Жорий йил 8-феврал куни билим юртида ўқитувчи ва талабалар иштирокида ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев билан “Дин ниқобидаги экстремизм - ёшларнинг келажаги учун таҳдид” мавзусида очиқ мулоқот тарзида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида билим юрти мудири А.Бобамирзаев иштирокчиларга бугунги тадбир мавзуси, аҳамиятига тўхталиб, сўз навбатини Ў.Ҳасанбоевга берди.
Ў.Ҳасанбоев ўз сўзида кейинги пайтда юртимизда ёшларга бўлган эътиборнинг орттирилгани, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда долзарб вазифаларга алоҳида тўхталиб бевосита мавзу юзасидан маълумотлар тақдим этиб ўтди.
Ҳусусан, Ўзбекистон азалдан кўп миллатли ва турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаб келган юрт экани, аждодларимиз ҳар доим шу юртда бирга яшаган бошқа дин вакилларига ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишгани, уларнинг Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда ўз аксини топиб келаётгани ҳақида тўхталди.
Айни дамда оммавий ахборот воситаларида Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечираётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетгани, уларга ўз навбатида муносиб раддиялар бериб бориш лозимлиги такидланди.
Мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - мусулмонлар учун ўта аҳамиятли бўлган нозик тушунчалар – “кофирга чиқариш”, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, кабиларни бузиб талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва ўз яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кечаётган Сурия ва Ироқ каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат экани, диний соҳа вакиллари бундай бузуқ талқинларга ёш авлодлар алданиб қолмаслиги учун тинимсиз меҳнат қилишлари шарт экани таъкидлаб ўтилди.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”, дея кўп таъкидлашлари бежизга эмаслиги, бунинг замирини чуқур англаб етиш кераклиги тавсия этилди.
Шундай вазиятда диний таълим муассасалари талабалари, имом-хатибларнинг хизматлари беқиёс. Чунончи, улар юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар моҳиятини алоҳида, хусусан, билиб-билмай адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшларга аниқ мисоллар асосида тушунтириб бериши лозим.
Дўстона ва очиқ мулоқот тарзида кечган йиғилишда талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Ташкил этилган очиқ мулоқот ва самимий суҳбатдан иштирокчилар ўзларига кўплаб ижобий таассуротлар олдилар.
Учрашув самимий, сиёсий ҳамда кўтаринки руҳда ўтди.
Абдулносир Бобамирзаев
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти матбуот котиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати