Мана кун сайин улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён бу байрамни орзиқиб, алоҳида аҳамият билан кутиб оладилар. Бизларни доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳамда унинг ниҳоясидаги ҳайит байрами шодликларига муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Ҳайит байрамларида ёшу-қари, бойу-камбағал жамият вакилларининг барчалари шоду-хуррам бўлишиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қиладилар. Бу улуғ байрамларидан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси эса ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб уларга амал қилиш бу байрамлардаги хурсандчиликлар тўлиқ бўлишига ва энг муҳими кўплаб ажру савобларга ҳам эга бўлишга сабаб бўлади. Ҳайит байрамларининг одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:
Биринчи одоб: яхши ният қилиш
Мусулмон киши барча ишларида бўлгани сингари ҳайит байрамларида бажарадиган барча ишларини ҳам яхши ниятлар билан адо этиши лозим. Масалан ҳайит намозига отланар экан зиммасидаги вожиб амални адо этишни ният қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини бажариш нияти билан яхши кийимларини кийиб чиқади, силаи раҳм нияти билан қавму-қариндошларини зиёрат қилишга ҳаракат қилади ва ҳакозо барча амалларида эзгу ният қилинадиган бўлса, хурсандчиликлардан ташқари кўплаб ажру мукофотларга ҳам эга бўлади.
Иккинчи одоб: Ғусл қилиш
Ҳайит байрамига таёргарликлардан бири намозгоҳга ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқиш ҳисобланади. Ушбу одобга риоя қилиш туфайли бошқаларнинг ундан азият чекишларининг олди олинган бўлади.
Учинчи одоб: Хушбўйланиш
Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади.
Тўртинчи одоб: Яхши кийимлар кийиш
Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш бўлади. Улуғ зотларнинг ҳайит байрамларида энг яхши кийимларини кийганлари маълум ва машҳурдир.
Бешинчи одоб: Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш
“Садақаи фитр” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига халал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган.
Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “Садақаи фитр”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِزَكَاةِ الْفِطْرِ أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلاَةِ
رَوَاهُ مُسْلِمُ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар”. Муслим ривоят қилган.
Олтинчи одоб: Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин бир нечта хурмо еб олиш
Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор шаринлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ وَلاَ يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّىَ
. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар”. Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиб чиқишлари қандай бўлгани баён қилинган:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ
رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар”. Бухорий ривоят қилган.
Шунга кўра Рамазон ҳайти куни эрталаб намозгоҳга чиқиш олдидан бир нечта хурмо еб олиш суннат ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурмодан тоқ еб чиқишлари ҳам ривоят қилинган.
Еттинчи одоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емаслик
Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намозини адо этилгунича таомланмаслик, балки сўйган қурбонлигининг гўштидан ейиши суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
وَلاَ يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّىَ
. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар. Термизий ривоят қилган.
Саккизинчи одоб: Ҳайит намозига эрта бориш
عَنِ الْبَرَّاءِ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْطِبُ فَقَالَ إِنَّ أَوَّلَ مَا نَبْدَأُ مِنْ يَوْمِنَا هَذَا أَنْ نُصَلِّيَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ أَصَابَ سُنَّتَنَا
رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба қилаётиб шундай деганларини эшитганман: албатта ушбу кунимизда аввал бошлайдиган нарсамиз намоз ўқишимиздир, сўнгра қайтиб қурбонлик қилишимиздир, кимки шундай қилган бўлса, албатта бизнинг суннатимизни топибди”. Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадис ҳайит кунида дастлаб намозга чиқиш учун таёргарлик кўриш ва унга эрта бориш лозимлигига далолат қилади.
Тўққизинчи одоб: Масжидга пиёда юриб бориш
Ҳайит куни агар касаллик, узоқлик ва қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади. Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда аёлларнинг ҳайит намозларига чиқишлари макруҳ саналади.
Ўнинчи одоб: Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш
Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Ушбу суннатни адо этиш Ислом шиорини изҳор қилиш ва ҳайит байрами келганидан шодланиш ифодаси, ҳамда ушбу куннинг олдинги ва кейинги кунлардан фарқли кун эканини барча инсонларга билдириш ҳисобланади.
Ўн биринчи одоб: Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик
Ҳайит намозгоҳига етиб боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан таҳлил ва такбирлар айтиб зикр қилиб ўтириш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَا يُصَلِّي قَبْلَ الْعِيدِ شَيْئًا فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ
رَوَاهُ ابنُ مَاجة
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийддан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, қачон манзилларига қайтсалар икки ракаат намоз ўқирдилар”. Ибн Можа ривоят қилган.
Ўн иккинчи одоб: Бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан муборакбод этиш
Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.
Ўн учинчи одоб: Масжиддан уйига қайтишда бошқа йўлдан қайтиш
Ҳайит кунида намозгоҳдан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ جَابِرٍ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ يَوْمُ عِيدٍ خَالَفَ الطَّرِيقَ
رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни бўлса йўлни фарқли қилардилар. Бухорий ривояти.
Ушбу суннатга амал қилишнинг кўплаб фойдалари бордир. Аввало намозга бориб келишдаги босган қадамлари кўпаяди. Натижада савоблари ҳам ўшанча кўпаяди. Қолаверса бошқа йўлдан қайтишда янада кўпроқ инсонларга хурсандчилик изҳор қилиш ва уларни ҳайит билан қутлаш имконияти ҳам ошади. Энг муҳими Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган бўлади.
Ўн тўртинчи одоб: Қавму қариндошларни зиёрат қилиш
Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик кунларида эса бу вазифа яна таъкидлаб эслатиб қўйилган. Бу ҳам динимизнинг гўзаллигидан ҳисобланади. Қавму-қариндошлар зиёрат қилинганда ҳайитдаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади.
Ўн бешинчи одоб: Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш
Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиш ва уларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит хурсандчиликларини янада зиёда бўлишига сабаб бўладиган амаллардан ҳисобланади.
Ўн олтинчи одоб: Ёш болаларни хурсанд қилиш
Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.
Ўн еттинчи одоб: Турли исрофгарчиликлардан тийилиш
Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлар билан хурсандчилик қилинмаслигини асло унутмаслиги лозим. Шунга кўра гўё “ҳайитда рухсат” дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлаётганлар ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириб олаётганлар ушбу улуғ кунда шариатга зид ишларни содир этаётган бўладилар. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.
Барча ҳолатларимизда динимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечиришга Аллоҳ таоло ҳаммамизни муваффақ қилсин. Ҳайит байрами барчамизга муборак бўлсин!
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим
«Бу каби ихтилофли масалалар фақат бизда, Ўрта Осиёда ёки МДҲ давлатларида эмас, бошқа ерларда ҳам борлигининг далили сифатида Миср Араб Жумҳурияти бош муфтийси шайх Али Жума ҳазратларининг «Замонавий фатволар» номли китобларидан таржима қилинган матнни келтиришга ижозат бергайсиз.
Савол: Дафн давомида ёки ундан кейин қабр олдида Қуръон ўқишнинг ҳукми нима? Маййитга Қуръон талқин қилинишининг ҳукми нима? Баъзи бир кишилар: «Бундай иш бидъат бўлиб, на Қуръон, на ҳадис ва на эргашиш лозим бўлган хабарда келмаган, Қуръон қабрлар олдида тиловат қилиш учун нозил қилинмаган», дейишади. Бу ҳақда шариатнинг ҳукми нима?
Жавоб: Қуръон тиловати шариат буйруғида умумлаштирилган ҳолда айтилган. Умумий буйруқ эса жамики макон, замон, шахс ва ҳолатларни ўз ичига олади. Ушбу умумийликни фақат далил билан чеклаш мумкин, холос. Агар далил келтирмасдан чекланса, бидъат ишни қилган бўлиб, Аллоҳ ва Расули кенг қилиб қўйган ишни торайтириш бўлади.
Шунга биноан, қабр олдида, дафндан олдин ёки кейин Қуръон тиловат қилиш шаръий амал бўлиб, насс(матн)ларнинг умумийлиги ҳам шунга далолат қилмоқда. Бунга яна қўшимча равишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва салаф солиҳлардан ворид бўлган кўплаб асарлар бордир.
Имом Абу Бакр Ҳаллол Ҳанбалийнинг (ҳижрий 311 йилда вафот этган) «Жомеъ» китобининг «Қабрлар олдидаги қироат» номли жузида, Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мавдисий Ҳанбалийнинг китобидаги ушбу масалага оид жузда, имом Қуртубий Моликийнинг (ҳижрий 671 йилда вафот этган) «Охират иши ва ўликлар ҳолати хусусида эслатма» номли китобида, Ҳофиз Суютий Шофеъийнинг (ҳижрий 911 йилда вафот этган) «Ўликлар ва қабр ҳолатини шарҳлашда қалб очқичи» номли китобида, Ҳофиз Абдуллоҳ ибн Сиддиқ Fиморийнинг (ҳижрий 1413 йилда вафот этган) «Қуръон савоби етишида баённинг очиқ-ойдин бўлиши» китобида ва бундан бошқа бир қанча китобларда бу масала хусусида сўз айтилган.
