Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Март, 2025   |   10 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:25
Қуёш
06:43
Пешин
12:38
Аср
16:38
Шом
18:27
Хуфтон
19:40
Bismillah
10 Март, 2025, 10 Рамазон, 1446

Ўзбекистонда биринчи Hi-tech усулида қурилаётган масжид

11.09.2020   3386   7 min.
Ўзбекистонда биринчи Hi-tech усулида қурилаётган масжид

Тошкент шаҳрининг “Қатортол-1” маҳалласида хайрли ишга қўл урилди. Бинонинг эскилиги, масжиднинг торлиги, кириб-чиқишдаги ноқулайликлар ва мослаштирилган бинода жойлашгани намозхонларга қийинчиликлар туғдираётган эди. Шу сабабли “Ҳасанхон қори” жоме масжидининг қайта қурилиши бошланди. “Азон.уз” мухбири ушбу қурилиш ҳақида маълумот олиш учун мазкур масжид имом-хатиби Зикрулло Маҳкамов билан суҳбат ўтказди.

Мухбир: – Ассалому алайкум, домла. “Ҳасанхон қори” масжидининг тарихи ва ҳозирги олиб борилаётган қайта қурилиш ишлари ҳақида гапириб берсангиз.

Имом-хатиб: – Ва алайкум ассалом. Келганингиз учун раҳмат, масжидимиз илгари озиқ-овқат дўкони ва унинг омборхонасига мўлжаллаб қурилган эди. Бир неча йил дўкон сифатида ишлаган бинонинг эгаси 1993 йилда буни масжидга эҳсон қилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига берган. Шу тариқа маҳалламиз ўз масжидига эга бўлди.

Мухбир: –  Масжид “Ҳасанхон қори” номи билан аталар экан. Бу киши ким бўлганлар?

Имом-хатиб: – Ўша пайтларда масжидни қандай номлаш ҳақида гап кетганда маҳалланинг қариялари Ҳасанхон қори номларини тавсия қилганлар. Бу киши диний идорани ташкил қилишда жон куйдирган уламоларимиздан эшон Бобохоннинг укалари, муфтий Зиёвуддинхон ҳазратларига амаки бўлганлар. Эски шаҳардаги машҳур “Тўхтабойвачча” (халқ тилида “Чақичмон” (асли Чархчи имом) масжиди аввал мадраса бўлган ва у киши шу ерда дарс бериб, кўплаб шогирдлар етиштириб, миллатимизга, динимизга хизмат қилганлар. Маҳалламиздаги қарияларнинг айримлари ёшликларида Ҳасанхон қорини кўрганликларини айтишади. Ўша кишига ҳавас қилиб масжидга у кишининг номини қўйишга қарор қилинди. Маҳалламизда ўша кишининг авлодлари яшайди.

Мухбир: – Масжидни қайта қуриш ғояси илгари ҳам бормиди?

Имом-хатиб: – Ҳа, кўп йиллардан бери масжидни қайта қуришни ният қилиб юрар эдик. Бино масжидга ўхшамаган, кириш ҳам қибла тарафдан, анча ноқулай эди. Масжидга одам сиғмаганидан кенгайтиришнинг иложини тополмай, ҳатто яқин атрофдан бошқа ер ҳам қидириб кўрдик. Аммо турли сабаблар туфайли бу иш амалга ошмай юрди. Ёнимиздаги тўйхонани сотиб олишга қарор қилдик. Катта маблағни йиғиш осон бўлмади. Азон.уз сайтида Мубашшир домланинг саъй-ҳаракатлари билан эълон чиқарилди, ўша сабабли ҳам анчагина маблағ йиғилиб, ниҳоят тўйхонани сотиб олдик. Орқа томондаги цех сотиб олингандан сўнг ҳам масжид намозхонларга торлик қилар, айниқса жума кунлари қийинчилик туғдирар эди. Илгари жойимиз 10 сотихга етиб-етмас эди, ҳозир 30 сотихга етиб қолди, алҳамдулиллаҳ. Ҳозир масжид лойиҳаси тайёрланган. Жойимизнинг шакли мураккаб, унга одатдагидек тўртбурчак масжид қурилса, анча жой ютқазиб қўйилар экан. Шунинг учун меъморлар масжидни ноанъанавий шаклда қуришга қарор қилишди. Бу Ўзбекистондаги илк хай-тек усулида қурилган масжид бўлади.* Иложи борича ҳар бир метрдан фойдаланишга ҳаракат қилинган. Ҳозир тўйхона ва цех ҳам қўшилиб битта кадастр қилинди. Масжидга кириш жойида таҳоратхона қурилади. Таҳоратхона ҳам илгаригисидан анча катта ва қулай бўлиши кўзда тутилмоқда. Масжид ярим ертўла, биринчи ва иккинчи қаватлардан иборат бўлади. Беш вақт намозлари энг пастки қаватда ўқилади. 

*Хай-тек (инглизча high-tech) – “Юқори технологиялар” деган маънони билдириб, архитектура ва дизайндаги услубдир. Хай-тек 1970-йилларнинг охирларида модернизм негизида пайдо бўлган ва 1980-йилларда кенг қўлланила бошлаган.

Мухбир: – Баъзан масжидларимизда аёллар намоз ўқийдиган жойлар йўқлиги сабабли намозхон аёлларга қийинчилик туғиляпти. Янги масжидда буларга эътибор берилганми?

Имом-хатиб: – Албатта, намоз вақти кириб қолса, аёлларимиз қаерда намоз ўқиши ҳақида шу пайтгача эътибор берилмагани ачинарли ҳол. Шу сабабли қурилажак масжидда алоҳида кириш эшиги, таҳоратхонаси бўлган, 60 ўринли аёллар намозхонаси ҳам бўлади. 

Мухбир: – Ҳозир қурилиш ишлари қайси этапда, қийинчиликлар бўлмаяптими?

Имом-хатиб: – Ҳозир эски масжидни бузиш ишлари деярли охирига етиб қолди. Катта қийинчилик ва маблағ билан ер остидан ўтган канализация ва алоқа линиялари кўчириб четроқ жойга ўтказилди. Ҳозир қурилиш қилинадиган жой тозаланиб, котлован қуришга тайёрланди. Худога шукр, ҳозирча маблағимиз бор. Халқимиз, масжид қуриляпти деб, топганини олиб келяпти. Бундан бой, ўзига тўқ одамлар ҳам, қўли калтароқ кишилар ҳам четда қолишгани йўқ. Бир марта қизиқ воқеа бўлди. Сардор Раҳимхон деган укамизни танийсиз. Ўша биродаримиз бир олти яшар болани олиб келди. Ҳалиги бола отаси берган пулларни йиғиб, 400 минг сўм пул йиғибди. Кейин Сардорга “Бу пулларимни фақат масжид қурилишига сарфлайман, ўшандай жойни топиб беринг” дебди. Болакай жуда теран фикрли, зийрак бола экан. Келиб эҳсонини топширганида кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Сахий болакай қуриладиган масжиднинг лойиҳалари билан ҳам қизиқиб, кўриб кетди. Масжид қураман десангиз, Аллоҳ олти яшар боланинг ҳам қалбига саховат уруғини солиб қўяр экан. Яна бир киши келиб ийманиб турибди. Келинг, деб гапга солдик. У одам “масжидга эҳсон қилишга келгандим, бироқ бой эмасман, олиб келган пулим кўп эмас”, деб пулининг камлигига хижолат бўлаётган экан. Биз унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ким қатот (ерга ин қурадиган қуш) қушининг инича ёки ундан кичикроқ бўлса-да Аллоҳ учун масжид бино қилса, Аллоҳ таоло у учун бир байт(уй)ни бино қилади” деган ҳадисларини айтдик.  Ибн Можа ривояти.

Келган одамнинг юзи ёришиб кетди, қилган ишининг савоб эканлиги, беиз кетмаслигидан қувонди. Дарҳақиқат, савобнинг катта-кичиги бўлмайди, Аллоҳ чин дилдан қилинган эҳсонни қабул қилади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари муфтийлик пайтларида бирор жойга борсалар, одамлар: “масжид қурилишини бошламоқчи эдиг-у, маблағимиз йўқ” дейишса, “сизлар бошлайверинглар, ўзи битиб кетади”, дер эканлар. Мен ҳазратнинг ўша гапларининг исботини олти яшар болада кўрдим.

Мухбир: – Тақсир, масжид қурилиши қачон битиши мўлжалланяпти? Қачон янги масжидда намоз ўқиймиз?

Имом-хатиб: – Ишлар ҳозирги даражада кетса, инша Аллоҳ келаси йилнинг Рамазон ойини янги масжидда ўқиймиз.

Мухбир: – Аллоҳ бошлаган улуғ иш – Ўзининг байтини қуришда сизларга куч-қувват, ғайрат ато этсин. Қурилаётган масжид асрлар бўйи авлодларга Ислом зиёсини тарқатиб, қурганларга, маблағ билан ёрдам берганларга садақайи жория бўлиб қолсин!

Имом-хатиб: – Амийн.

“Азон.уз” мухбири Ёқуб Умар суҳбатлашди.

Асосий хусусиятлари: Бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва лойиҳалашда юқори технологиялар, тўғри чизиқлар ва шакллардан фойдаланиш, шиша, пластмасса, металлнинг кенг қўлланилиши, бинонинг ташқарисида функционал элементлардан фойдаланиш (лифтлар, зинапоялар, шамоллатиш тизимлари ва бошқалар)

 

azon.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рўзанинг мукофотини Аллоҳ беради

21.05.2018   48956   9 min.
Рўзанинг мукофотини Аллоҳ беради

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман” -дейди.

Ҳадиси қудусийнинг мазмун ва моҳиятини тушуниб, англаб етишиш учун ҳадиснинг матни изоҳ ва шарҳларга эҳтиёж сезади.

“Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул Борий”да  Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиси қудусийнинг маъносини ёритиб, ундаги муҳим ўнта асл моҳиятни баён қилади.

  1. Бандаларнинг амаллари ҳаммаси ёлғиз Аллоҳ таоло учун бўлишлиги таъкидланган бўлсада, амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосланишининг сабаби, рўза ибодатига риё (хўжакўрсинлик) аралашмайди. Рўза ўзини тийишдан иборат ботиний амал бўлгани учун риё аралаштиришни имкони ҳам бўлмайди. Рўзадан бошқа ибодатлар зоҳирий амал бўлгани учун риё аралашиш хавф-хатари доим бўлади. Ибодатларга риё аралашса, фақат Аллоҳ таоло учун эканлиги қолмайди.

Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ فِي الصِّيَامِ رِيَاءٌ" رواه البيهقي

 Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзада риё бўлмайди” – дедилар. Имом Байҳақий ривоят қилган.

Рўза банда билан Роббиси орасидаги сиррий амал бўлиб, ўзига хос ибодатдир. Рўзадан бошқа ҳамма амалларда бирон бир амални бажараётган шахс, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, эътиборини жалб қилишни истаб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосламоқда.

  1. Бандаларнинг ҳамма амалларига мукофотни ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи бериши ва ундан бошқа мукофот берувчи йўқ эканлиги аниқ бўлсада, “...унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман...” –деб хосланишининг сабаби рўзанинг мукофотини ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Рўзанинг мукофоти, ажри ва савоби ҳеч кимга ошкор қилинмаган, рўзадан бошқа амалларнинг мукофоти миқдори баъзи инсонларга ошкор қилинган ва ҳадисларда зикр қилинган.

Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ"مَا مِنْ حَسَنَةٍ عَمِلَهَا ابْنُ آدَمَ إِلَّا كُتِبَ لَهُ عَشْرُ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِلَّا الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي "

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи қилган яхши амалларининг савоби ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилади. Аллоҳ таоло: “Фақат рўза ундан мустасно. (яъни, рўзанинг савоби беҳисоб берилади)Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман. У (одам боласи)рўзада шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур” – дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.

Рўзанинг савоби беҳисоб эканига қуйдаги ояти карима ҳам далил бўлади.

قال الله تعالى: إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ

Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофатлари беҳисоб берилур (Зумар, 10-оят).

Рўза сабр билан сайқал топадиган ибодат. Рўзадор киши нафсининг хоҳиш- истакларини сабр билан тўхтатади. Сабр қилувчининг мукофоти ояти каримада айтилганидек беҳисоб берилади.

  1. Ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” - деб хосланиши: “Рўза мен учун ибодатларнинг энг яхшиси. Менинг ҳузуримда у бошқа ибодатлардан устун ва муқаддам ибодат” – деган маънони ҳам ифодалайди.

Ибн Абду Бирр раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” дейилиши рўза ибодатининг фазилатига кифоя қилади –дейдилар. Гўёки, бу ибодатнинг фазилати борасида ортиқча таърифга зарурат йўқ.

Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ ينفعني الله به قَالَ عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَا مِثْلَ لَهُ رواه النسائي

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У зот: “Эй, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло у туфайли менга манфаат берадиган амалнинг хабарини беринг” –дедим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  “Рўзани ўзинга лозим тутгин! Чунки, рўзага баробар келадиган амал йўқ” – дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.

  1. 4. “...фақат рўза Мен учундир...” – деб Аллоҳ таоло рўзани ўзига нисбат беришида уни улуғлаш, қадрини юксалтириш бор. Бу эса ҳамма мулк Аллоҳники бўлсада, каъбани “Байтуллоҳ” деб Аллоҳ таолога нисбат беришга ўхшашдир.

Зайн ибн Мунир раҳматуллоҳ алайҳ: “Умумий ўринда бир нарсанинг хосланиши фақатгина ўша нарсани улуғлаш учун бўлади” –дейдилар.

  1. Аллоҳ таолонинг инсон табиатидан фарқли ўлароқ сув, таом ва бошқа нарсалардан беҳожат экани унинг ўзига хос сифатидир. Рўза тутган инсон Аллоҳ таолонинг сифатига мувофиқ, ўзини емоқ, ичмоқ ва бошқа нарсалардан беҳожат билиб Аллоҳ таолога ибодат қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “...фақат рўза Мен учундир...” дейди.

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “...фақат рўза Мен учундир...” ҳадисининг маъноси: “Бандаларнинг амаллари ўзларининг ҳолларига муносибдир. Фақат рўза, Ҳақ таолонинг сифатларидан бир сифатга муносибдир.   Аллоҳ таоло  “...фақат рўза Мен учундир...” дейиш билан гўёки, “Рўзадор менинг сифатларимдан бирга эга бўлиб, менга яқинлашмоқда” -демоқчи.

  1. Нафс истаклари емоқ, ичмоқ ва роҳатланмоқ каби хусусиятлардан беҳожат бўлиши нафақат Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири балки, у фаришталарнинг ҳам сифатларидан ҳисобланади. Шу маънода инсон рўзани гўёки фаришталар сифати билан адо этади.
  2. Рўза холис Аллоҳ таоло учундир, унда инсон нафси учун улуш, насиба йўқ. Рўзадан бошқа иодатларда эса нафсга улуш, насиба  бўлади.
  3. “...фақат рўза Мен учундир...” – деб хосланишининг яна бир маъноси рўза ибодати Аллоҳ таолодан ўзга илоҳлар учун бажарилмади. Намоз, садақа, тавоф ва бошқа ибодатлар турли бут санамлар учун қилинди. Рўза эса фақат Аллоҳ таоло учун бажарилди.
  4. “...фақат рўза Мен учундир...” – деб хосланишининг яна бир маъноси тўғрисида Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Қиёмат кунида бандалар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ўзаро ҳукм қилинади. Рўзадан бошқа ибодатлар бандаларнинг ўзаро турли зулмлари сабаб бир-бирлардан олиб берилади. Фақат рўзанинг ажру савоби сақланиб қолинади. Охир оқибат рўзанинг мукофати жаннат бўлади” -дейди.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ  صلى الله عليه وسلم  يَقُولُ: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ الْعَمَلِ كَفَّارَةٌ، إِلاَّ الصَّوْمَ، وَالصَّوْمُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ. رواه احمد

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади:  ҳамма амал каффоротдир. Фақат рўза мустаснодир. Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман.” – дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.

Рўзадан бошқа солиҳ амаллар қиёмат кунида инсоннинг дунёда қилган хато ва камчиликларни каффорот бўлиши учун хизмат қилиш эҳтимоли бўлади. Фақат рўза ибодати сақланиб қоладиди. Рўзанинг ажру савоби хато ва камчиликларни каффароти учун беҳуда кетмайди.

  1. Рўза ботиний амал бўлгани учун ошкор бўлмайди, фаришталар уни қайд қилмайди. Агар ошкор бўлганда фаришталар бошқа амалларни ёзганидек рўзани ҳам ёзар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло “фақат рўза Мен учундир” -дейди.

Бу фикрни айтувчи Ибн Арабий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қудусийни далил қилиб келтиради. Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло айтади: “Ихлос сирларимдан бир сирдир. Уни яхши кўрган бандаларимнинг қалбига соламан. Ундан фаришта ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, уни ёзар эди. Шайтон  ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, у фасод қилар эди”-дейди.

Рўза ҳам ихлос каби сиррий ибодат. Ибодатлардаги ихлосни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмагани каби, рўзани ҳам  ҳеч ким билмайди.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкурларни зикр қилиб, буларнинг ичида биринчи, иккинчи, саккизинчи ва тўққизинчиси бошқаларга нисбат эътиборли ва ёрқинроқ эканлигини қайд қиладилар.

 

Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Рамазон