Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрати Хадича (розияллоҳу анҳо) онамиз вафотидан сўнг ҳазрати Савда бинти Замъа онамизга уйланганлар.
Савда онамизнинг оталари Замъа ибн Қайс ибн Абдуш Шамс ибн Абд Вудд ибн Амир ибн Луай ибн Ғолиб, оналари эса аш-Шамус бинти Қайс ибн Амр ибн Зайд ибн Лабид ибн Хидаш ибн Амира бану Ади ибн ан-Нажжар қабиласидан эди.
Савда онамиз дастлаб амакиларининг ўғли Сакрон ибн Амрга турмушга чиққан. Икковлари исломни қабул қилиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар ва саккиз муҳожирнинг сафидан жой олган. Савда онамизнинг биринчи эрлари Сакрон ибн Амр касал бўлиб вафот этган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадича онамизнинг вафотларидан бир неча йил кейин, Тоифдан ниҳоятда маҳзун бўлиб қайтган эдилар. Савда онамизга уйланишлари ана шундай вақтга тўғри келган.
Мўмина аёллар орасида Хавла бинти Ҳаким (розияллоҳу анҳо), Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг номларидан Савда онамизга совчи бўлиб борганлар. Савда онамиз оталарининг розиликлари билан Пайғамбаримизга турмушга чиқиб, 400 дирҳам маҳр олган. Шу вақтда Рамазон ойи бўлиб, пайғамбарликнинг ўнинчи йили эди. Бу никоҳ маккаликларни таажжублантирган. Чунки Савда онамиз ёш ҳам эмас, унчалик чиройли ҳам эмасди.
Лекин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчиликда қолган кимсасиз аёлни ҳимоя этганлар. Савда (розияллоҳу анҳо) мўминларнинг онаси, зиммаларидаги масъулиятни адо этишга сидқидилдан киришиб, етим қолган фарзандларининг тарбияси билан шуғулланган. Савда онамиз итоатли, севимли ва ҳазилкаш аёл эди.
Бир куни Савда (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га: «Эй Аллоҳнинг Расули, кеча ортингиздан намоз ўқидим. Жуда узоқ вақт руку қилдингизки, қон оқиб кетмасин деб бурнимни ушлаб турдим», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулдилар. Шу тариқа орадан уч йил ўтди.
Савда бинти Замъа Оиша онамиз келин бўлиб тушганидан кейин ҳам ҳазил-мутойибани тарк этмади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонларига бошқа аёллари бирин-кетин кириб кела бошлади. Бироқ бу ҳол уларни ўз ўрниларини йўқотишга олиб келмади. Суюкли пайғамбаримиз ҳар қайсисига яраша муомала қилдилар.
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Мен Савдадан бошқа тутими ва сийратида ўзимга ёқадиган, унга ўхшаш аёлни кўрмадим. У ёши катта бўлганда: «Эй Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздаги ҳақим бор кунимни Оишага бердим», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оишага икки кун – ўз кунини ва Савданинг кунини тақсим қилар эдилар».
Аллоҳ таолонинг изни ила Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижрат қилганларида, Савда бинти Замъа онамиз ҳам у зотнинг ортларидан қизларини олиб ҳижрат қилган. У ерда ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонларини бошқариб турган.
Бадр жангида қариндошлари Суҳайл ибн Амр асир тушганида, соддадиллик билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қилган ишоралари туфайли асирларга яхшилик қилиш бўйича шаръий қоидаларга яна бири қўшилган.
Савда бинти Замъа онамиз «Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишга изн берилди» ояти нозил этилишига сабабчи бўлган. Савда онамиз бетакрор хислатлари, тақво, сахийлиги билан ажралиб турарди.
Умар (розияллоҳу анҳу) уларга бир хуржун дирҳам юборганларида, уларнинг ҳаммасини тарқатиб юборган. Ғазотда иштирок этиб, Хайбарни фатҳ қилинишига гувоҳ бўлган.
Ҳазрат Савда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин, ҳазрати Умар(розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида вафот этган. Бу пайтда у чамаси саксон ёшда бўлган.
Савда онамиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бешта ҳадис ривоят қилган. Улардан бирини Имом Бухорий ривоят қилган.
Марям АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хотин-қизлар масалалари бўйича
бўлим мутахассиси
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.