Ўзбекистон Транспорт вазирлигида БАА авиация маъмурияти вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, учрашувда икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Парвозлар частотасини кўпайтириш, янги йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш хусусида фикр алмашилди.
Икки мамлакат авиация маъмурияти вакиллари маслаҳатлашувлар якунлари бўйича қуйидаги келишувларга эришди:
- «Fly Dubai» авиакомпанияси Дубай – Тошкент – Дубай йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 5 тадан 6 та рейсга оширади;
- «Air Arabia PJSC» авиакомпанияси Шаржа – Тошкент – Шаржа йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 2 тадан 3 та рейсга кўпайтиради;
- «Air Arabia Abu Dhabi» авиакомпанияси эса Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 2 тадан 4 та рейсга қадар кўпайтиради.
Шунингдек, «Wizz Air Abu Dhabi» авиакомпаниясига Бухоро ва Урганч шаҳарларига парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Учрашув якунида томонлар келгусида конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш борасида келишиб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 8 январь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати