Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Январ, 2025   |   27 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:17
Қуёш
07:39
Пешин
12:41
Аср
15:52
Шом
17:36
Хуфтон
18:52
Bismillah
27 Январ, 2025, 27 Ражаб, 1446

Покистон аҳолисининг аксарияти ўзбек тилини билади. Улар Ўзбекистонга сайёҳат қилишни орзу қилади

27.03.2018   3208   1 min.
Покистон аҳолисининг аксарияти ўзбек тилини билади. Улар Ўзбекистонга сайёҳат қилишни орзу қилади

Муҳаммад Жавед Чаудри, Покистондаги “Express News” телеканалида сиёсий ток-шоулар бошловчиси ва муаллифи: 

– Биз Афғонистонда тинчлик ҳукм суришидан, қўшничилик муносабалари ўрнатишдан жуда манфаатдормиз. Ваҳоланки, Афғонистон маҳсулот айланмасининг 80 фоиздан ортиғи Афғонистон-Покистон транзит йўли орқали амалга оширилади. Денгизга тўғри чиқиш йўли бўлмаган Афғонистон кенг турдаги маҳсулотларни Покистон орқали олади. Бу юртдаги сиёсий муаммолар бизга ҳам албатта ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. 

Ўз юртимнинг, халқимнинг бир вакилли сифатида айтишим мумкинки, Исломобод ва Қобул муносабатларининг яхшиланиши икки давлат фуқароларининг чегарадан ўтиб юриши юзасидан вақти-вақти билан юзага келиб турадиган шикоятларни бартараф этишга ҳам асос бўлади. 

Шу ўринда Афғонистонга тинчлик ўрнатиш учун кўмак бераётган Ўзбекистон ҳукуматига ҳам миннатдорчилик билдирамиз. Покистон аҳолисининг аксарияти ўзбек тилини яхши билади ва мамлакатингиздаги ислоҳотларни кузатиб боради. Улар Ўзбекистонга сайёҳат қилишни жуда ҳоҳлайдилар. Биз урф-одатлари, анъаналари, ҳаёт тарзи бир-бирига ўхшаш халқлармиз. Келгусида Покистон-Ўзбекистон алоқаларини янада кенгайиши ва сайёҳлик йўналиши ривожига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. 

Маълумотларга кўра, Покистон Ислом Республикасида буунги кунда 70 минг нафардан ортиқ ўзбек миллатига мансуб кишилар яшайдилар.Уларнинг асосий қисмини 20 асрнинг бошида Марказий Осиёдан Афғонистон орқали Покистонга кўчганлар ташкил этади. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бидъат нима?

27.01.2025   194   17 min.
Бидъат нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

БИДЪАТ НИМА?

«Бидъат» сўзи луғатда бир нарсани янгитдан пайдо қилиш маъносини англатади.

Бидъатнинг шаръий истилоҳи, яъни таърифига келадиган бўлсак, уламолар бу масалада бир хил фикрга иттифоқ қилмаганлар. Мазкур таърифларнинг ҳаммасини жамлаб, таҳлил қилган мутахассислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.

Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шомалар, моликийлардан Қурофий ва Зарқонийлар, ҳанафийлардан Ибн Обидин, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зоҳирийлардан Ибн Ҳазмлар кирадилар.

Бу йўналишдаги уламолар ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ҳар қандай бидъатни Қуръон ва Суннатда йўқ ва динда янги пайдо бўлган нарса, деб таърифлайдилар.

Мазкур йўналишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб, унда: «Бидъат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.

Биринчи йўналишдаги бидъат бир неча турларга тақсимланади:

1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради, чунки бу илмни билмай туриб, Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Ушбу икки манбани ўрганиш вожибдир. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Наҳв илмини ўрганиш борасида биринчи қадам ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида қўйилди.

2. Ҳаром бидъат. Бунга қадария, жабрия, муржиъа ва хавориж мазҳаблари киради. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларга юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.

3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровиҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун мандуб деб баҳоланган.

4. Макруҳ бидъат: масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.

5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш, шунингдек, еб-ичишда ва кийинишда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.

Биринчи йўналиш тарафдорлари бидъатнинг мазкур беш қисмга тақсимланишига далиллар ҳам келтирганлар.

Биринчи далил:

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Ким Исломда гўзал одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганларнииг ажрига ўхшаш ажр ёзилиб туради, уларнинг ажридан бирор нарса камайтирилмайди. Ким Исломда бир ёмон одатни пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ ёзилиб туради, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмайди».

Иккинчи далил:

Абдурраҳмон ибн Абдул Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб олган, тарқоқ ҳолларида эканлар. Кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда.

Шунда Умар: «Менимча, анавиларни бир қори(нинг орти)га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди.

Шунда Умар: «Бу қандай яхши бидъат бўлибди! Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деди, яъни кечанинг охирида. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди».

Бухорий ривоят қилган.

Учинчи далил:

Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар эса масжидда (жамоат бўлиб), зуҳо намози ўқишмоқда. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, «(Яхши) бидъат», деди».

