Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Иккита бир-бирига ўхшаш оят, лекин Аллоҳ таоло уларни икки хил хулоса билан якунлаган:
وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَتَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ الْإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ (34)
"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, инсон зулмкор ва ношукрдир" (Иброҳим сураси, 34-оят).
وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ (18)
"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматлидир" (Наҳл сураси, 18-оят).
Биринчи оятда: Инсоннинг Аллоҳга муносабати билан тугатилган!
Иккинчи оятда: Аллоҳнинг бандага муносабати билан тугатилган!
Аллоҳ таоло нақадар буюк Зот! Инсон эса нақадар ожиз ва нодон мавжудот.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