Бу хусусда очиқ-ойдин келган саҳиҳ ҳадислар ҳам кўп. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилинади:
«Отам менга: «Эй ўғилчам! Агар вафот этсам, мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: «Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ», деб устимга тупроқ тортгин. Кейин бош томонимда Бақара сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деяётганларини эшитганман», деди».
Табароний ривоят қилган.
Худди мана шу ҳадисни Ибн Умар мавқуф ҳолатда ривоят қилган. Шунингдек, Ҳаллол ҳам «Қабрлардаги қироат» жузида, Байҳақий «Сунанул Кубро»да ва бу икковларидан бошқалар ҳам ривоят қилишган. Имом Нававий ва Ибн Ҳажар бу ҳадисни ҳасан дейишган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардаи бирор киши вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрига тез олиб боринглар. Бош томонида «Китобнинг очувчиси» (Фотиҳа) ўқилсин. Қабрнинг оёқ томонида Бақара сурасининг охири ўқилсин», дедилар».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.
Имом Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да «Китобнинг очувчиси» деган жумланинг ўрнига «Бақаранинг бошланиши» деб айтилган ривоятни келтирганлар. Бу масалада бошқа ҳадислар ҳам бор, лекин бироз кучсиздир.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким қабрлар олдидан ўтаётиб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиса, сўнгра унинг савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».
Ушбу ривоятни Ҳаллол «Қабрлардаги қироат» номли китобида, Самарқандий «Қул ҳуваллоҳу аҳаднинг фазилати» китобида ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кирса, сўнгра Фотиҳа, «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Ал ҳаакумут такаасуру» сураларини ўқиса, кейин: «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ўқиган нарсаларнинг савобини қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», дедилар».
Абул Қосим Занжоний «Фавоид» номли китобида ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Ким қабристонга кириб, Ёсин сурасини ўқиса, у ердагиларнинг азоби енгиллатилади ва унга у ердагилар ададича ҳасанот ёзилади».
Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалийнинг бу масаладаги қисмда таълиф этган нарсалари қуйидагичадир: «Ушбу мавзудаги ҳадислар заиф бўлса ҳам, уларнинг мажмуаси асли борлигини билдиради. Барча ўлка ва асрдаги мусулмонлар ҳеч қандай инкорсиз ижмоъ қилган ҳолларида ўликларига Қуръон ўқийдилар».
2. Суннатда Ёсин сурасини ўликларга қироат қилиш хусусида қуйидагилар айтилган.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасиии ўқинглар», дедилар».
Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган.
Қуртубий бу ҳадисни шарҳлаб: «Ушбу қироат маййит ўлган вақтда ёки қабри ҳузурида бўлиши мумкин», деган.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий «Фатво» номли китобида: «Ёсин қироати юқоридаги икки ўринда ҳам мандуб», деган.
3. Шунингдек, шариат ҳам жанозада Фотиҳа сурасини ўқишни айтган. Чунки бунда маййитга хос манфаат бор бўлиб, раҳмат ва мағфират ҳам мужассамдир. Аммо ундан бошқа сураларда ундай эмас.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уммул Қуръон» сураси бошқа сураларнинг ўрнини босувчидир. Лекин бошқа суралар унииг ўрнини боса олмайди», дедилар».
Дорақутний ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳ деган.
Шунинг учун имом Бухорий ҳам «Саҳиҳ» китобларида «Фотиҳани ўликка ўқиш боби» деб алоҳида боб очганлар. Демак, у жаноза намози ёки унинг ташқарисида бўлишдан умумийроқдир.
Жаноза намозида Фотиҳа сурасини ўқишга далолат қилувчи бошқа ҳадислар ҳам бор. Бундан ташқари, Фотиҳа сурасини дафн пайтида ёки ундан кейин ўқишга далолат қилувчи ҳадислар ҳам мавжуд.
Умму Афиф Надийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёллар байъат қилганида, биз ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда фақат маҳрам эркаклар билан гаплашишга ва ўликларимизга Фотиҳа сурасини ўқишга буюрдилар».
Табароний ривоят қилган.
Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликка Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюрдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
4. Уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилишга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтиришади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтаётиб: «Мана шу иккови азобланмоқда. Катта нарса учун азобланаётгани йўқ. Улардан бири пешобидан тўсинмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра бир ҳил хурмо новдасини опкелтирдилар-да, иккига бўлиб, бунисига бирини, унисига бирини суқиб қўйдилар. Сўнгра: «Шояд, булар қуригунча икковидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Хаттобий: «Бу қабрлар олдида Қуръон тиловат қилиш маҳбуб эканига далилдир. Чунки дарахт(шоҳи) нинг тасбеҳидан маййит наф олганидан кейин, Қуръон тиловатидан ундан ҳам кўп фойда ва барака умид қилинади», дейди.
Имом Қуртубий айтади: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойдали эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин, қандай қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин! Шунинг учун уламолар «Қабр зиёрати мустаҳаб, тиловат зиёратчидан маййитга туҳфадир», дейишган».
Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳаб дейишган. Шоҳнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», деган.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта қабр устида жаноза намози ўқиганлар. Ушбу ҳабар икки «Саҳиҳ» ва бошқа китобларда келган. Намоз эса Қуръон тиловати, салавот, зикр ва дуоларни ўз ичига олади. Демак, буларнинг барчаси жоиз бўлган ўринда баъзиси жоиз бўлиши табиийдир.
Шунингдек, уламолар қуйидагиларни айтадилар:
«Маййитга қироат савобининг етиб боришини ҳажнинг савоби маййитга етиб боришига қиёс қилиб олганлар. Чунки ҳаж хам намоз амалини ўз ичига олади. Ўз-ўзидан, намозда Фотиҳа ва бошқа суралар бор. Демак, буларнинг барчаси етиб борганидан кейин, баъзиси, яъни тиловат етиб бориши табиийдир. Баъзилар тортишса ҳам, мана шу охирги маъно ҳақдир. Лекин аксар уламолар: «Қироат қилувчи киши маййитга қироатининг савоби ададича савоб берилишини сўраса, Аллоҳ Ўз изни билан ўшанча савоб беради. Чунки агар Карим сифатли Зотдан сўралса, У албатта беради. Ва дуо қилинса, ижобат этади», дейилади.
6. Мана шу ҳеч қандай инкорсиз, авлоддан авлодга, салафдан халафга ўтиб келаётган амал бўлиб, эргашилаётган мазҳабларда эътимодли нарсадир. Ҳаттоки Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдул Воҳид Мақдисий Ҳанбалий ҳамда Шайх Усмонийлар ҳам китобларида қуйидагича нақл қилишган: «Албатта, истиғфор, дуо, садақа, ҳаж ва қул озод қилишда маййитга манфаат бўлиб, савоби унга етиб туради. Қабр олдида Қуръон тиловат қилиш эса мустаҳаб амалдир».
Ўтган солиҳларнинг ушбу мавзудаги асарлари:
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида имом Шаъбийдан қилган ривоятда: «Ансорийлар маййит ҳузурида Бақара сурасини ўқишар эди», деб айтилган.
Имом Халлол «Қабрлардаги қироат» номли китобларида: «Агар бирор киши ўлса, ансорийлар унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди», деб айтганлар.
Халлол Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилиб: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг зарари йўқ», деб айтганлар.
Ҳасан ибн Саббоҳ Заъфаронийдан ривоят қилиб: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўрадим. Шунда у зот «Зарари йўқ» дедилар», деб айтади.
Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилинади:
«Мен Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан жанозада эдим. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб, тиловат қила бошлади. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал: «Эй фалончи! Қабр олдидаги қироат бидъатдир», деди.
Қабристондан чиққач, Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий хусусида фикрингиз қандай?» деди. Имом Аҳмад:
«У ишончли, - дедилар. Сўнг: - Сиз у кишидан бирор нарса ёзиб олганмисиз?» деган эдилар, Муҳаммад ибн Қудома қуйидагича жавоб берди:
«Мубашшир Абдурраҳмон ибн Алодан, у эса отасидан ривоят қилади. Отаси васият қилиб: «Агар дафн қилсангиз, маййитнинг бошида Бақара сурасининг боши ва охирини ўқинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг шундай васият қилганларини эшитганман», деган экан».
Шунда имом Аҳмад:
«Бориб, халиги одамга айтинг, тиловат қилаверсин», дедилар».
Кейинги мавзу:
Эргашилатётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари