Қирғизистон мусулмонлари муфтийсининг жанубий минтақаси бўйича маслаҳатчиси Арзикулов Муҳаммаднаби ҳожининг таклифига биноан жорий йилнинг 4 декабрь куни ЎМИ Фарғона вилояти вакили Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вакил ўринбосари Алишер ҳожи Наимов, Риштон тумани бош имом-хатиби Муҳаммаднаби Орипов ҳамда Қўштепа тумани “Ғиштмон” масжиди имом-хатиби Алимбек Илёсовлар Баткен вилояти Қадамжой туманига ташриф буюрдилар.
Меҳмонларни Қирғизистон мусулмонлари муфтийсининг жанубий минтақаси бўйича маслаҳатчиси Арзикулов Муҳаммаднаби бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олишди.
Сафар давомида ЎМИ Фарғона вилояти вакили У.Абдуллаев ҳамда вакил ўринбосари А.Наимовлар Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғидаги “Тифла Аҳмад Ал-Гасимий” масжидида жума намозида иштирок этиб, “Ислом динида қўшничилик муносабатлари” мавзусида маъруза қилдилар.
Шунингдек, Риштон тумани бош имом-хатиби М.Орипов ҳамда Қўштепа тумани “Ғиштмон” масжиди имом-хатиби А.Илёсовлар Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғидаги “Ал-Атидий” масжидида жума намозида иштирок этдилар.
Икки қардош юрт уламолари ўртасида ўтказилган мулоқотда халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари йилдан-йилга ривож топиб бораётгани, муборак динимизда қўшничилик ришталарига алоҳида эътибор берилгани, қолаверса сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг кўплаб масалаларда ҳамфикрлиги, интилишларининг муштараклиги туфайли барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД