8-август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қорақалпоғистон вакиллиги тизимидаги масжид имом-хатиб ва имом-ноиблари иштирокида семинар бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Э.Турсунов, вазирликнинг 2-даражали юристи И.Алдабергеновлар иштирок этди.
Э.Турсунов 2018 йил 13-апрелдаги 3666 сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорнинг мазмун-моҳияти, диний ташкилотларни қайта руйхатдан ўтказиш бўйича Адлия вазирлиги томонидан амалий ёрдамлар бериш ҳақида тушунчалар берди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида турли конфессияга тегишли диний ташкилотлар фаолият кўрсатиш билан бирга, фуқароларимиз ўз диний амалларни эмин-эркин бажариши, диний ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошириши ва давлат ҳаётида фаол қатнашиши учун барча шароитларнинг яратилганлиги, бу борада ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар туғрисида”ги қонунда белгиланганлиги, диний ташкилот фаолиятини устав асосида амалга ошириш тартиби ҳақида Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси, 2-даражали юрист И.Алдабергенов батафсил айтиб ўтди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди ва муаммоларга аниқлик киритди. Семинарни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов бошқариб борди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти.
Сафар ойида тўй қилса, сафарга чиқса бўлади(ми?)
Сафар ойи қандай ой?
Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича (муҳаррамдан кейинги) йилнинг иккинчи ойидир.
Сафар қандай маънони англатади?
Бу ой мевалар ғарқ пишиб, барглар сарғайган вақтга тўғри келгани учун сафар صفر – “сариқ ой” деб номланган. Агар сафар сўзидаги “сод (ص)” ҳарфи “син (س)” билан ёзилса “сафарга чиқмоқ” деган маънони англатади.
Сафар ойи Исломдан олдинги жоҳилият даврида.
Жоҳилият даврида “Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди, оила қуриб бўлмайди” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирор ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, қайтадан учириб кўришар эди.
Ислом дини келгандан кейин сафар ойи – “Яхшилик ойи” деб номланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ”, дедилар.
Сафар ойи тўғрисидаги турли бидъат-хурофотлар рад этилди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари экани эълон қилинди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойини қандай ўтказганлар?
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги “Масжидун Набавий”масжидларини сафар ойида қурганлар.
2. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар.
3. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар.
Демак, бу ойда янги иш бошлаш, оила қуриш ва сафарга қилиш жоиз экан.
Аммо, ҳозирги кунда...
Афсуски, бугунги кунда ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар тез-тез учраб туради. Уларнинг ҳеч қандай асоси йўқ экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва суннатларидан маълум бўлди.
Энг муҳими – бандага етадиган мусибат бирор ойга боғлиқ бўлмайди. Балки ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан содир бўлади. Тақдирга иймон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билмоғи лозим. Аллоҳ таоло: “(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга иймон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло ақидамизни мустаҳкам, ҳидоятида бардавом қилсин. Сафар ойини барчамиз учун хайрли ва баракали бўлишини насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД