиби тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Дунё илм-фани тараққиётида мусулмон олимларининг ўрни беқиёс. Турли соҳалар ривожига тамал тошини қўйган олимларимизнинг бугунги кундаги авлодлари ҳам уларнинг ишини давом эттирмоқдалар. Мисол учун, тиббиёт, астрономия, математика, география, ахборот технологиялари ва физика каби жабҳаларда кўплаб ихтиролар қилинди. Замондош мусулмон олимларимиз ҳам илмий салоҳиятда пешқадам. Уларнинг баъзи ихтиролари ҳақида сўз юритамиз.
You tube платформаси дунёдаги энг катта видео-омбори ҳисобладани. Бутун дунёдан миллионлаб фойдаланувчилар ундан ҳар куни фойдаланади. Ушбу платформани бангладешлик Жавед Карим яратган. Платформадаги биринчи видео Карим томонидан 2005 йил 23 апрелда You tube каналига юкланган “Мен ҳайвонот боғида” видеоси бўлди. Дунёдаги энг йирик видеоплатформа сифатида You tube жаҳон воқеаларини, турли фойдали видеоларни шакллантириш ҳамда кенгроқ аудиторияни қамраб олиб кўплаб соҳалар ривожига ўз таъсирини ўтказди. Бугунга келиб дастур орқали хорижий тиллар ва замонавий касбларни уйда ўтирган ҳолда бепул ўрганса бўлади. Танганинг иккинчи тарафи бўлганидек, кўнгилочар видеоларни томоша қилиб вақтимизни зое қилишимиз хам мумкин. Болаларимиз қандай мақсадда фойдаланаётганига эътиборли бўлайлик. Танлов ўз қўлимизда.
Эронлик муҳандис Ҳусайн Яссайи томонидан 2001 йилда Мобил график ишлов бериш блокини яратди. Бу кейинчалик iPhoneнинг видео технологияси учун асос бўлиб, смартфонлар инқилобига йўл очди. 2000 йиллардан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган машҳур мобил телефонларнинг кўпчилиги 3D графикларни таъминлаш учун айнан ушбу ихтиродан фойдаланиб келмоқда. Бу эса тасвир сифатини яхшилади ва кўплаб имкониятларни очиб берди.
Покистонлик олим Навид Саид кремний микрочипида қайта боғланадиган мия ҳужайралари тармоғини ўстириш мумкинлигини исботлади. У мия ҳужайралари фаолиятини аниқ кузатувчи янги технологияни ишлаб чиқди. У 2003 йилда биринчи нейро-чипни ихтиро қилган ва уни 2004 йилда кенг оммага намойиш этди. У мия ҳужайраларини кремний чип билан боғлаган биринчи олим эди. 2024 йил январ ойида Neuralink инсон миясига илк нейрочипни жойлаштирди. Бу айнан Навид Саиднинг тадқиқотига асосланган эди.
Вирусологияда яманлик олим Шайх Aбдул Мажид Зиндоний Қуръони карим ва ҳадислардан фойдаланиб ОИВ ва ОИТСни даволаш йўлини топди. 2007 йилда у Иймон университетида олиб борган илмий ва тиббий тадқиқотларида беморларни муваффақиятли даволаган. Йигирма ҳолатда вирус ҳеч қандай ножўя таъсирларсиз бутунлай йўқ бўлган.
Шайх Музаффар Шукур ҳам космонавт, ҳам жарроҳ бўлган. У 2007 йилда коинотда тиббий тадқиқотлар олиб борди. Унинг фазо кемаси бортида ўтказган тиббий тажрибалари асосан жигар саратони ҳужайраларининг ўсиши, космосда турли оқсиллар ва микробларнинг кристалланиши билан боғлиқ эди. Жигар саратони ҳужайралари ва микроблар билан боғлиқ тажрибалар тиббий тадқиқотлар учун фойдали бўлди.
Мурод Нурал томонидан 2007 йилда Туркияда ихтиро қилинган “Вертикал кўтарилувчи нарвон” Нюрнбергдаги IENA ихтиро кўргазмасида олтин медални қўлга киритди. У баланд нуқталарга кўтарилиш ва у ерда туришни осонлаштириш учун мўлжалланганди. Бу алпинистлар учун фойдали ихтиро сифатида топилди.
Бу каби ихтироларнинг рўй[ати талайгина. Биз мусулмонлар илм-фан соҳасида етакчиликни ҳеч кимга бермай ривожланишда бардавом бўлишмиз шарт. Азиз ўқувчи, сиздан илтимос фарзандларингизни ўқитинг ва илмлилар қаторида бўлишини таъминланг. Бу сизу биз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Аллоҳ барчамизни ушбу йўлда собитқадам айласин.
Интернет манбалари асосида
Шоҳруҳ УБАЙДУЛЛАЕВ тайёрлади.