Россия Федерациясининг Томск вилояти Асино туманидаги ёғоч уйда юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 10 нафар фуқароларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Ҳалол меҳнат қилиб, аҳли оила нафақаси йўлида ҳалок бўлган ушбу йигитларимизнинг охиратлари обод бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз.
Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб вафот этса, шаҳидлик мақомини топиши таъкидланган.
Мазкур ёнғинда вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини илтижо қилиб сўраймиз.
Ҳалок бўлганларнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, ҳақларига дуо қилиб, самимий ҳамдардлик билдирамиз. Парвардигоримиз қурбонларни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин, ортларида қолган аҳли байти ва фарзандларига сабру жамил берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими томонидан 2025 йил 5 февраль куни “Zoom” платформаси орқали адлия органларига диний ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳисоботлар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликларининг юрисконсультлари иштирок этди.
Унда жумладан, диний ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини барча масъул ходимларга етказиш орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам равишда ошириб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ижрочиларга тўлиқ етказиш, меҳнат қонунчилигига оид ҳужжатларни тўғри юритиш, масъул ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, диний соҳа ходимларини қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш, буйруқларни тўғри расмийлаштириш, ҳужжатлар алмашинувини тўла тизимлаштириш, рўйхатдан ўтказувчи ташкилотларга ўз вақтида ҳисобот тақдим этиш каби муҳим тушунтириш ва эслатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати