Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Январ, 2025   |   8 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:30
Шом
17:14
Хуфтон
18:33
Bismillah
08 Январ, 2025, 8 Ражаб, 1446

Қалбдаги шайтоний кечинмалар

6.06.2018   4493   4 min.
Қалбдаги шайтоний кечинмалар

Қалбга келган васвасалар ва уларнинг ҳукми ҳақида  Алий  Қорий  роҳматуллоҳи  алайҳнинг “Мишкатул масобиҳ” китобига ёзган “Мирқотул мафотиҳ” асаридан баъзи ҳадислар ва уларнинг шарҳларини келтирамиз.

Қалбга келадиган фикрлар агар ёмон, разил нарсаларга ундаса, у васваса бўлади. Агар яхшиликка ундаса у илҳом бўлади. Юқоридаги китобнинг биринчи фаслида келган ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло умматимдан қалблари васваса қиладиган нарсаларни авф этди, модомики, уни амалга оширмаса ёки гапирмаса.

Ҳадисдаги модомики уни қилмаса ёки гапирмаса дегани қалбидаги васваса қилинадиган нарса бўлсаю уни амалга оширмаса масалан, ноҳақ одам ўлдириш, зино, ўғирлик ва шунга ўхшашларни қалбга олиб келса, лекин уни қилмаса. Модомики, гапирмаса дегани у васваса тил орқали амалга ошириладиган ишлар, ҳақорат, куфрга олиб борувчи сўзлар бўлсаю уни айтмаса деган маънодадир. Бухорийнинг саҳиҳ китоблари шарҳи бўлган “Равза” китобининг муаллифи айтадики, агар у қалбда ўрнашса, бу сабабидан ҳисоб китоб қилинади. Юқоридаги ҳадис эса, ўша васваса қарор топмаса, шак-шубҳасиз авф қилинади деган маънога йўямиз. Чунки ўрнашмаган турли хил фикрлардан қутилиш бандани тоқатидаги нарса эмасдир.

Яна бир ҳадисда қалбдаги васвасалар ўта хатарли бўлсачи деган саволга жавоб беради:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.  Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечалари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб сўрадилар, биз қалбимизда шундай нарсаларни топдикки уни гапиришни катта нарса деб ҳисоблаймиз. У зот шундай нарса топаяпсиларми? – деди. Улар: Ҳа”, дейишди. Шунда у зот ана ўша очиқ ойдин иймондир, деб марҳамат қилдилар.

Қалбимизга турли нарсалар келиб қолади деган жумлани Алий Қори роҳимаҳуллоҳ хунук нарсалар, масалан: Аллоҳни ким яратди, унинг кўриниши қанақа ва шунга ўхшаш ёмон сўзлар деб шарҳлайди.  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирида ана шу очиқ ойдин иймондир деганларини, инсоннинг қалби Аллоҳни бирор нарсага ўхшатишдан ва баъзи куфрга олиб бориб қўядиган даражада инкор қилишдан холи эканини билдиради. Чунки кофир инсон Аллоҳни яратган махлуқотларига доимий ўхшатиб юради ва чиройли санайди. Энди ким уни ёмон деб, Аллоҳга лойиқ эмаслигини билиб, хунук санаса ана ўша ҳақиқий мўминдир. Бирор шубҳа қанчалик кучли бўлса ҳам уни тебрата олмайди. Баъзи уламолар наздида бунинг маъноси васваса бу иймоннинг белгисидир чунки ўғри ҳеч қачон бўм-бўш уйга кирмайди, деганлар.

Кейинги ҳадисда шунга ўхшаш васвасани кўринишларини Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи васаллам айтиб, ундан халос бўлиш йўлларини ҳам баён қилиб берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади,  Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васаллам Шайтон бирингизга келади ва буни ким яратди, буни ким яратди дейди охири Роббингни ким яратди, дейди. Кимга шу нарса етса, шайтондан паноҳ сўрасин ва тўхтасин.

Шарҳ: Иблис ёки унинг инсон ва жинлардан бўлган ёрдамчилари одам фарзандини чалкаштириш учун васваса қилади. Осмонни ким яратди, ерни ким яратди, дейди. Мақсади адаштириш, куфрга тушириш бўлади, шу зайлда савол бераверади, охири Роббинг ҳамма нарсани яратган зот бўлса, унинг ўзини ким яратган, дейди. Кимга шу нарса етса, Аллоҳ таолодан шайтонни кетказиш учун паноҳ сўрасин. Қуръони каримда шайтон ихлосли бандаларингни адаштира олмайман деган. Ҳадиси шарифларда ҳам келади “Яхшилик қилишга ҳам ёмонликдан қайтишга ҳам бирор куч қувват йўқ фақат Аллоҳнинг ёрдами билангина бордир”. Бандага хожасидан паноҳ сўраши вожиб бўлади. Шунда тили билан اعوذ بالله من الشيطان الرجيم (Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтади, яъни қувилган шайтонни ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Чунки Аллоҳ таоло ўз лутфи илоҳийси билан уни заиф ҳам хор ҳам қилдириб қўймайди. Шу сабабли шайтон эшик олдида очилишини кутиб турган, қачон очилса кирмоқчи бўладиган итга ўхшатилади. Шайтон ҳам қалб зикридан, Аллоҳдан паноҳ сўрамасдан ғофил бўлишини кутиб туради. Ҳадисни охирида “тўхтасин” дегани бу қалбига келган нарсалар ҳақида фикрлашни тарк қилсин ва бошқа нарса билан машғул бўлсин маъносидадир.

Иброҳим ТЕМИРОВ

Тошкент ислом институти талабаси 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   572   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.