Аллоҳнинг зоти тўғрисида чуқур фикр юритмаймиз. Унинг дини ҳақида ҳам баҳсу жадал қилмаймиз. Қуръони карим тўғрисида ҳам худди шундай. Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни Жаброил алайҳиссалом олиб келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим берганлар, деб имон келтирамиз. Қуръон сўзига тенг келадиган сўз йўқ. Уни яратилган демаймиз. Аллоҳнинг каломи махлуқ эмас, балки унинг лафзу ҳарфлари, қоғоз ва қироати махлуқ.
Мусулмон жамоасига мухолиф бўлмаймиз. Қибла аҳлини гуноҳ иш қилсалар ҳам кофир санамаймиз, башарти унинг гуноҳ иш эканини инкор этмаса.
Имонли кишига қилган гуноҳи мутлақо зарар бермайди ҳам демаймиз. Солиҳ мўминларнинг тавбаларини қабул этиб, гуноҳларидан ўтиб, жаннатга дохил қилади, деб Аллоҳдан умид қиламиз. Аммо улардан қатъий хотиржам бўлиб, жаннатий деб гувоҳлик бермаймиз.
Мўминларнинг гуноҳкорлари ҳаққига истиғфор айтамиз. Уларга Аллоҳнинг азоби бўлишидан хавфсираймиз. Аммо уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаймиз. Аллоҳнинг азобидан хотиржам ва раҳматидан ноумид бўлиш исломдан бегона қилиб қўяди. Ҳақиқат умид ва қўрқув ўртасидадир. Мўмин киши имондан чиқиши учун имонга киришига сабаб бўлган нарсаларни инкор этган бўлиши керак.
Имон Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан келтирган барча маълумотни тил билан иқрор қилиб, дил билан тасдиқлашдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали бизга етказилган барча шариат аҳкомлари ва изоҳларини ҳақ деб биламиз.
«Ақоид матнлари»дан
ЎМИ Матбуот хизмати
Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий айтадилар: “Дамашқлик устозим 97 ёшда бўлсаларда, тетик, ҳатто тишлари ҳам соппа-соғ, кўзлари равшан эди. Қизиқиб бунинг сабабини сўраганимизда: “Ёшлигимизда аъзоларимизни гуноҳлардан асрагандик, қариганимизда Аллоҳ таоло уларнинг хизматидан бизни маҳрум этмади”, деб жавоб бердилар”.
Аллома Табарий раҳимаҳуллоҳ 70 ёшида ҳам кемадан қуруқликка сакраб тушардилар. Ёшлар таажжубланиб: “Бунча куч-қувват қаердан?” деб сўрашганда, у зот: “Биз аъзоларимзни ёшлигимизда гуноҳлардан сақлаган эдик, қариганимизда эса Аллоҳ таоло уларни биз учун сақлаб қолди”, дедилар.
Тобеъин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ёшлари 90 дан ошган бўлсада далада ишлардилар. Буни кўрган одамлар: “Ёшлигингни қандай сақлаб қолдинг?” деб сўрашди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Мен ёшлигимни сақлаб қолдим, Аллоҳ эса кексалигимни сақлаб қолди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўзнинг зиноси – (номаҳрамга) қарашдир”, деганлар. Бошқа бир ривоятда “Кўз ҳам зино қилади. Кўзнинг зиноси (номаҳрамга) қарашдир”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД