Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Январ, 2025   |   8 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:30
Шом
17:14
Хуфтон
18:33
Bismillah
08 Январ, 2025, 8 Ражаб, 1446

Малайзияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари маъруза қилишди

4.07.2018   2855   2 min.
Малайзияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари маъруза қилишди

Малайзияда ўтказилаётган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ўз ишини давом эттирмоқда. Бу ҳақда  "Азон" нашри хабар берди.

Конференцияда Қувайт араб очиқ унверситети профессори Муҳаммад Ҳассан Тайён энг нодир қўлёзмаларнинг тадқиқ, таҳқиқ қилиш ва уларни ўрганиш борасидаги тажриба-тавсияларини бериш билан бирга Ибн Сино ва бошқа юртимиздан чиққан алломаларнинг ҳаёти ва илмий  мероси тўғрисида фикрларини билдирди.

Саудиянинг Подшоҳ Малик Абдулазиз университети қўлёзмалар фонди мудири, Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Муниф ўз сўзида: Ўзбекистондан кўпллаб алломалар етишиб чиққанлиги, уларнинг маънавий мероси бугун дунёдаги қўлёзма фондларини олтин хазинасига айланганлигини таъкидлади ва “Араблар доимо илм-маърифатни қўллаб қувватлайди. Зеро, илм-маърифат Маккадан бошланган. Аммо унинг тараққиёти ва тарқалишида ажамларнинг ҳиссаси катта”, – деб таъкидлади. Шунингдек, Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Муниф ИБХИТМи билан илмий-тадқиқот ишларида, маънавий меросимизни тадқиқ этишда амалий ёрдамга тайёр эканлигини билдирди.

Мазкур конференция раиси ва Малайзия ислом илмлари университети профессори Нажм Абдураҳмон ўзининг БАА да 25.000 дан ортиқ қўлёзмалар сақланадиган шахсий кутубхонасида мавжуд асарлар Мовароуннаҳр уламоларининг асарлари қўлёзмалари эканлигини айтиб, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Абдулҳамид Кешийларнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрни ва уларнинг илмий мерослари энг нодир қўлёзмалардан эканини таъкидлади ва: “Мен умримни Имом Бухорий асарларини жамлашга сарфладим. Бир саҳифа маълумот топсам, албатта уни ўз шахсий фондимга киритдим. Муҳаддиснинг ҳаёти ва меросига оид етти мужаллад асар яратдим”, – деди.

Шунингдек, ИБХИТМ вакиллари директор ўринбосари Ш. Умаров “Мовароуннаҳрлик машҳур муҳаддислар ҳаёти ва илмий мероси” мавзусида чиқиш қилди. Маъруза анжуман иштирокчилари томонидан диққат билан тингланди ва мавзуга оид савол-жавоблар бўлиб ўтди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   936   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.