Муслим, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган. Кўпчилик мазкур таърифга оид бидъатни майдалаб ўтирмай, иккига тақсимлаб қўя қоладилар ва: «Бидъат икки хил бўлади: бидъати ҳасана – яхши бидъат ва бидъати саййиъа – ёмон бидъат», дейишади.

Иккинчи йўналишдаги уламолар имом Молик, Шотибий, Туртиший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийлардан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамийлар, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймиялар бўлиб, уларнинг фикрича, бидъатнинг барчаси – ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.

Иккинчи йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури ва жамловчиси имом Шотибийнинг таърифидир. У киши бидъатни икки хил таърифлаган:

1. Бидъат – динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Уни қилиш билан Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.

Бу таърифда диннинг жавҳарига янги ўзгариш киритиш ҳақида, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2. Бидъат – динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Уни қилишда шариат йўлига юриш қасд қилинади.

Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат эканлиги таъкидланган.

Имом Шотибий бидъат масаласида энг кўп изланиш олиб борган олимлардан бири ҳисобланади. У киши бидъатга қарши туришда энг ашаддийлардан биридир.

Ҳақли равишда «Нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз: «Имом Шотибий бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган», деб жавоб берганлар.

Имом Шотибийнинг биринчи – тор маънодаги таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади, деганларнинг фикри, иккинчи – кенг маънодаги таърифида эса бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади, деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.

Имом Шотибийнинг ўзи эса бидъат фақат ақийда ва ибодатларга хос бўлади, деган фнкрга мойил бўлган.

Иккинчи йуналишдаги таърифда бизга керак булган асосий маъно «Бидъат – динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир.

Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун диннинг асосига – жавҳарига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилиши керак экан. Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилган:

1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ишимиз» деганлари динимиз деганларидир.

2. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзаҳдадир», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Насоийлар ривоят қилишган.

Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг жавҳарига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлса, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзаҳда бўлса, холимиз не кечар эди? Пайғамбаримиз ҳаётлик даврларида Қуръони Карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди ва ҳоказо. Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқуллайдилар.

Мавлиднинг ҳукми

Юқорида барча мазҳабларнинг кўзга кўринган уламолари иштирокида бидъатнинг нималигини билиб олганимиздан кейин мавлиднинг ҳукми ҳақида икки оғиз сўз айтиб ўтсак, маъқул бўлади.

Бидъатни ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин, Қуръон ва Суннатда йўқ, динда янги пайдо бўлган нарса, деб таърифлайдиган йўналишдаги уламоларнинг гапига амал қиладиган бўлсак, мавлид мандуб бидъатлар қаторига кириши турган гап. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, мавлид бидъати ҳасана (чиройли бидъат) бўлади.

Иккинчи йўналишдаги, яъни бидъатни икки хил таъриф қилган, яъни: «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Уни қилишда Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади; Бидъат – динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унда шариат йўлига юриш қасд қилинади», деган уламоларнинг гапини оладиган бўлсак, мавлид умуман бидъат бўлмайди. Чунки ҳеч ким, ҳеч қачон мавлидни диннинг жавҳарига оид нарса демаган ва демайди ҳам.

Иккинчи йўналишдаги таърифга биноан, «Мавлид бидъат бўлмаса, нима бўлади?» деган ҳақли савол юзага келиши турган гап.

Ҳар биримиз дунёнинг собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборатлигини яхши биламиз. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан ободдир. Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳоказолар бор. Улар ўзгариб туради, чунки ҳаётнинг ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариб туриши билан ободдир.

Ҳудди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди. Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, унинг асосини ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундай масалаларни Аллоҳ таоло Ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.

Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонлар аҳдларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари асосан ҳудди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар.

Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва Суннати Набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутиш билан бирга, ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом динининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб иш юритганлар. Мазкур таълимотлар асосида қуйидаги манбалар асосида ижтиҳод қилиш қоидаларини ишлаб чиққанлар:

1. Қуръони Карим.

2. Суннат.

3. Ижмоъ.

4. Қиёс.

5. Истиҳсон.

6. Шаръу ман қоблана шаръу лана.

7. Масолиҳул мурсала.

8. Урф.

9. Мазҳабус-саҳобий.

10. Истисҳоб.

Бу манбаларнинг кейинги саккизтаси аввалги иккитасига – Қуръон ва Суннатга боғлик бўлиб, шу иккисидаги таълимотлар асосида бўлади. Аввалги тўрт манба – Қуръон, Суннат, ижмоъ ва қиёс борасида барча фақиҳлар иттифоқ қилганлар ва уларни шу тартибда манба деб олганлар. Қолганларида ихтилоф бор. Баъзиларини олиб, баъзиларини олмаганлар ҳам бор.

Албатта, ҳозир биз мазкур манбаларнинг тафсилотини ўрганиш мақсадида эмасмиз. Шунинг учун ўзимизга керак мавзу, яъни «Мавлид қайси манба асосида жорий бўлган?» деган саволга жавоб ахтарамиз.

Уламоларимиз мавлид масолиҳулмурсала асосида амал қилинган нарсадир, дейдилар. «Масолиҳулмурсала»нинг луғатдаги маъноси «эркин қўйилган манфаатлар» десак, хато қилмаган бўламиз.

Масолиҳул мурсаланинг усули фиқҳ илмидаги истилоҳий маъносини билиб олиш учун бир оз муқаддима қилишимизга тўғри келади.

Ислом шариатининг барча таълимотлари уч ҳил манфаатни кўзлаган бўлади:

1. Зарарларни қайтариш.

Бунга эришиш учун беш зарурий нарсани: дин, мол, жон, шаън ва ақлни муҳофаза қиладиган таълимотлар ва қонун-қоидалар жорий қилинган.

2. Манфаатни жалб қилиш.

Бунга эришиш учун ҳаётда эҳтиёж тушиб турадиган ибодат ва муомалот каби ишларда одамлардан ортиқча қийинчиликни кўтаришга қаратилган таълимотлар жорий қилинган.

3. Карамли ахлоқлар ва гўзал кўринишлар тақозоси бўйича юриш.

Бунга эришиш учун таҳсиниёт – яхшиловчи ҳукмлар жорий қилинган.

Ушбу манфаатларни шариат эътиборга олиши ёки олмаслиги бўйича уч йўналиш бор.

1. Эътиборли манфаатлар.

Шариат буларни эътиборга олиб, уларни сақлаш борасида тадбир-чоралар кўрган. Мисол учун, беш зарурий нарсани: дин, мол, жон, шаън ва ақлни муҳофаза қилиш учун уларга тажовуз қиладиганларга қарши жазолар белгиланган.

2. Эътиборсиз манфаатлар.

Буларда баъзи бир манфаат бўлиши мумкин. Аммо зарари манфаатидан кўп бўлгани учун ўша оз манфаати эътиборга олинмаган. Мисол учун, қимор ва ҳамрда пул топиш манфаати бор. Аммо бу икки нарсанинг зарари фойдасидан кўп. Шунинг учун шариатда уларнинг озгина фойдасидан воз кечилган.

3. Эркин қўйилган манфаатлар.

Булар ҳақида шариатда маълум бир кўрсатма йўқ. Уларни қиёслайдиган ҳужжат ва далил ҳам йўқ.

Эркин қўйилган манфаатлар ибодатларда бўлиши мумкин эмаслигига ҳамма иттифоқ қилган. Аммо ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ибодатлардан бошқа ишлардаги масолиҳулмурсала – эркин қўйилган манфаатларни шариатнинг манбаларидан бири деб қабул қилганлар.

Хулосасини айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар «масолиҳулмурсала»ни эътиборга оладилар ва уни ишлатадилар.

Зотан, шариатнинг асосий мақсади бандаларнинг икки дунёдаги саодатини таъминлашдир. Қуръон ва Суннатдаги барча ҳукмлар айни шу мақсадда жорий қилинган. Бандаларнинг майда-чуйда манфаатлари эса тугамайди. Вақт ўтиши билан янгиланиб туриши ҳам бор. Шунинг учун шариат булар учун очиқ майдон қолдириб қўйган. Қуръон ва Суннатда зикр қилинмаган масалаларни улардан олинган қоидалар асосида умматнинг уламолари ҳал қилиб бораверадилар. Уламолар бунда Исломнинг фойдани жалб қилиш, зарарни даф қилиш қоидасини маҳкам тутадилар. Бу жараён қадимдан давом этиб келмоқда.

«Масолиҳул мурсала» шариат манбаларидан бири бўлиши учун учта шарт қўйилган:

1. Шариат мақсадларига мувофиқ бўлиши.

«Масолиҳулмурсала» асосида жорий бўлаётган иш шариатнинг асл қоидаларига ва далилларига хилоф бўлмаслиги шарт.

2. Ҳикматининг охиригача ақл етадиган ва йўналиши батафсил идрок қилинадиган бўлиши.

«Масолиҳулмурсала» таҳорат, намоз, рўза каби ҳикматини охиригача билиб бўлмайдиган ва йўналишини батафсил идрок қилиш имкони бўлмаган ибодатларда жорий қилинмайди.

3. Зарурий нарсаларни муҳофаза қилишга қаратилган бўлиши.

«Масолиҳулмурсала» дин, мол, жон, шаън ва ақл каби зарурий нарсаларни муҳофаза қилишга ёки динда қийинчилик туғдириши мумкин бўлган нарсаларни бартараф этишга қаратилган бўлиши шарт.

Усулул фиқҳ уламолари «масолиҳулмурсала» асосида қабул қилинган энг машҳур амалларга Қуръони Каримни жамлаб, китоб ҳолига келтириш, девонлар ташкил қилиш, жума намозида имом минбарга чиққанда айтиладиган азондан олдин бир азон айтиш, ҳибсхоналар ташкил этиш каби ишларни мисол қилиб келтирадилар. Жумладан, мавлид ҳам кейинчалик «масолиҳул-мурсала» асосида жорий бўлган нарсалардан биридир.

Кейинги мавзулар:
Катта уламолар мавлид ҳақида;
Мавлидчиларга.

Кутубхона